Ўзбекистонда янги таълим йўналишлари очилади
Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан Ўзбекистон миллий матбуот марказида «Тиббий таълимдаги ислоҳотлар — тиббиёт соҳасининг тараққиёт мезонларидан бири» мавзусидаги матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Анжуманда қайд этилишича, тиббиёт олий таълим муассасаларида 2019/2020 ўқув йилидан клиник психология, биотиббиёт муҳандислиги, дори воситаларини стандартлаш, сертификатлаш ва сифат менежменти каби бир қатор янги таълим йуналишлар очилади. Шунингдек, эндиликда тиббиёт коллежларида ҳам ўқитиш муддатлари уч йилдан икки йилга қисқартирилиб, фельдшер-лаборатория иши, фельдшерлик иши ва тиббий-ижтимоий иш каби янги таълим йўналишларида малакали ўрта тиббиёт кадрлар тайёрланади.
2019/2020 ўқув йилидан бошлаб республикамизнинг тиббиёт олий таълим муассасасалари ва филиалларида Россия, Германия, Корея Республикаси, Туркия, Ҳиндистон каби хорижий давлатларнинг 20 дан ортиқ бакалавриат, магистратура ва клиник ординатура мутахассисликлари бўйича қўшма дастур асосида халқаро факултетлар ва янги ўқув йилидан Россиянинг Н.И. Пирогов номидаги Россия тиббиёт университети филиалини ташкил этиш режалаштирилган.
Бундан ташқари, 2019 – 2022 йилларда Тошкент врачлар малакасини ошириш институти ва тиббиёт олий таълим муассасаларида босқичма-босқич ўқув-симуляцион марказлар ташкил этилиб, 2020 йилдан бошлаб, ҳар йили тиббиёт олий таълим муассасалари талабалари ва тиббиёт коллежларининг ўқувчилари орасида клиник фанлар бўйича Ибн Сино номидаги халқаро тиббиёт олимпиадалари, шунингдек, ёш олимлар орасида Ибн Сино номидаги халқаро илмий танловлар ўтказилади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter