Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Озишни бошловчиларга диетологдан етти маслаҳат

Озишни бошловчиларга диетологдан етти маслаҳат

Фото: «Zen.yandex.ru»

Диетолог Рейчел Пол вазн ташламоқчи бўлганларга еттита оддий маслаҳатни берди. Унинг сўзларини NDTV келтириб ўтган.

Шифокорнинг таъкидлашича, озиш мураккаб ва азобли жараёнга айланмаслиги керак. Унинг сўзларига кўра, муҳими одам ўзини очлик билан қийнамасдан, овқатланиш тизимини ишлаб чиқиши зарур.

Биринчи навбатда, Пол таомномани олдиндан режалаштиришни тавсия этади: энг яхшиси, бир ҳафталик овқатланиш режасини олдиндан ўйлаб қўйиш керак. Бошловчиларга диетолог кейинги кун учун таомнома тузишни маслаҳат беради: озиқ-овқат маҳсулотларини харид қилиш ёки таомни олдиндан тайёрлаб қўйиш кифоя.

Нонушта ва тамаддига, шифокорнинг фикрича, ёғ ва оқсилга бой таомлар, масалан, тухум, лосось ва авакадони танлаган маъқул. Тушлик ва кечки овқатга идишнинг ярмини сабзавотлар ташкил қилиши даркор. Чунки улар клетчатка, витаминлар ва фойдали озуқавий моддаларга бой.

Углеводларга бой маҳсулотларга келсак, Пол энг ёқтирадиганларини танлашни маслаҳат беради. Фойдали углеводларнинг манбалари: ясмиқ, дуккаклилар, мева-сабзавотлар, қўнғир гуруч, киноа, буғдой ва сули. Диетологнинг таъкидлашича, ушбу озиқ-овқат маҳсулотлар порцияси оз бўлиши керак, аммо уларни таомномадан бутунлай чиқариб ташлаб бўлмайди.

Диетанинг бошида шифокор озиқ-овқатдаги чекловга мослашиш ва биринчи ҳафтадаёқ диетани бузиб қўймаслик учун озроқ калория танқислигини юзага келтиришни тавсия этади. Шунингдек, одам ўзини ўрганиши, қайси вақтда кўпроқ ейишни хоҳлашини аниқлаб олиши муҳим. Ўша пайтда ёнғоқ, писта, юнон йогурти ёки творог билан тамадди қилиб олса бўлади.

Озишда психологик омил катта роль ўйнайди: агар одам ўзига овқат билан тасалли беришга одатланиб қолган бўлса, у секин-аста бу одатини ташлашига тўғри келади. Пол бунинг бошқа чорасини топишни маслаҳат беради: шоколад ейиш ўрнига сайр қилиш, сузиш, дўстлар билан суҳбатлашиш ёки бирор-бир ёқтирган машғулот билан шуғулланиш мумкин.

Диетологнинг таъкидлашича, ушбу маслаҳатларга амал қилишдан ташқари, кун давомида вақти-вақти билан чигалёзди машқларини бажариш ва мунтазам спорт билан шуғулланиш зарур. Етарлича ухлаш, стрессни камайтириш, тамаки ва спиртли ичимликлардан сақланиш ҳам вазн ташлаш бўйича самарали режанинг муҳим таркибий қисми ҳисобланади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг