Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ўзбекистонда Москва онкология илмий-тадқиқот институти филиаллари очилади

Ўзбекистонда Москва онкология илмий-тадқиқот институти филиаллари очилади

Россия Федерацияси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Радиология тиббий тадқиқот миллий маркази бош директори, П.А. Герцен номидаги Москва онкология илмий-тадқиқот институти директори, академик Андрей Каприн бошчилигидаги онколог шифокорлардан иборат делегация малакатимизга ташриф буюрди. Улар юртимиздаги Республика ихтисослашган онкология ва тиббий радиология илмий-амалий тиббиёт маркази ҳамда унинг Тошкент шаҳридаги филиали фаолияти билан танишдилар, деб хабар бермоқда Соғлиқни сақлаш вазирлиги жамоатчилик билан алоқалар бўлими.

Соғлиқни сақлаш вазири А.Шадманов билан бўлиб ўтган мулоқотда Ўзбекистон ва россиялик ҳамкасблар ординатура, аспирантура ҳамда докторантура орқали етук онколог ва радиолог шифокорларни тайёрлаш, радиотерапия бўлимларида ишлаш учун тиббий физик мутахассисларни етиштириш, онкологларнинг Россия клиникаларида стажировкасини ташкил этиш орқали юқори малакали кадрлар тайёрлаш бўйича қатор қўшма лойиҳаларни муҳокама қилдилар.

П.А. Герцен номидаги Москва онкология илмий-тадқиқот институти ўзбек ҳамкасблари учун ўқишни бепул ташкил этишга тайёр эканлигини билдирди.

Мулоқот чоғида Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида П.А. Герцен номидаги Москва онкология илмий-тадқиқот институти филиалларини очишга келишиб олинди.

«Маълумотларга кўра, ҳар йили дунёда  15 миллион нафарга яқин киши ушбу касаллик билан  рўйхатга олинади. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг прогнозига кўра, 2020 йилга бориб саратон касаллигига чалинган беморларнинг сони 16 миллионга етиши мумкин. Шунинг учун саратон касаллигига қарши кураш, бу борадаги муаммоларни ҳал қилиш комплекс ёндашувни талаб қилади. Бунда илғор  хорижий тажрибани кенг жалб этиш муҳим аҳамият касб этади»,-дейилади вазирлик хабарида.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг