Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Террорчилар Аҳмад Яссавий мақбарасини портлатмоқчи бўлди

Террорчилар Аҳмад Яссавий мақбарасини портлатмоқчи бўлди

Жорий йил Қозоғистонда икки йирик терактнинг олди олинди. Бу ҳақда мамлакат Миллий хавфсизлик қўмитаси раиси ўринбосари Руслан Сейсембаев ШҲТнинг Минтақавий аксилтеррор тузилмаси кенгашида маълум қилган.

Tengrinews.kz хабарига кўра, террорчилар Туркистон шаҳридаги Хожа Аҳмад Яссавий мақбарасини портлатмоқчи бўлган. Шунингдек, пойтахт Остонада одамлар гавжум жойда қуролли ҳужум режалаштирилган. Қозоғистон ҳуқуқ идоралари ҳар икки терактнинг олдини олган.

Қайд этилишича, сўнгги уч йил давомида ШҲТ давлатлари ҳудудида камида 80 та теракт содир этилган. Жорий йил эса қўпорувчилик ҳаракатлари кескин ошган.

«2022 йилда 18 та теракт содир этилган бўлса, 2023 йилда улар сони 47 тага етган. Террорчилар қўлида 400 дан зиёд тинч аҳоли вакиллари ҳалок бўлган, 940 киши жароҳатланган. Зўравонлик ҳаракатларини бартараф этиш учун кучишлатар тузилмалар ва ҳуқуқ идоралари томонидан 300 дан зиёд йирик аксилтеррор амалиётлари ўтказилган. 1600 нафар террорчи ва уларнинг гумашталари қўлга олинган. Ваколатли идораларга қаршилик кўрсатган 60 нафар жиноятчи йўқ қилинган», – дейди Руслан Сейсамбаев.

Террорчилар кўз тиккан Туркистон шаҳридаги Аҳмад Яссавий мақбараси нафақат Қозоғистон, балки бутун Марказий Осиё учун қадрли зиёратгоҳ саналади.

ХII асрда яшаган атоқли мутасаввиф ва туркийзабон шоир Аҳмад Яссавий қабри устида дастлаб мўъжаз дахма тикланган. ХIV асрнинг охирларида эса Амир Темурнинг буйруғи билан маҳобатли мақбара барпо этилган. Соҳибқирон бино лойиҳасини ишлаб чиқишда шахсан иштирок этгани айтилади. Кейинги асрларда мажмуани кенгайтиришга бошқа ҳукмдорлар ҳам ҳисса қўшган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг