Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Ўзбектелеком» ходимлари «Мен – донорман» акциясида иштирок этишди

«Ўзбектелеком» ходимлари «Мен – донорман» акциясида иштирок этишди

Бугун, 14 декабр куни «Ўзбектелеком» акциядорлик компаниясининг ижро аппарати ва таркибидаги Тошкент шаҳрида жойлашган филиаллар ходимлари ижтимоий ҳимояга муҳтож ҳамда кам таъминланганлар саломатлигини яхшилашга қаратилган «Мен донорман» хайрия қон топшириш акциясида фаол қатнашишди.

Инсоннинг ҳаётини асраб қолиш кўпинча қон қуйиш жараёни билан боғлиқ. Қон эса кимё лабораторияларида ишлаб чиқилмайди, у инсон организмидаги бебаҳо неъмат. Фақат яхши инсонларнинг ёрдами билангина оғир аҳволдаги беморларни ҳаётга қайтариш, уларнинг умрига умр қўшиш мумкин.

Кейинги йилларда бундай савоб амални бажараётган инсонларнинг сони тобора ортаётгани қувонарли. Қолаверса, донорликнинг афзалликлари бўйича турли акция, тарғибот тадбирларининг ҳам кўпайгани эзгу ишга бош қўшаётганлар сони ошишига туртки бўлмоқда.

– Хайрия акцияси Республика қон қуйиш марказидан ташриф буюрган гуруҳ мутахассислари ёрдамида компаниянинг «ЎзМобайл» филиали ҳудудида бўлиб ўтди ва унда 100 нафарга яқин ходимлар қатнашди, – деди Республика ихтисослаштирилган гематология ва қон қуйиш илмий-амалий маркази шифокори Гулчеҳра Умирзоқова.

– Қалбида эзгуликлар билан яшайдиган инсон доимо яхшиликлар қилишга интилиб яшайди. Айниқса, қилаётган бу хайрли амалларимиз кимнингдир соғлиғини сақлашга, ҳаётини узайтиришга кўмак берса-чи? Ўйлаймизки, киши учун бундан ортиқ бахт топилмаса керак, – деди донор, компаниянинг «ЎзМобайл» филиали Коммутатор маркази мутахассиси Абдуҳаким Абдазов. – Донорларни ана шундай беғараз ёрдам кўрсатувчи эзгу-ниятли инсонлар дейиш мумкин.

Соғлом киши учун қон топшириш мутлақо хавфсиз. Сабаби, инсон организмида одатда 4,5-5 литр қон бўлади ва ундан 200 ёки 400 мл олинади. Организмда эса камайган қон миқдорини 36 соат ичида тўлиқ тиклаб олиш хусусияти мавжуд. Энг муҳими, артериал гипертония хасталигининг олдини олиш, моддалар алмашинувини яхшилаш ва иммун тизимини мустаҳкамлашда қон топширишнинг аҳамияти катта.

Инсоннинг инсонга қон топширишдек олий даражадаги ҳадяси бўлмаса керак. Бу орқали кимгадир ҳаёт бағишлаш – энг савоб ишлардан бири саналади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг