«Eco Expo» биринчи халқаро экологик кўргазма ўз ишини бошлади

Тошкентда «Eco Expo Central Asia 2025» биринчи халқаро экологик технологиялар кўргазмаси бошланди. Марказий Осиё минтақасида илк бор ўтказилаётган кенг кўламли тадбир 30 дан ортиқ давлатни бирлаштириб, 19–21 июн кунлари «Central Asian Expo» (CAEx) кўргазмалар мажмуасини мулоқот, илғор тажриба алмашиш ва «яшил» трансформацияни илгари суриш учун етакчи платформага айлантирмоқда.
Очилиш маросимида Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири Азиз Абдуҳакимов, Қозоғистон Республикасининг Ўзбекистон Республикасидаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Бейбут Атамқулов, Қирғизистон Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор Элчисининг ўринбосари Бакит Асангул, Тожикистон Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Абдужаббор Раҳмонзода, Туркманистон Табиатни муҳофаза қилиш вазири ўринбосари Нури Жумашов, Жанубий Кореянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Вон Доён, CITES конвенцияси Бош котиби. И.Игуэро, БМТнинг Ўзбекистон Республикасидаги доимий координатори Сабина Маҳл ва бошқалар иштирок этди.
Маросимда сўзга чиққан Экология вазири Азиз Абдуҳакимов «Бугунги кўргазма шунчаки технологиялар намойиши эмас, балки минтақалар, тармоқлар ва давлатлар ўртасидаги ўзаро чуқур ҳамкорликнинг бошланғич нуқтасидир. Ўзбекистон Марказий Осиёда экологик технологияларни илгари суриш бўйича минтақавий платформага айланишга тайёр», дея таъкидлади.
Вазир, шунингдек, глобал экологик муаммолар шошилинч чоралар кўришни талаб қилишини эслатиб, «Eco Expo Central Asia» иқлим ва экологик муаммоларни ҳал қилишда янгича ёндашувлар шаклланадиган масканга айланишига ишонч билдирди.
Тадбирда «Eco Expo Central Asia 2025» нафақат кўргазма, балки экспертлар, компаниялар, стартаплар, давлат ва халқаро ташкилотлар вакиллари энг замонавий ва самарали экологик ечимларни тақдим этиш учун учрашадиган ихтисослаштирилган янги авлод платформаси эканлиги таъкидланди. Бу ерда иқлим барқарорлиги, ресурсларни тежаш ва тоза технологияларни жорий этишнинг асосий масалалари муҳокама қилинмоқда.
Кўргазма сунъий интеллект ва яшил энергия соҳасидаги инновациялардан тортиб, сувни тежаш ва экологик таълим бўйича ечимларгача барқарор келажак учун технологияларнинг бутун спектрини қамраб олади. Иштирокчи давлатлар қаторига Франция, Корея Республикаси, Тожикистон, Россия, Туркманистон, Италия, Қозоғистон, Австрия, Швейцария, Саудия Арабистони, Германия, Қатар, Хитой, Хорватия, Сингапур, БАА, Беларус, Бельгия, Ҳиндистон, Буюк Британия, Япония, Норвегия, Венгрия, Туркия, Грузия, Бангладеш, Миср, Латвия ва Фаластин каби давлатлар бор. Бу Марказий Осиёнинг экологик кун тартибига халқаро миқёсда катта қизиқиш борлигини кўрсатади.
Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги томонидан Марказий Осиё минтақасида илк бор ташкил этилаётган экологик технологиялар кўргазмаси Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан эълон қилинган «Атроф-муҳитни асраш ва «яшил иқтисодиёт» йили»га бағишланди. Бу Ўзбекистоннинг нафақат ички экологик ислоҳотларни жадаллаштириш, балки бу борадаги халқаро ҳамкорликни кучайтиришга интилишини таъкидлайди.
Кўргазмада 20 дан ортиқ халқаро ташкилот ва етакчи компаниялар, шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳридаги ваколатхоналар, вазирлик ва идоралар, хорижий ва маҳаллий компаниялар, халқаро молия институтлари ва донор тузилмалар ўз павильонларини намойиш этмоқда.
Уч кун давомида меҳмонларни бой дастур: халқаро экспертлар иштирокидаги пленар ва панель муҳокамалари, инновацион лойиҳалар тақдимотлари, яшил энергия, экотуризм, барқарор шаҳарлар, рақамли технологиялар ва иқлимни молиялаштириш бўйича тематик сессиялар, маҳорат дарслари, фотокўргазмалар, маданий тадбирлар ва стартап танлови кутмоқда. 35 дан ортиқ ёндош тадбирлар, истиқболли лойиҳалар тақдимоти ва экологик дастурлар бўйича шартномалар имзоланиши ҳам режалаштирилган.
«Eco Expo Central Asia 2025» кўргазмаси инновациялар, барқарорлик ва халқаро ҳамкорликка асосланган янги экологик қарашларни шакллантириш сари қадамдир. Кўргазмада иштирок этиш — тинглаш, илғор жаҳон тажрибасини кўриш ва минтақанинг экологик келажагига ҳақиқий ҳисса қўшиш имкониятидир.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter