Ўзбекистоннинг иккита шакар заводи омборларини маҳсулотга тўлдириб қўйгани айтилмоқда
Шу кунларда ижтимоий тармоқларда шакар нархининг кўтарилганлиги борасида хабарлар кенг муҳокама қилинмоқда. Куни кеча бўлиб ўтган брифингда мутасаддилар ёғ ва шакар нархи қачон тушиши ҳақидаги саволларга жавоб беришганди.
Бозорларда шакар нархи кўтарилиши сабаблари ва юзага келган вазиятга қуйидагича изоҳ берилмоқда:
— Шакар нархининг кўтарилиши юртимиздаги мавжуд иккита шакар заводлари билан боғлиқлик жойи йўқ. Тўғри, иккита шакар заводимиз ҳам ишлаб чиқаришни вақтинчага тўхтатиб турибди.
Аммо Ўзбекистондаги бозорларни импорт шакарлар эгаллаб олгани боис, «Ангрен шакар» МЧЖ ва «Хоразм шакар» МЧЖ омборларини маҳсулотга тўлдириб қўйган эди. Ҳаттоки, мавжуд омборхоналар тўлиб бўлгани учун қўшимча омборхоналар ҳам қурилди.
Бозорлардаги шакар нархларининг ўйнаши эса, албатта импорт шакарларнинг бозорларимизни эгаллагани билан боғлиқ. Бозор қонун-қоидалари ва тадбиркорларнинг манфаатлари таъсири ўлароқ нархлар кўтарилганлигини инкор этиб бўлмайди.
Маълумки, жорий йилнинг 3 апрель куни Президентимиз «Коронавирус пандемияси даврида аҳоли, иқтисодиёт тармоқлари ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармонни имзолаган эди. Унда бир қатор озиқ-овқат маҳсулотларига 2020 йил 31 декабрга қадар Ўзбекистонга олиб киришда божхона божи ва акциз солиғининг ноль ставкалари белгиланган.
Фармонда имтиёзлар берилган озиқ-овқатлар рўйхатида тайёр шакар ҳам киритилган. Импорт шакарга барча имтиёзларнинг топширилиши маҳаллий ишлаб чиқарувчиларимизни бозордан осонгина сиқиб чиқаришга кўмак бўлди.
Бизнеснинг ёзилмаган қоидаларига асосан ғолибларда шафқат бўлмайди. Айниқса, ўзга бир давлатнинг маҳсулоти бошқа бир давлат бозорини эгаллаганда. Ушбу қоидага асосан, Ўзбекистон бозорларини эгаллаган импорт шакар ҳам хавотир билан кутган натижамизни бердики, бугун нарх-навони хоҳлагандек ўйнатмоқда.
Маҳаллий ишлаб чиқарувчиларимизга келсак, нархни ўз хоҳиши бўйича кўтара олмайди. Бунга ҳаққи ҳам йўқ, албатта. Инкор этиб бўлмайдиган факт шуки, мавжуд иккита шакар заводларимиз тайёр маҳсулотларни биржага 5780 сўмдан керагича етказиб бермоқда. Савдонинг давоми ва нарх-навонинг кейинги тақдири биржанинг ўзига қолмоқда.
Шу кунларда аҳолида шакар васвасасини атайин вужудга келтирувчилар ҳам айни мавсумда ўз миссияларини бажаришга киришган. Аммо Ўзбекистонда шакар танқислиги бўлмайди. Чунки бунга асос бор. Яъни, «Ангрен шакар» ва «Хоразм шакар» омборларда тўпланган 40 минг тонна захира мавсумда етиб ортади.
Атрофимиздаги қўшни давлатлардан фарқли ўлароқ, бизда иккита шакар заводимиз аҳоли хизматига шай. Айни кунда ишлаб чиқаришни вақтинчага тўхтатган бўлса ҳам, ходимларини амаллаб ушлаб турибди.
«Ангрен шакар» ва «Хоразм шакар» хом-ашё етказиб берувчи хорижий ҳамкорлар билан шартномалар тузиш йўлларини қидиришмоқда. Чет эллик хом-ашё етказиб берувчиларнинг талаби эса битта. Яъни, ички бозорларимиздаги импорт шакар билан рақобат қила олиш кафолати.
Уларнинг бу талабида асос бор, албатта. Импортёрлар билан рақобат қилиш учун маҳаллий ишлаб чиқарувчиларимизга ҳам импортёрлардаги каби ҚҚС ва акциз солиғи бўйича имтиёзлар керак. Шундагина адолатли ва соғлом рақобат вужудга келади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter