Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ўзбекистонлик қанча талаба Европанинг нуфузли стипендияси ғолиби бўлгани маълум қилинди

Ўзбекистонлик қанча талаба Европанинг нуфузли стипендияси ғолиби бўлгани маълум қилинди

Жорий йил Ўзбекистондан 16 нафар иқтидорли талаба Европа Иттифоқининг нуфузли «Erasmus Mundus» стипендияси ғолиби бўлди. Улар кўҳна қитъанинг Германия, Франция, Италия, Буюк Британия, Бельгия, Испания, Нидерландия каби давлатларида тиббиёт, қишлоқ хўжалиги, муҳандислик, сиёсат ва халқаро ҳуқуқ каби йўналишларда ўқиш имконини қўлга киритди.

Куни кеча стипендия ғолиблари учун Ўзбекистондаги Миллий Erasmus офиси ва ЕИнинг юртимиздаги делегацияси томонидан танишув учрашуви ташкил этилди.

«Сўнгги беш йил ичида 72 нафар Ўзбекистон ёшлари «Erasmus Mundus» стипендиялари ғолиби бўлди. Чет элда ўқиш глобал иқтисодиётда муваффақият калити бўлиб қолмоқда. Ўзбекистон ва ЕИ сизлардек саёҳат қиладиган, дунёни кашф этадиган ва ҳамкорлигимизни ривожлантирадиган ёш, ёрқин, ўқимишли ва фидойи замондошларга умид боғламоқда», – деди ЕИнинг Ўзбекистондаги элчиси Шарлотт Адриан хоним тадбирдаги нутқида.

Тадбир давомида стипендия ғолиблари «Erasmus+»нинг бошқа дастурлари ва афзалликлари билан танишдилар, тармоқ ресурслари, тадқиқотлар ва молиялаштириш имкониятлари ҳақида маълумотга эга бўлдилар ҳамда дастур битирувчиларининг маслаҳатларини тингладилар. Шунингдек, кўп маданиятли муҳитда яшаш бўйича тренингдан ўтдилар.

Маълумот ўрнида қайд этиш жоизки, 2021 йилги «Erasmus+» халқаро танловида дунёнинг 167 мамлакатидан 12271 нафар ёшлар ғолиблик учун курашди. Ўзбекистондан эса танловга 90 та ариза юборилди. Кучли рақобат руҳида кечган танлов якунида 2756 нафар иқтидор эгаси ғолиб деб топилди. Эндиликда улар ЕИ ва бутун дунё университетларида қўшма магистрлик дастурларида таҳсил оладилар.

«Erasmus+» – иқтидор эгаларининг таълим, касбий ва шахсий ривожланишини қўллаб-қувватлашга қаратилган ЕИ дастуридир. Унда барча ёшдаги номзодлар иштирок этиши мумкин. Мазкур қўшма магистрлик таҳсил доирасида ўқув дастури, саёҳат харажатлари, суғурта, визани қўллаб-қувватлаш, 1000 евро миқдорида ойлик стипендия ва бошқаларни ўз ичига олган грант тақдим этилади. Европа университетлари консорциуми томонидан ишлаб чиқилган ноёб магистрлик курслари доирасида талабалар билим олибгина қолмай, мезбон давлатлар билан танишиб, янги маданиятларни ҳам кашф этадилар.

Расмий Брюссель таълим дастури учун ажратилган маблағни кўпайтириб бормоқда. 2014-2020 йилларда «Erasmus» дастури бюджети 14,7 миллиард еврони ташкил этган бўлса, 2021-2027 йилларда ушбу мақсадда 26,2 миллиард евро сарфланиши кўзда тутилган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг