Ўзбекистонда тарқалаётган гуруҳли касалланишлар ҳақида очиқ айтиш фурсати етди (видео)
Кейинги пайтларда республика бўйлаб жуда кўп турли гуруҳли касалланишлар ҳақида хабарлар тарқаляпти. Бу рақамларни очиқ-ойдин айтиш фурсати етди. Боиси бундан аҳолимиз жабр кўряпти.
Президентимиз фармонига кўра, Санитария-эпидемиология хизматининг иккита тармоққа ажратилганидан бохабарсиз. Бугун «Xabar.uz» сайти янги ташкил этилган Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси раҳбари Отабеков Нурмат Сатиниёзович билан суҳбатлашиб, кенг жамоатчиликни бу тармоқ ишлари билан яқиндан таништиради.
Ўзбекистон Республикаси Президенти фармонига мувофиқ, санитария-эпидемиология хизматини тубдан такомиллаштириш мақсадида мавжуд тизим иккита тармоққа ажратилганидан хабарингиз бор. Авваллари у Соғлиқни сақлаш вазирлиги тасарруфида яхлит тизим сифатида фаолият юритган бўлса, эндиликда назорат функцияси билан шуғулланадиган қисми Вазирлар Маҳкамаси даражасига кўтарилди.
Шу пайтгача санитария-эпидемиология хизмати деганда биз 8 та муассасани тушунардик. Булар: санэпидназорат марказлари, ОИТСга қарши кураш марказлари, ўлат, карантин, ўта хавфли касалликлар муҳофазаси марказлари, дезинфекция станциялари ва 4 та илмий-текшириш институти.
Яъни ҳам ижро этувчи, ҳам назорат қилувчи соҳа битта ташкилот таркибида бўлган. Айнан мана шу мақсадлар қарама-қаршилиги нуқтаи назаридан, Президентимиз Фармонига кўра, назорат функцияси Вазирлар Маҳкамасига, яъни бир поғона юқори даражага кўтарилди. Эндиликда санитария-эпидемиология хизмати таркибида Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги ташкил топди.
Уларнинг вазифалари Президентимиз томонидан аниқ кўрсатиб берилди. Айнан Давлат инспекцияси зиммасига бешта глобал вазифалар қўйилди. Буни ижро этиш баробарида хўжалик юритувчи субъектлар, яъни юридик ва жисмоний шахслар томонидан амалдаги санитария меъёрлари, қоидалари ва гигиеник нормативларга риоя этилиши устидан назорат ўрнатилади.
Инспекция, шунингдек, ҳокимият ва бошқарув органлари билан санитария-эпидемиология хизматининг бевосита назоратини амалга оширувчи вазифаларни мувофиқлаштиради, уйғунлаштиради. Юридик ва жисмоний шахслар томонидан санитария меъёрлари, қоидалари ва гигиеник нормативларга риоя этилиши устидан замонавий назорат методологиясини ишлаб чиқиш орқали иш юритади. Бундан ташқари, озиқ-овқат маҳсулотлари, ишлаб чиқариш, ташиш, сақлаш ва аҳолига етказиб бериш билан шуғулланадиган муассасалар, қўйингки, бошқа халқ хўжалик объектлари устидан халқаро андозаларга мос равишда, ўрнатилган тартибда назоратни амалга оширади.
Яна шу соҳага оид мутахассисларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ишларини амалга оширади ва хорижий экспертларни жалб қилган ҳолда маҳаллий мутахассисларнинг четга чиқиб малака ошириб келишларини таъминлаб, тизим фаолиятини йўлга қўяди.
Шу ўринда унда Агентликнинг вазифалари нима, деган савол туғилади. Аслини олганда, шу пайтгача санитария-эпидемиология назорати марказларига фақат назорат қилувчи, текширувчи муассаса сифатида қараб келинган. Бироқ бу фаолиятнинг битта қисми холос. Унинг бошқа қатор вазифалари ҳам бор. Шу туфайли биз эркин мулоқотдамиз, эркин кўчага чиқамиз, хотиржам овқатланамиз, хотиржам у-бу жойга борамиз. Чунки юқумли, ўта хавфли касалликлар бўйича эпидемиологик барқарорлик таъминланяпти. Бу ўз-ўзидан бўлмайди. Демак, профилактик тадбирларнинг ўз вақтида ўтказилиши, касалликнинг четдан кириб келиши ва тарқалишининг олдини оладиган чоралар кўрилиши, аҳоли орасида тушунтириш, тарғибот ишларини олиб бориш, ҳар бир халқ хўжалик соҳалари учун алоҳида санитария меъёрлари, қоидалар ва гигиеник нормативларни ишлаб чиқиш, қўйингки, бу соҳада илмий изланишларни амалга ошириб, натижаларни тиббиёт амалиётига татбиқ этиш – буларнинг ҳаммаси агентлик зиммасидаги вазифа.
Эндиликда биз зиммамизда турган вазифаларни тўлиқ адо этиш орқали санитария-эпидемиологик осойишталикни таъминлашга ҳисса қўшиш борасида бош қотиришимиз керак. Айни пайтда Давлат инспекцияси ва Агентлик низомларини ишлаб чиқдик. Унда вазифаларимизнинг ҳар бирини алоҳида кўрсатдик. Асосий вазифамиз санитария-эпидемиологик осойишталикни таъминлашга қаратилгани боис ҳамкорликда қиладиган вазифаларимиз борлигини ҳам унутмаяпмиз. Ҳозирда сал кам 30 та ҳукумат қарорларига, бир нечта қонунларга тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш устида ишлаяпмиз.
Кейинги пайтларда республика бўйлаб жуда кўп турли гуруҳли касалланишлар ҳақида хабарлар тарқаляпти. Биз фурсатдан фойдаланиб бу рақамларни очиқ-ойдин айтмоқчимиз. Боиси бундан аҳолимиз жабр кўряпти. Таҳлиллардан кўриш мумкинки, 2017 — 2019 йиллар давомида Ўзбекистон бўйича 140 та гуруҳли касалланиш ҳолати қайд этилган. Бунда қарийб 1500 га яқин одам жабрланган. Энг ачинарлиси, уларнинг 300 дан ортиғи болалар. 11 та ҳолатда овқатдан заҳарланиш оқибатида ўлим қайд этилган. Албатта, ўлим ҳолатлари 100% ботулизм касаллигидан, яъни уй шароитида санитария қоидаларига амал қилмай тайёрланган консерва маҳсулотлари истеъмоли оқибатида юзага келган.
Кейинги пайтларда, айниқса, умумий овқатланиш ва озиқ-овқат муассасалари, мактабгача таълим ва умумтаълим муассасаларида бу каби ҳолатларнинг қайд этилиши бизни янада хавотирга соляпти. Таҳлил ва ўрганишлар натижасида бу каби гуруҳли касалланишга кўпроқ озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш, сақлаш, ташиш ва аҳолига етказиб бериш билан шуғулланадиган муассасаларда, биринчидан, овқат тайёрлаш технологиясининг бузилгани, иккинчидан, озиқ-овқат маҳсулотларини тайёрлаш жараёнида сифати кафолатланмаган маҳсулотлардан фойдаланиш, учинчидан, озиқ-овқат пишириш технологиясини биладиган мутахассисларнинг йўқлиги, тўртинчидан, тиббий кўрикдан ўтмаган ва керакли санитария минимум тайёргарлик курсларини ўтмаган мутахассисларнинг ишга жалб этилгани, ўша озиқ-овқат маҳсулотларини тайёрлашда ишлатиладиган жиҳозларнинг маънан эскирганлиги – ҳамма-ҳаммаси сабаб бўляпти.
Айнан мана шу муаммоларни бартараф этиш учун Президентимиз тегишли иловага ўзгартириш киритиб берди. Унга мувофиқ келгусида озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш, сотиш, ташиш ва сақлаш билан шуғулланадиган, шу жумладан, аҳолига ичимлик суви етказиб бериш ҳамда канализация сувларини чиқариб ташлаш фаолиятини олиб борадиган муассасаларни уч ойда бир, ходимлари ўрнатилган тартибда тиббий кўрикдан ўтиши шарт бўлган соҳалар, озиқ-овқат ва савдо муассасаларидан ташқари косметология, сартарошхоналарни олти ойда бир, даволаш, диагностика ва профилактика йўналишида фаолият юритувчи хусусий тиббиёт муассасаларини йилда бир марта текширадиган бўлдик. Демак, назорат давом этади.
Бироқ бундан кўзланган асосий мақсад кимнидир жазолаш, таҳқирлаш, камситиш ёки чора кўриш эмас. Юртбошимиз томонидан шунча эътибор берилиб, тадбиркорликка имкониятлар яратиб берилаётган бир пайтда уларнинг қонуний фаолият юритиши, санитария меъёрлари ва қоидалари, гигиеник нормативлар асосида ишлашига кўмаклашишимиз керак. Демак, Давлат инспекциясининг вазифаси фақат назорат бўлиб қолмайди. Биз келгусида Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси тимсолида тадбиркорлик субъектларининг маслакдоши, уларга йўл-йўриқ кўрсатувчи, ишонадиган ташкилот сифатида тан олинишини жуда хоҳлардик.
Боиси бу хизмат шаънига тегадиган гаплар кўп тарқалди. Эҳтимол, бунга асослар бўлгандир?! Бу ёғига нуфуз ва мавқеимизни кўтариш, соҳани фаол, жонкуяр ходимлар билан тўлдириш, қолаверса, мутахассислар ҳар хил коррупцион ишларга аралашиб қолишининг олдини олиш мақсадида Президентимиз бизга яна бир имконият яратиб берди. Яъни Давлат инспекция қошида жамғарма ташкил этилади. Бунда вақтида тўланмаган жарималардан ундириладиган пеняларнинг 50 фоизи ўша жамғармага тушиши режалаштирилган. Бу келгусида ходимларни моддий рағбатлантириш учун имконият эканини тан олиш керак.
Энди шундай тартиб ўрнатиладики, бирор бир муассаса фаолиятини ўрганишда бир хил ёндошув бўлмайди. Бу болалар ва ўсмирлар гигиенаси, коммунал-гигиена, меҳнат гигиенаси ёки даволаш, диагностик-профилактика, радиацион гигиенани ўрганадиган соҳа бўладими, хуллас, барчасига алоҳида ёндашув таъминланади. Токи бориб ўрганилган пайтда ёзилган, йиғилган маълумот ўша мутахассис савиясига зинҳор боғлиқ бўлиб қолмасин. Шу ўринда бир жиҳатга ҳам алоҳида эътибор қаратмоқчимиз. Яъни инспекция ходимлари кимнингдир қўлига қараб қолмасин. Улар ишлаётган жойининг қадрига етсин. Шундай бир нуфузли ташкилотда ишлаётгани ва фаолиятидан кетиб қолиш эҳтимоли доим хаёлида турсин...
Эндиликда Республика давлат инспекцияси, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳри санитария-эпидемиология назорати бошқармаларининг таркибий тузилмасида жамоатчилик билан ишлаш бўлимлари алоҳида ўрин тутади. Айнан жамоатчилик билан ишлаш зиммамизга жуда катта вазифаларни юклайди. Кўп йиллардан бери соғлиқни сақлаш тизимида раҳбар лавозимларида ишлаган бўлсам-да, айнан таркибий тузилмага жамоатчилик билан ишлаш бўлимларининг киритилганини камдан-кам кузатганман. Бундан кўриниб турибдики, биз ОАВ, кенг жамоатчилик, ҳар бир фуқаро, лозим бўлса, ҳар бир тадбиркорлик субъекти билан ишлашимиз даркор. Фақат назорат қилиш билан чегараланиб қолмаслигимиз зарур. Текшириш пайтида муаммо келиб чиқмаслиги учун тадбиркорлик субъектлари олдиндан мурожаат қилиб, маслаҳатлар сўрашсин. Мутахассисларимиз бориб, аниқ йўл-йўриқ кўрсатсин, камчиликларини кўрсатиб берсин.
Ҳозирда биз низомимизга синов учун харид қилиш орқали маҳсулотлар сифатини текшириш талабларини ҳам киритганмиз. Бунда бизнинг мутахассислар ўзларини таништирмай туриб, маҳсулотларни харид қилишади. Кейин ўрнатилган тартибда сифати бўйича муносабат билдириш ҳуқуқига ҳам эга бўлади.
Бу ёғига биз тизимда мавжуд бўлган мавқе, тизимда мавжуд бўлган обрў, қолаверса, тизимда мавжуд бўлган нуфузни тиклашимиз керак. Халқимизда чиройли бир гап бор: Думалаб кетаётган нарсанинг орқасидан югуриб кетиш осон. Лекин турган нарсани думалатиш ёки бўлмаса юргизиш доим қийин кечган. Биз янги ташкилот сифатида думалаб кетаётган нарсанинг орқасидан югурмоқчи эмасмиз. Асосий мақсадимиз янги-янги механизмларни, усулларни, амалиётларни ўзимизга татбиқ этиб, хорижий тажрибаларни ўрганиб, уларни Ўзбекистонга мослаштириб, бир жойда қотиб қолган тизимни юргизиш орқали зиммамизга юкланган вазифаларни тўлақонли очиб бермоқчимиз. Ниятимиз юртимизда ҳам санитария-эпидемиология талабларига тўлиқ жавоб берадиган муассасалар кўпайсин.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter