«Ўзбекистонда шакар муаммоси бўлмайди» — Рустам Акбархўжаев
Яқинда глобал муаммога айланаётган масала бўйича «Ривожланган давлатларда ҳам шакар муаммоси юзага келмоқда. Ўзбекистонда вазият қандай?» номли мақола эълон қилинган эди. Ушбу мақолага «Ангрен шакар» МЧЖ маъмуриятидан муносабат келди.
Бугунги кунда ижтимоий тармоқларда ёғ муаммоси кўп тилга олинмоқда. Ёғ олинадиган хом-ашё маҳсулотлари етарлича бўлишига қарамасдан, ёғ танқислиги сезилмоқда. Худди шундай ҳолат шакар маҳсулоти билан ҳам юзага келиши мумкинми? Қолаверса, «банка ёпиш» мавсуми бошланмоқда. Аҳоли нархларнинг кескин ошишидан хавотирга тушиш ўринлими?
– Ўзбекистонда шакар муаммоси бўлмайди, – дейди «Ангрен шакар» МЧЖ Бош директори Рустам Акбархўжаев. – Чунки шакар ишлаб чиқариш ҳукумат сиёсати даражасида қаралгани боис шакар ишлаб чиқариш ва етказиб бериш тизимли йўлга қўйилган. 2014 йилда биз тўлиқ шакар мустақиллигига эришиб бўлганмиз.
Узлуксиз ишлаб чиқариш тизимига ўтган «Ангрен шакар» ва «Хоразм шакар» заводлари Ўзбекистон аҳолисининг эҳтиёжи учун зарур бўлган 700 минг тоннани етказиб бермоқда. Иккита шакар ишлаб чиқарувчи корхонамиз нафақат аҳолини таъминлаш ҳаттоки, экспорт қилиш имкониятига ҳам эга.
Муқобили йўқ озиқ-овқатлар рўйхатининг бошида турадиган шакар ҳар доим ҳам сиёсат даражасида жиддий назоратни талаб қилиб келган. Унга бироз эътиборсизлик эса қандай оқибатларга олиб келишини ҳар бир давлатнинг ҳукуматдагилари яхши билади. Ўзбекистонда коронавирус пандемияси даврида шакар муаммоси бироз сезилган эди. Халқимизнинг шакарга бўлган эҳтиёжини қондиришни Президентимизнинг шахсан ўзлари назоратга олганлиги боис муаммо дарҳол бартараф этилди. Айни дамда эса Ўзбекистонда шакар танқислиги сезилмаяпти. Бу Президентимизнинг узоқни кўзлаб иш олиб боришининг самарасидир.
Нархда ҳам ўзгариш йўқ. «Ангрен шакар»дан биржага чиқаётган шакар нархи 7 120 сўмни, «Хоразм шакар»ники эса 7 150 сўмни ташкил этмоқда. Худо хоҳласа, бундан кейин ҳам Ўзбекистондаги шакар нархида ўзгариш (кўтарилиш) бўлмайди, деб айта оламан. Хом-ашё захирамиз етарли.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter