“Ўзмиллийбанк” АЖ 9 ойда хизматлар соҳасидаги 3 154 та лойиҳа учун 9,5 трлн. сўм банк кредитлари ажратди
“Ўзмиллийбанк” АЖ томонидан жорий йилнинг 9 ойида хизматлар соҳасидаги 3 154 та лойиҳани молиялаштириш учун 9,5 трлн. сўм банк кредитлари ажратилди.
Хизмат кўрсатиш соҳаси инсонларга муносиб шароит яратиб бериш билан бирга мамлакат ялпи ички маҳсулотида ҳамда аҳолини иш билан таъминлашда ўзининг сезиларли ўрнига эга бўлиб бормоқда, унинг тармоқлари ва кўлами жуда кенг.
Олиб борилаётган иқтисодий тараққиётнинг янги босқичида хизматлар соҳасини ривожлантиришга алоҳида эътибор бериляпти. Мазкур масала ҳамиша Давлатимиз Раҳбарининг алоҳида эътиборида бўлиб, уни хар томонлама қўллаб-қувватлаш учун барча чоралар кўрилмоқда.
Янги Ўзбекистоннинг иқтисодий ривожланиш босқичида хизматлар соҳасини жадал ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда ва соҳада ривожланишлар сезилмоқда.
Амалиёт шуни кўрсатмоқдаки, хизматлар соҳасида янги иш ўрнини яратиш нисбатан кам харажатли ва қисқа муддатда амалга оширилади.
Бундан ташқари, мамлакатда меҳнат унумдорлиги ва инсон капиталини ошириш (таълим, алоқа, соғлиқни сақлаш), халқаро савдони кенгайтириш имкониятлари ҳам хизматлар соҳасининг ривожини талаб қилади.
Мамлакатимизда ялпи ички маҳсулотнинг 40 фоизи ва умумий корхоналарнинг 60 фоизи хизматлар соҳасига тўғри келади.
Республикада жами банд аҳолининг 50 фоиздан ортиғи хизматлар соҳасининг улгуржи ва чакана савдо (10,6 фоиз), таълим (8,4 фоиз), транспорт (4,8 фоиз), соғлиқни сақлаш ва ижтимоий хизматлар (4,6 фоиз) йўналишларида фаолият юритиб келмоқда.
Хизматлар соҳасида олиб борилган амалий чора-тадбирлар эвазига 2021 йилда хизматлар кўрсатиш ҳажми 283 триллион сўмга ва аҳоли жон бошига кўрсатилган хизматлар ҳажми эса 8 миллион сўмга етказилди.
Республикамизда 2021 йилда 38 мингта янги хизмат кўрсатиш йўналишидаги корхона ва ташкилотлар ташкил этилиб, уларнинг умумий сони 348 мингтага етказилди ҳамда соҳада жами 468 мингта янги иш ўринлари яратилди.
Ўз навбатида, 2021 йилда тижорат банклари томонидан хизматлар соҳасидаги 33 мингта лойиҳаларни молиявий қўллаб-қувватлаш мақсадида жами 22 триллион сўм кредит маблағлари ажратилди.
Давлатимиз Раҳбари томонидан берилган топшириққа асосан, “Ўзмиллийбанк” АЖ қошида “Хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантириш Маркази” ҳамда банкнинг ҳудудий филиалларида “Лойиҳа офислари” ташкил этилди.
Ушбу Марказ томонидан хизматлар соҳасининг асосий 60 та йўналиши бўйича намунавий бизнес-режалар қўлланма-китобча кўринишида тайёрланди ҳамда ҳудудларга тадбиркорлар фойдаланишлари учун етказиб берилди.
Шу билан бир қаторда, “online-mahalla.uz” онлайн маҳалла платформасида аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига даромадли хизмат турини танлаш мақсадида 60 турдаги тайёр бизнес ғоялар ва лойиҳа таклифлари асосида хизмат кўрсатишни йўлга қўйиш бўйича қўлланмалар, хизматлар соҳасига берилган имтиёзлар ва қулайликлар бўйича маълумотлар жойлаштирилди.
Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги 18 та ҳудудий “Ишга марҳамат” мономарказларда 25 дан ортиқ хизмат кўрсатиш йўналишида тадбиркорларни касбга ўқитиш мақсадида ўқув курслари ташкил этилди.
Жорий йилнинг 9 ойида Мономарказларда Ўзмиллийбанк Маркази кўмагида жами 42,2 минг нафар фуқаролар хизмат кўрсатишнинг маиший техникаларни таъмирлаш, сартарошлик, стилист, косметолог, тикувчилик, ошпазлик, қандолатчилик, ландшафт дизайни, компьютер саводхонлиги, дастурлаш ҳамда бошқа йўналишлар бўйича тадбиркорликка ҳамда касб-хунарга ўқитиш учун йўналтирилди.
Бугунги кунда, мазкур Мономарказларда 10,5 минг нафар фуқоролар хизмат кўрсатиш ва сервис йўналишида табдиркорлик ва касб-ҳунарга ўқитилмоқда.
Президентимиз ташаббуслари билан, ушбу соҳани ривожлантириш истиқболлари юзасидан, 2022 йил 27 январда қабул қилинган “Хизматлар соҳасини ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-104-сонли қарорида хизмат кўрсатиш соҳасини янги босқичга кўтаришнинг барча ташкилий-амалий механизмлари ҳамда истиқболли параметрлари белгилаб берилди.
Жумладан, 2022-2023 йилларда соҳада кўрсатилаётган бозор хизматлари ҳажмини 2 баробарга ошириш, янги хўжалик субъектлари сонини 500 мингтага етказиш ҳамда аҳоли жон бошига хизматлар ҳажмини 12 миллион сўмга етказиш
чора-тадбирлари ишлаб чиқилди.
Мазкур қарорга мувофиқ, амалга оширилган ишлар натижасида хизмат кўрсатиш ҳажми 2022 йил 1 октябрь ҳолатига 253,8 триллион сўмга етказилди. Бу эса ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 49 триллион сўмга кўпдир.
Иқтисодиётнинг муҳим қисми саналган хизматлар соҳасини молиявий қўллаб-қувватлаш мақсадида жорий йилнинг ўтган 9 ойи давомида 49 954 та лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида тижорат банклари билан ҳамкорликда 37,3 трлн. сўм кредит маблағлари ажратилиб, уларнинг хажми ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 2 баробарга ортди.
Таъкидлаш жоизки, бугунги кунда хизматлар соҳасини ривожлантириш мақсадида республикамизда жами ажратилган кредит хажмининг 25,5 фоизи “Ўзмиллийбанк” АЖнинг улишига тўғри келмоқда. Жумладан, жорий йилнинг ўтган 9 ойи давомида хизматлар соҳсида “Ўзмиллийбанк” АЖ томонидан 3 154 та лойиҳага 9,5 трлн. сўм кредит ажратилди.
Шу жумладан, Олмазор туманида “NEW LIFE MEDICAL” хусусий корхонасига тегишли умумий қиймати 122 миллиард сўм бўлган замонавий кўп тармоқли тиббиёт клиникаси ташкил этиш лойиҳаси учун “Ўзмиллийбанк” АЖ томонидан 84 миллиард сўм кредит маблағи ажратилди.
“NEW LIFE MEDICAL” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Улуғбек Фарходжонович Шамшиевнинг айтишича:
- Мазкур “Ядро тиббиёт маркази” бугунги кунда онкологик касалликларнинг эрта диагностикаси яъни уларни биринчи ва иккинчи босқичда аниқлаш, беморларни тиббий кўрикдан ўтказиш, даволаш ва онкологик касалликлар профилактикаси бўйича хизмат кўрсатувчи Марказий Осиёдаги энг камёб тиббий муассасалардан бири ҳисобланади.
- Жамиятимизга фаолиятини янада кенгайтириш мақсадида “Ўзмилйбанк” АЖ томонидан ўз вақтида амалий ёрдам берилди. Жумладан, клиникамизнинг “Радиохирургия маркази қурилиши лойиҳаси” учун банк томонидан тегишли тартибда ва етарли миқдорда кредит маблағлари ажратилди. Ушбу муассасамиз иш бошлаши эвазига 450 нафар янги иш ўрнилари яратилиши белгиланган.
Бугунги кунда Республикада ижтимоий соҳани ривожлантиришга йўналтирилган тизимни изчил ошириб бориш, аҳолининг ижтимоий ҳимояси ва соғлиқни сақлаш тизимини такомиллаштириш, айниқса хотин-қизларнинг соғлигини асрашга алоҳида эътиборни янада қўллаб-қувватлаётганлиги муносабати билан бизнинг жамиятимиз “Ўзмиллийбанк” АЖга ўз ташаккурини изҳор этади.
Шеробод туманида “SHERABOD KO'P TARMOQLI SAVDO KOMPLEKS” масъулияти чекланган жамиятининг 44,6 миллиард сўмлик замонавий савдо комплексини ташкил этиш лойиҳаси учун 10 миллиард сўм кредит маблағи ажратилди.
“SHERABOD KO'P TARMOQLI SAVDO KOMPLEKS” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Алиқулов Тохир Алланазаровичнинг маълум қилишича:
- “Бугунги кунда аҳолига қулай шарт шароитлар яратиш борасида жойларда савдо ва кўнгилочар марказларни ташкил этиш учун жорий қилинган имтиёзлар хизмат кўрсатиш соҳасини ривожланишида улкан имкониятлар яратмоқда.
- Шеробод туманимизда аҳолига хар хил турдаги кўнгилочар ва савдо маркаларини барпо этиш мақсадида, жами қиймати 44,6 млрд. сўм бўлган лойиҳани амалга ошириш учун “Ўзмиллийбанк” АЖнинг 10 млрд. сўм кредит маблағидан фойдаланмоқдамиз.
- Мазкур хизмат кўрсатиш мазкази ўз ичига савдо дўконлари, болалар ўйингоҳи, бинонинг том қисмида кофетерийлар ҳамда автотураргоҳларни мужассам қилган ҳамда мазказнинг ишга туширилиши эвазига 200 нафар фуқароларнинг бандлиги таъминланади.”
Бухоро шаҳрида аҳоли соғлом турмуш тарзини яхшилаш мақсадида “CITY SPORT BUKHARA” масъулияти чекланган жамияти томонидан жами лойиҳа қиймати 16,9 млрд. сўм бўлган спорт мажмуаси ташкил этиш учун 10,0 млрд. сўм кредит маблағи ажратилди.
“CITY SPORT BUKHARA” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Қараев Азиз Сирожевич шундай дейди:
- “Муҳтарам Президентимиз томонларидан аҳоли турмуш тарзини яхшилаш ҳамда жойларда хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантириш мақсадид биз тадбиркорларга катта имкониятлар яратилиб берилмоқда.
- Қадимий Бухоро шаҳримизда, “CITY SPORT BUKHARA” масъулияти чекланган жамияти негизида аҳолининг соғлом турмуш тарзини яхшилаш мақсадида, ушбу лойиҳага қўл урдик ва буни Ўзмиллийбанк билан бирга амалга оширдик.
- Ушбу лойиҳага 16,9 млрд.сўмлик маблағлар сарфланиб, унинг 10 млрд.сўми банкнинг кредит маблағи ҳисобидан амалга оширилди.
- Ҳозирда ушбу соғломлаштириш марказимизда ёпиқ сузиш ҳавзаси, таэквондо, фитнес, тренажор, шахмат ва шашка клублари, фаст-фуд, турк ҳаммоми ҳамда туз ғори каби фаолият турлари мавжуд бўлиб, 31 нафар фуқароларнинг бандлиги таъминланган.
- Малакали спорт мураббийлари кўмаги асосида ўртача бир кунда 150 нафардан ортиқ спортчиларимиз шуғулланишмоқда. Бундан ташқари 200 га яқин фуқаролар ҳам спорт турлари билан шуғулланиш мақсадида ташриф буюришади. Ҳаттоки улар орасида қарияларнинг ҳам борлиги бизни жуда қувонтирмоқда.”
Хизмат соҳасида амалга оширилган ишлар натижасида жорий йилнинг 9 ойида республикамизда жами 68,3 мингта янги савдо ва хизмат кўрсатиш объектлари ишга туширилди, жумладан 6,9 мингтаси савдо ва хизмат кўрсатиш марказий кўчаларида, 2,3 мингтаси махаллалараро савдо ва сервис кўчаларида хамда 749 таси автомобиль йўлларида фаолият юритмоқда.
Шунингдек, хизматлар соҳасида йил бошидан 31 мингта янги тадбиркорлик субъектлари ташкил этилиб, 2022 йил 1 ноябрь ҳолатига соҳадаги корхона ва ташкилотлар сони 383 мингтага етди.
Хизматлар соҳасини ривожлантириш борасидаги ишлар келгусида ҳам яна давом эттирилади ва бу соҳадаги корхоналарни замонавий кўринишга келтириш, уларни ҳудудларнинг ихтисослашуви (драйвери)дан келиб чиқиб жойлаштириш, хорижий тажрибалар асосида жорий этиш каби тизимли ислоҳотлар жадал олиб борилади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter