Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ўзбекистонда оммавий эмлаш мажбурий қилиниши мумкин

Ўзбекистонда оммавий эмлаш мажбурий қилиниши мумкин

Фото: ССВ матбуот хизмати

Сўнгги кунларда мамлакатимизда оммавий эмлаш тадбирларини мажбурий қилишга чақириқлар тез-тез янграмоқда. Аввалига бир қатор депутатлар бу «ташаббус» билан чиқишганди, энди Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати раҳбари ўринбосари Нурмат Отабеков ҳам шундай таклиф билдирмоқда.

Унинг айтишича, «юртимизда аҳолининг коронавирусга қарши эмланиши учун барча шарт-шароитлар яратиб берилган бўлса-да, ўтган 3 ойдан ортиқ вақт давомида халқимизнинг вакцина жараёнларидаги фаоллиги, шижоати ва ташаббускорлиги» сезилмади.

«Ҳатто, хавф гуруҳига кирувчи 65 ёшдан юқори бўлган аҳоли вакиллари ҳам бу жараёнларда суст иштирок этаётгани мутахассис сифатида мени ҳайрон қолдирди.

Ажабланарлиси шуки, ўтган уч ойдан кўпроқ вақт мобайнида республика бўйича 4 миллион 300 минг доза вакцина ишлатилган бўлса-да, тўлиқ (икки ва уч босқичли) эмлаш курсини олган аҳолимиз сони 850 минг нафардан озгина ортди. Бу дегани эндигина республикамиз аҳолисининг шунча қисмини  тўлиқ эмладик ва аниқроқ айтсак, уларда эмлашдан кейинги иммунитетни шакллантиришга эришдик, холос.

Аслида халқимиз онгида ҳукумат ҳамма харажатни ўз зиммасига олади, деса давлат бундан қандайдир манфаатдор, деган ғалати фикр шаклланиб қолган.

Ваҳоланки, бу саъй-ҳаракатлар, энг аввало, аҳоли саломатлиги йўлида амалга оширилмоқда. Қолаверса, бу орқали давлатимиз эпидемик барқарорликни таъминлаган ҳолда халқимизга иқтисодий манфаатни назарда тутмоқда.

Бироқ буни ҳамма ҳам бирдек тушунаётгани, тўғри англаётгани йўқ. Аксинча айримлар ижтимоий тармоқлар орқали эмлаш тўғрисида турли асоссиз фикрлар тарқатишга, одамлар онгида вакцина ҳақида нотўғри тасаввур уйғотишга уринмоқда.

Баъзи фуқаролар эса нотўғри фикрларга ишониб, ўзи ва яқинларини вакцина олишдан тўсмоқда. Энг ёмони, улар бу билан касалликнинг аҳоли орасида янада кенг тарқалишига замин яратаётир.

Шу боис, менинг назаримда мамлакатимизда оммавий эмлашни мажбурий қилсак, юртдошларимизнинг вакцина олишга бўлган масъулияти янада ортади, унга муносабати ўзгаради», дейди Нурмат Отабеков.

Қайд этилишча, бугун мамлакатимиздаги мавжуд эмлаш пунктларида бир кунда 130-140 минг нафар фуқаро COVID-19га қарши эмланмоқда. Бу рақам жуда кам. Чунки,  ҳар бир эмлаш пунктлари ва бригадалари бир кунда 70 нафар одамни эмлаш имконияти бўлган бир пайтда, биз унинг тенг ярим имкониятидан фойдаланаяпмиз.

Мутахассиснинг айтишича, аҳолининг 60-70 фоизида жамоавий иммунитетни шакллантирмасдан туриб, биз бу касалликни енга олмаймиз.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг