Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Ўзмиллийбанк» АЖ да Ўзбекистон Республикаси Конституциясига киритилаётган ўзгартиришлар муҳокама қилинди

«Ўзмиллийбанк» АЖ да Ўзбекистон Республикаси Конституциясига киритилаётган ўзгартиришлар муҳокама қилинди

Мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар халқимиз фаровонлигини таъминлаш, Ватанимизнинг халқаро нуфузини янада оширишга қаратилгандир. Жамиятимизнинг сиёсий, иқтисодий-ижтимоий ва маданий ҳаётида кун сайин ижобий ўзгаришлар амалга оширилмоқда.

Бу эса Бош қомусимизда «Янги Ўзбекистон - ижтимоий давлат» тамойилларини янада мустаҳкамлаш, ислоҳотлар жараёнида инсон манфаати бош мезон бўлишини таъминлаш, хусусий мулк дахлсизлигини, ерга эгалик қилиш ҳуқуқини, фуқаролик жамияти институтларининг ўрнини конституциявий даражага кўтариш, давлат ҳокимияти асосларини такомиллаштириш долзарблигини кўрсатмоқда.



Бугунги кунда юртдошларимиз томонидан амалдаги Конституцияни янада такомиллаштириш, асосий қонунимизга бугунги ҳаёт талабларига мос ҳолда қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш бўйича кўплаб таклиф ва мулоҳазалар билдирилди.

Бу борада мамлакатимиз парламенти ҳаётида конституциявий-ҳуқуқий асосларнинг барқарор ривожланиши ва мустаҳкамланиши, янги Ўзбекистонни бунёд этиш, Учинчи Ренессанс асосларини шакллантиришга қаратилган кенг кўламли ва шиддатли демократик ислоҳотлар учун муҳим ҳодиса – «Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий қонуни лойиҳаси умумхалқ муҳокамасига қўйилди.

Жумладан, куни кеча Ўзбекистон Республикаси Конституциясига киритиладиган ўзгартишлар бўйича, муҳокама-муносабат тадбирларидан бири «Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки» АЖ Бош офиси, ҳудудий филиаллар ходимлари иштирокида бўлиб ўтди.

Тадбирда иштирок этган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раисининг биринчи ўринбосари С. Сафоев ҳамда Конституциявий комиссия аъзоси Г. Исмаилова томонидан Конституциямизга киритилиши кутилаётган ўзгартиришлар батафсил таҳлил қилиб берилди. Конституциявий комиссия томонидан аҳоли фикр ва мулоҳазаларини қабул қилиш ишлари тизимли йўлга қўйилганлиги қайд этилиб, Конституциявий ислоҳотларда нафақат олимлар, ҳуқуқшунослар, мутахассислар, балки фуқароларнинг ўзи ҳам бевосита иштирок этиши таъминланганлиги таъкидлиб ўтилди. 

Баҳс ва мунозараларга бой ўтган тадбирда, Конституцияга киритилаётган ўзгартиришлар фуқароларнинг иқтисодий ҳуқуқларини, хусусий мулкчиликни, иқтисодий фаолиятнинг эркинлигини ҳимоя қилишга қаратилганлигига алоҳида эътибор берилди. Тадбир қатнашчилари томонидан:

- давлат томонидан тадбиркорликни ривожлантириш учун қулай ишбилармонлик ва инвестициявий муҳит, шарт-шароитлар яратилиши, иқтисодий фаолиятда инсофсиз рақобатга, монополлаштиришга йўл қўйилмаслиги;
- товарлар, хизматлар, ишчи кучи ва молиявий маблағларнинг эркин ҳаракатланиши кафолатланиши;
- ер қонунда назарда тутилган шартлар асосида ва тартибда хусусий мулк бўлиши мумкинлиги;
- давлат бюджетини шакллантириш ҳамда ижро этиш тартиб-таомиллари очиқлилиги, унинг устидан жамоатчилик назорати амалга оширилиши бўйича киритилаётган ўзгартиришлар мамлактимизда тадбиркорлик фаолиятини янада ривожлантириш учун қўйилган муҳим қадам сифатида баҳоланди.

Видеоалоқа воситалари орқали уланган «Ўзмиллийбанк» АЖнинг ҳудудий филиаллари ходимлари Қонун лойиҳаси билан танишиб чиқиб, маълум моддалар, жумладан, Конституциямизнинг 40 моддасида соғлиқни сақлашга оид қўшилаётган нормалар қаторидаги «Давлат Оролбўйи минтақасининг экологик тизимини ҳимоя қилиш ва тиклаш, уни ижтимоий, иқтисодий жиҳатдан барқарор ривожлантириш бўйича зарур чоралар кўриши» ҳақида батафсил маълумотга эга бўлиш истагини билдирдилар.

Шунингдек, тадбир иштирокчилари томонидан жамиятимизда гендер тенгилигини таъминлаш, ёш авлод таълим-тарбияси бўйича қўшимча чора-тадбирлар, тадбиркорларга яратилиши кутилаётган имконият ва имтиёзлар, фундаментал ҳуқуқ ва эркинликлари, малакали тиббий хизмат, сифатли таълим, кучли ва манзилли ижтимоий ҳимоя, муносиб турмуш шароити ва замонавий инфратузилмани таъминлаш юзасидан Бош Қомусимизга киритилиши кутилаётган ўзгартишлар борасида берилган саволлари бўйича ҳам батафсил маълумотга эга бўлдилар.

Зеро, Коституциявий тузатишлар, авваламбор, жамиятнинг турли ижтимоий қатламларига мансуб бўлган фуқароларнинг шахсий, ижтимоий, иқтисодий, сиёсий, маданий ва экологик ҳуқуқлари ҳамда манфаатларини таъминлашга, ҳимоя қилишга қаратилган тўғридан-тўғри ишлайдиган нормаларга айланади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг