Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ўзбекистонда кино ҳақида янги журнал тақдим қилинди (фото)

Ўзбекистонда кино ҳақида янги журнал тақдим қилинди (фото)

Кеча, 18 апрель куни «Ўзбеккино» миллий агентлиги муассислигида нашр этила бошлаган «Кино санъати»  журналининг биринчи сони тақдимоти бўлиб ўтди.

«Кино санъати» журнали Президентнинг «Миллий киноиндустрияни ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига асосан ташкил қилинган. 2018 йили нашрнинг нишона сони чоп этилган эди. Журналнинг янгича кўринишдаги 1-сони тақдимот маросимида таниқли кинорежиссёрлар, машҳур актёр ва актрисалар, атоқли шоир ва ёзувчилар, журналист, блогер ва талабалар қатнашди.

Тақдимот маросимида «Кино санъати» журнали соҳа олимлари, мутахассис ва мураббийлар, талабалар учун эркин минбар, илмий-ижодий қўлланма вазифасини ўташи таъкидланди. Нашр келгусида кутубхона ва киноархивлар жавонидан жой олиб, ҳозирги кунимиздан авлодларга ҳикоя сўзлаши, кинотадқиқот ва кинотаҳлиллар қоғозга муҳрланиб, ўзига хос солномага айланиши айтилди.

«Кино санъати» журналининг 1-сонини бошлаб берган «Ўзбек кино санъати: бугунги жонланишдан эртанги юксалишга» мақоласида соҳанинг йиллик ҳисобот-анжумани тафсилотлари баён қилинган. «Ўзбеккино» Миллий агентлиги бош директорининг биринчи ўринбосари, филология фанлари номзоди Шуҳрат Ризаев билан уюштирилган суҳбатда мамлакатимизнинг кино сиёсати, бадиий кенгаш фаолияти, фильмларга қўйилаётган талаблар ва санъатнинг моҳияти хусусида баҳс юритилган.

«Nostalgie» рукнида «Шум бола» фильмининг яратилиш жараёнини киноижодкорлар ҳаяжон билан эслайди.

Таниқли режиссёр Жаҳонгир Қосимов тарихий ҳақиқатларни кино тилига кўчириш машаққатлари ва ҳозирда суратга олинаётган «Исҳоқхон Ибрат» фильм тўғрисида сўзлайди.

Ўзбек санъатининг муҳташам сулоласи Зокировларга хонадоннинг навқирон вакили, истеъдодли актёр Жавоҳир Зокиров нигоҳи орқали назар ташланган.

«Сукунат саройида сурон» мақоласида муаллифлик фильмлар устаси, жаҳонга машҳур кинорежиссёр Ингмар Бергман сиймосига чизгилар берилган.

Россияда хизмат кўрсатган артист Фарҳод Маҳмудовнинг ўзбек киносига қайтиши сабаблари «Очиғини айтганда» рукнидаги суҳбатда очиқланади.

«Кино санъати» журнали 3 минг нусхада чоп қилинган. 68+4 саҳифа. Журнал йилда тўрт марта нашр этилади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг