«Ўзгидромет» феврал ойида кутилаётган об-ҳаво бўйича маълумот берди
«Ўзгидромет» қишнинг сўнгги ойи бўлган февралда қандай об-ҳаво кутилиши мумкинлигини маълум қилди.
Ўзбекистонда сўнгги йилларда энг совуқ феврал ойи 2014 йилда кузатилган, ойнинг ўртача ҳарорати меъёрдан 5-7° га паст, ойнинг биринчи ярмида эса меъёрдан умуман 12-15° га паст бўлган. Энг совуқ даврда ҳаво ҳарорати кечалари 14-17° совуқгача, кундуз кунлари эса 7-10° совуқгача пасайган. 2014 йилнинг феврал ойида ёғингарчилик кам бўлган, аммо ойнинг биринчи ярмида ёғингарчилик фақат қор кўринишида ёғган.
2016 йилнинг феврал ойи энг иссиқ бўлган. Энг иссиқ даврларда ҳаво ҳарорати 23-28° илиқгача кўтарилди. Феврал ойи нафақат иссиқ, балки энг қуруқ бўлган. Феврал ойида ёғингарчилик аномал кам миқдорда ёққан, Тошкентда меъёрдан атиги 3фоизни ташкил этган.
Ушбу йилнинг феврал ойи нисбатан илиқ об-ҳаво билан бошланади.
Ойнинг биринчи ўн кунлигида кечалари ҳарорат 0-5° илиқ, баъзи жойларда 2° совуқ атрофида бўлади, кундуз кунлари ҳарорат 6-8° илиқдан 12-14° илиқгача ўзгариб туради.
5 февралда шимолда, 6 февралда Ўзбекистоннинг қолган ҳудудларида асосан ёмғир кўринишидаги ёғингарчилик бўлади. Республика бўйича баъзи жойларда биринчи ўн кунликнинг энг охирида ҳам бироз ёғингарчилик бўлиши мумкин.
Кейинчалик Жаҳон прогностик марказларининг ҳисоб-китобларига асосланган ҳолда, Ўзгидрометнинг дастлабки баҳосига кўра, ҳаво ҳарорати кечалари 0-5° илиқдан 0-5° совуқгача, шимолда 8-13° совуқгача, кундуз кунлари 10-15° илиқдан 3-8° илиқгача ўзгариб туради. Ҳудудларнинг катта қисмида ёмғир ва қор кўринишидаги ёғингарчилик меъёрдан кам бўлиши кутилмоқда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter