Ўзбекистонда карантин вақтида «Карантин» номли қисса ёзилди
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида карантин вақтида ёзилган «Карантин» қиссаси онлайн тарзда муҳокама қилинди. Рисолат Ҳайдарованинг қаламига мансуб асар муҳокамасини таниқли ёзувчи Исажон Султон олиб борди.
Қисса ҳозир наинки бизнинг халқимиз, балки дунё аҳли курашаётган коронавирус пандемиясига қарши амалий тадбир сифатида юзага келган карантин даври ҳақида. Асар сюжети Тошкентдаги бир оила ҳаётида кечган воқеалар тасвирига асосланади. Гарчи бу манзаралар бир оила ҳаётига оид бўлса ҳам, бугунги кунда Ўзбекистондаги барча оилалар турмушидаги воқеаларнинг тимсоли, дейиш мумкин. Зотан адабиётшунос олим Қозоқбой Йўлдош муҳокамада таъкидлагандек: «Карантин жазо эмас, балки синов, бўлганда ҳам ҳар бир одамнинг қанчалик даражадаги одамийлиги аниқланадиган синов».
«Биз қисса саҳифаларида Ватан ва халқ тақдири ҳақида қайғурадиган кишилар галереяси билан, шунингдек, янги тартибларга кўниколмай жанжал кўтарувчи енгилтаклар билан ҳам танишамиз. Карантин муносабати билан одамлар сажиясида янги пайдо бўлган жасоратларга гувоҳ бўламиз», дея ўз мулоҳазаларини ёзди Миразиз Аъзам.
Ёш адиба Нодирабегим Иброҳимова шундай деди: «Қаҳрамон ўй-хаёллари ўқувчи кўнглидан ҳам ўтади, қиссада шу кунларимизда содир бўлаётган реал ҳодисалар ҳам четда қолмаган. Масалан, апрелда бирдан ёққан қор, ёшларимизнинг хатти ҳаракатлари, ким волонтёрлик қиляпти, ким енгилтаклик... Умуман, карантин бизни ҳаётга бошқача нигоҳ билан қарашга ўргатди», — деган мулоҳазалари билан қатнашди.
Муҳокамада қизғин руҳда ўтди. Асар қайта ишланмоқда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter