O‘zLiDeP фракцияси раҳбари А.Хаитов халқ ичида юриб сайловчилар билан мулоқот қилди
O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси раҳбари А.Хаитов халқ билан мулоқот қилиш, одамларнинг ичига кириш, уларнинг дарду ташвишларини ўрганиш мақсадида Қашқадарё вилоятига борди.
Партия етакчиси вилоятдаги учрашувини Шаҳрисабз касб-ҳунарга ўқитиш марказидан бошлаб, ушбу марказда тикувчилик, компъютер саводхонлиги, чилангарлик, ип йигирув йўналишларида таҳсил олаётган хотин-қизлар билан мулоқот қилди. Президентимизнинг парламентга йўллаган Мурожаатномаси мазмун-моҳияти ва аҳамияти ҳақида тўхталиб ўтди.
“Президентимизнинг Олий Мажлисга йўллаган бу галги Мурожаатномаси том маънода мамлакатимизни янада юксалтириш, тараққиётини таъминлашга қаратилди. Нега десангиз Мурожаатномада таълим-тарбияни замон талаблари даражасига кўтариш заруратидан аҳоли турмуш даражасини юксалтиришгача аниқ вазифалар белгиланди. Айниқса, олий таълим қамровини ошириш, давлат грантларини икки бароварга кўпайтириш, қизларимиз учун алоҳида грантлар ажратиш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Боиси маънавий юксалишсиз, таълим ва тарбияга эътиборсиз чинакам ривожланишга эришиш қийин”, – дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги O‘zLiDeP фракцияси раҳбари А.Хаитов.
Шу куни O‘zLiDeP раҳбари Шаҳрисабз маданият саройида ҳам бўлиб, ҳунарманд, тадбиркор ва ишбилармон аёллар томонидан ишлаб чиқилган маҳсулотлар кўргазмаси билан танишди. Хотин-қизлар тадбиркорлигини ривожлантириш, тадбиркорлик бўйича иш бошлаш арафасида турган опа-сингилларимизга бизнесни ташкил этиш, ҳужжат юритиш, солиқ имтиёзлари, кредит олиш юзасидан зарур тавсиялар, масҳалатлар берди.
Ўз хонадонида иссиқхона қуриб, помидор, бодринг, кўкат ва бошқа полиз маҳсулотлари етиштириб, йилига икки-уч марта ҳосил олиш ҳаракатида юриб, лекин етарли билим ва кўникмага эга бўлмаган аҳоли вакилларига Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари Кенгаши ҳамда Фуқароларни ўзини-ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика Кенгаши ҳамкорлигида чоп этилган “Аҳоли томорқаларидан самарали фойдаланиш, ёпиқ ва очиқ майдонларда маҳсулот етиштириш” номли китоблар тўпламини тақдим этди.
“Учрашув мен учун жуда фойдали бўлди. Боиси кўпдан буён иссиқхона барпо этиб, лимон етиштириш ниятида юрган эдим. Лекин бир сотих лимонзор яратишга қанча маблағ, ҳаражат кетишини билмаганим сабабли бизнесни бошлашга бироз чўчиётган эдим. Бугунги мулоқот эса биз учун катта маҳорат дарси бўлди. Депутатимиз тақдим этган ушбу китоб тадбиркорлик фаолиятимизни бошлашда жуда асқотади”, – дейди шаҳрисабзлик Зулайхо Раҳимова.
Ўзаро очиқ, самимий ва жонли кечган учрашувда хотин-қизлар ўзларини қизиқтирган барча саволларига батафсил жавоб олишди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter