«Сиёсий хатога йўл қўйган» Озода Саидзода кечирилди – «Ўзбекконцерт»
Жорий йилнинг 10 октябрь куни хонанда Озода Саидзода «Ўзбекконцерт» давлат муассасасига ўз ижодини кенг тарғиб қилиш ва фаолиятини қонуний тарзда юритиш мақсадида концерт-томоша фаолиятига рухсат берувчи лицензия сўраб мурожаат қилган. Бу ҳақда «Xabar.uz»га муассаса матбуот хизмати хабар берди.
Шу муносабат билан 2019 йил 13 октябрь куни «Ўзбекконцерт» давлат муассасасида устоз санъаткорлар иштирокида очиқ мулоқот тарзидаги давра суҳбати ташкил этилиб, унда хонанда Озода Саидзоданинг мурожаати муҳокама этилди.
«Давра суҳбатида хонанданинг бундан бир неча йиллар олдин сиёсий хатога йўл қўйгани, билиб-билмай, асосланмаган маълумотларга ишониб инсон шахсиятига тегувчи ноўрин фикрлар билдиргани, бундан ташқари мухлисларга нисбатан ҳурматсизлик қилгани, санъаткор одоби доирасидан четга чиқувчи ҳаракатлар содир этгани устозлар томонидан қаттиқ танқид қилинди. Шундан кейин хонанда Озода Саидзоданинг ўзи ҳам сўзга чиқиб, хатоларини тан олиб, ўзининг қўшиқлари билан халққа хизмат қилишга ваъда берди», дейилади «Ўзбекконцерт» хабарида.
Қайд этилишича, давра суҳбати якунида барча устоз санъаткорларнинг фикрлари тингланганидан сўнг, «Ўзбекконцерт» давлат муассасаси директори Одилжон Абдуқаҳоров хонанда Озода Саидзода бугун кечирилгани ҳамда эркин ижод қилишига имконият яратилганини маълум қилган.
Эслатиб ўтамиз, таниқли хонанда Озода Саидзода (Нурсаидова) бир неча йиллардан буён «запрет»да қолиб келаётган эди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter