Ўзбекистонда янги журнал таъсис этилди
2017-2021-йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси доирасида амалга оширилаётган ислоҳотлар тўғрисида кенг жамоатчилик, хусусан халқаро ҳамжамиятни доимий хабардор қилиб бориш мақсадида «Тараққиёт стратегияси» маркази томонидан «Ўзбекистон стратегияси» ижтимоий-таҳлилий журнали таъсис этилди.
Хабар берилишича, журнал кенг ўқувчилар аудиторияси, жумладан хусусий тадбиркорлар, сиёсий, эксперт-таҳлил ва амалий доира вакиллари ҳамда юртимизга ташриф буюрувчи меҳмонлар учун мўлжалланган. Унда турли мавзулардаги таҳлилий мақолалар, инфографикалар, мустақил экспертларнинг фикр ва мулоҳазалари, жамоат ташкилотлари вакиллари, вазирлик ва идоралар мутахассислари билан интервьюлар бериб борилади.
Журналнинг яна бир ўзига хос жиҳати — унинг саҳифаларида Ўзбекистоннинг муваффақиятли ривожланишига қаратилган янги таклифлар билдириш, етакчи халқаро тажрибалар ҳақида маълумот бериш учун махсус майдон ташкил этилди.
«Ўзбекистон стратегияси» журнали ўзбек, рус ва инглиз тилларида алоҳида кўринишда ҳар чоракда чоп этилади.
Журналнинг илк сони чоп этилиб, ундан Ҳаракатлар стратегиясини амалга оширишнинг биринчи босқичи — «Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили» Давлат дастури доирасида амалга оширилган тадбирлар натижаларига бағишланган материаллар ўрин олди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter