Ўзбекистон ва Германия Марказий Осиёда шаҳарларнинг барқарор ривожланиши бўйича минтақавий лойиҳани йўлга қўймоқда

«Eco Expo Central Asia 2025» халқаро экологик технологиялар кўргазмаси доирасида «Марказий Осиёда шаҳарларнинг барқарор ва иқлимга мос ривожланиши» номли минтақавий лойиҳанинг бошланишига бағишланган параллель тадбир бўлиб ўтди. Ушбу ташаббус Германия Халқаро ҳамкорлик ташкилоти (GIZ) кўмаги билан амалга оширилмоқда ва Ўзбекистон, Қирғизистон ҳамда Тожикистонни яшил ва барқарор шаҳарсозлик ривожланишини илгари суришда бирлаштирмоқда.
Тадбирнинг очилиш маросимида сўзга чиққан Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири Азиз Абдуҳакимов шаҳарларни иқлимга мос тарзда ривожлантириш муҳим эканлигини қайд этди.
«Шаҳарларни иқлимга мос тарзда ривожлантириш нафақат экологик, балки иқтисодий барқарорлик, жамият фаровонлиги ва фуқароларнинг саломатлиги учун ҳам муҳимдир. Ушбу ташаббус Фарғона водийсидаги шаҳарларни қамраб олади, чунки у ерда ўсиб бораётган шаҳарсозлик тезкор ва барқарор ечимларни талаб қилмоқда», — деди вазир.
Вазир лойиҳа «Eco Expo» дастурига тўлиқ мос келишини, бу эса халқаро ҳамкорлик, инновациялар ва барқарор келажак бўйича умумий қарашларни шакллантиришга қаратилганини таъкидлади.
Тадбир доирасида Ўзбекистон Республикаси Экология вазирлиги ва GIZ ўртасида Англашув Меморандуми имзоланди. Ушбу ҳужжат атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, иқлим ўзгаришига қарши кураш ва табиий ресурслардан барқарор фойдаланиш соҳаларида ҳамкорлик йўналишларини белгилайди.
Меморандумга мувофиқ томонлар Ўзбекистоннинг халқаро экологик мажбуриятларини амалга оширишда ҳаракатларни мувофиқлаштириш, стратегик ҳужжатларни ишлаб чиқишни қўллаб-қувватлаш ва халқаро иқлим молиялаштиришига киришни таъминлаш бўйича келишиб олдилар. Асосий вазифалардан бири Фарғона водийсидаги — Фарғона, Наманган, Андижон, Марғилон ва Қўқон шаҳарлари учун маҳаллий ҳокимиятлар, аҳоли ва бизнес вакиллари иштирокида муҳим лойиҳаларни амалга ошириш ҳисобланади.
Лойиҳа Германия ҳукумати томонидан илгари сурилаётган «Green Central Asia» ташаббуси доирасидаги ишларнинг бир қисми ҳисобланади. Бу минтақавий даражада мувофиқлаштирилган ёндашувни таъминлаб, энг яхши халқаро тажрибаларни қўллаш имконини беради.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter