«Ўзбекларга қойил қолдим». Арис шаҳридан эвакуация қилинган қозоқ йигити ҳайратда қолди
Кеча, 24 июнь куни Қозоғистон Республикаси Туркистон вилоятининг Арис шаҳрида фавқулодда вазият содир бўлгани ҳақида хабар берилганди. Бу шаҳарда яшайдиган 40 000 аҳоли Чимкент билан Туркистон шаҳарларига эвакуация қилинди. Бу шаҳарларда азалдан кўплаб маҳаллий ўзбеклар яшаб келишади.
Чимкент шаҳридаги эвакуация жараёнларини ўз кўзи билан кўриб, воқеалар гувоҳи бўлган бир қозоқ йигитининг WhatsApp мессенжеридаги гуруҳда дўстларига йўллаган маҳаллий ўзбеклар ҳақидаги муносабатини «Фейсбук» тармоғи фойдаланувчиси Дилнур Комилов ҳавола қилди:
«Ҳой йигитлар! Бу ерда энди миллатчилик қилмайлик. Ўзбекларга мен қойил қолдим. Ишонасизларми, биттаси тўйхонасини бўшатиб беряпти, кўрпа-тўшак, ҳамма нарсаси билан. Яна биттаси «Егулик ва маҳсулотларинг айниб қолмасин, шу фура (музлатгич машина)да турсин нарсаларинг, машина 3 кун ўчирилмайди» деб Фура машинасини олиб келиб қўйди. Тасаввур қиляпсизми?», дейди қозоқ йигити.
— Бу ерда оммавий равишда фаол амалий ёрдамларини бераётганларнинг ҳаммаси ўзбекларку... — давом эттиради у. — Бу ердаги аҳолининг, қўпол гап айтмай қўя қолайку, шунчаки эрмак қилиб, томоша кўриб, тасвирга туширишга келганларнинг кўпчилиги асосан ўзимизникилар. Ўзбекларга мен қойил қолдим, бунчалик кутмагандим. Аёллари келиб: «Юринглар, уйимга 30 киши сиғади» дейди. Бошқа бири келиб: «Юринглар, меникига 20 киши сиғади» дейди. Офарин.
Қараб турсанглар (гувоҳ бўлиб демоқчи) улар маҳсулотларни давомли ташиб, бу ерга олиб келишяпти. Қозоқлар ҳам олиб келишяпти, гап йўқ, аммо... Ўзбеклар ҳақиқатда сахийлик, инсонпарварлик кўрсатишмоқда. Минг рози бўлдим.
Бир кишининг уйига 100 одам сиғар экан. Шахсан менга айтдики: «Менинг 2та уйим бор. Иккаласиниям бўшатиб қўйдим, 100 кишини бемалол сиғдира оламан, егулик-ичимликларни ҳаммасини ғамлаб, ташкиллаштириб қўйганман», — деган қозоқ йигити ўз ҳайратини яшира олмай.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter