Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Ўзмиллийбанк» жонбозлиги билан янгича кўрк олган сарой

«Ўзмиллийбанк» жонбозлиги билан янгича кўрк олган сарой

Хиванинг дунёга машҳур Ичанқалъа мажмуаси неча асрки сайёҳларни ўзига оҳанрабодек тортиб келади. Қалъадан кунботиш томонга беш юз қадамча юрсангиз «Нуруллабой» саройига борасиз.

«Нуруллабой» саройи.

1893-1904 йилларда Хива хони Муҳаммад Раҳимхон Соний фармони билан қурилган бу меъморий обида Дишанқалъа ҳудудида бўлиб, ўз вақтида хонлар учун ёзги қароргоҳ вазифасини ўтаган. Шарқ ва Ғарб меъморчилиги асосида қурилган саройга ёндош жойда чет эллик меҳмонларни қабул қилиш учун алоҳида қароргоҳ бўлган. Баланд эшик ва деразалар Хива яқинидаги Оқмачит қишлоғида яшаган немислар томонидан ясалган. Яна ўша давр учун янгилик тарзида голланд русумидаги печлар ҳам қурилган.

Обида вақт келиб тарихий вазифасидан айро тушиш асносида меъморий кўркини йўқотиш даражасига борган эди. Мажмуа давлат рахбарининг 2017 йилдаги ташаббусига асосан Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки маблағлари ҳисобидан тўла қайта таъмирланди. Президентнинг туризмни янада ривожлантириш борасидаги қарорлари ва 2017 йил 17 ноябрдаги «Ҳунармандчиликни янада ривожлантириш ва ҳунармандларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони ижросини таъминлаш мақсадида саройда халқ ҳунармандлиги намуналари кўргазмасини ташкил этилди. Асрни қаритган меъморий обида аслиятни сақлаган ҳолда тамомила янгиланган ва яна кўплаб асрларни, авлодларимиз ва сайёҳларни ўз кўриниши, салобати билан ҳайратга соладиган кошонага айланди.

Сарой кўп хонали. Айни пайтда хоналари кенг – ўзига хос меъморий бичимга эга. Айнан мана шу сифатлари боис саройда тасвирий санъат ва миллий ҳунармандлик кўргазмалари очилди.

 

Раҳима АЗИМХЎЖАЕВА,
Ўзбекистон Тасвирий санъат галерияси бош мутахассиси:

— Нуруллабой саройи ҳар қандай кўргазмалар учун ўзига хос ажойиб маскан. Галерия фондидан ташкил этиладиган ва доимий равишда янгиланиб туриладиган экспозициялар маҳаллий томошабинлар ва хорижлик сайёҳларни Миллий банкимизнинг бой тўплами билан таништиришда жуда катта имкондир. Аъло даражада жиҳозланган катта бадиий галерияда фондимиз ихтиёридаги қирқдан ошиқ асарлар тўплами намойиш қилиняпти.

Худойберган Девонов галереяси. 

Биринчи ўзбек суратчиси ва кинооператори Худойберган Девонов Хивада туғилган ва умри шу ерда кечиб, ўзидан жуда катта миллий бойлик қолдирган. Нуруллабой саройида илк ўзбек фото ва кинооператори Худойберди Девонов ижоди ва фаолиятига бағишланган фотогалерия ҳам иш бошлаган. Галерияда ўтган аср бошлари ва учинчи ўн йиллигача бўлган даврда Хоразмнинг тарихи, одамлари, анъаналари, урф-одатлари акс этган ноёб суратлар намойиш қилиняпти.

 

Муқаддам Ўзбекистоннинг биринчи фотографи ва киночисининг фонди Ичанқалъадаги кичкина бир бинонинг торгина икки хонасида жойлашган эди.

«Нуруллабой» мадрасаси.
«Нуруллабой» мадрасасининг ички кўриниши.

Жаҳонгир ТЕМИРХЎЖАЕВ,
тарих фанлари бўйича фалсафа доктори:

— Миллий банк томонидан Нуруллабой мажмуасида ташкил қилинган қабуллар уйи, амфитеатр билан бир қаторда фаолият бошлаган халқ ҳунармандлиги устахоналари кўп асрлик тарихимиз гувоҳи бўлган осори-атиқаларни асраш билан бир қаторда, аждодларимиз санъат даражасига кўтарган ҳунармандликка ёшларни қизиқтириш, ўргатиш, анъаналар бардавомлигини сақлашга хизмат қилади.

Иброҳим Хўжа уйи.

Илгари Ичанқалъадаги кўкка бўй чўзган Исломхўжа минораси шаҳарнинг ўзига хос рамзи саналарди. Бугун бу рамз ёнига Нуруллабой мажмуаси ҳам қўшилди ва бу атама дунёнинг барча тилларида талаффуз қилиниб, ўзига хос тарғибот воситасига айланди. Нуруллабой саройи орқали қадим Хива яна бир битмас-туганмас миллий бойлик эгасига айланди.

Ҳали юртимизда бундай «очилмаган қўриқ»лар қанча? Уларни очаётган ва иккинчи умр бахшида қилишда ўз молиявий кўмагини аямаган «Ўзмиллийбанк»нинг сайи-ҳаракатлари таҳсинга лойиқ.

Рўзимбой ҲАСАН

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг