Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Тирбандликда қолмайдиган машина, ўзимизга мос тиббий мослама ва сунъий ёмғир – Eco Expo қандай ўтмоқда?

Тирбандликда қолмайдиган машина, ўзимизга мос тиббий мослама ва сунъий ёмғир – Eco Expo қандай ўтмоқда?

Тирбандликлар учун қулай, паркинг учун кўп жой талаб қилмайдиган машина қанақа бўлади? Битта мослама орқали бўй, вазн, ҳарорат, қондаги кислород миқдори ва бошқа тиббий кўрсаткичларни билиб олса бўладими? Орол денгизидаги экотизимни тиклаш учуш сунъий ёмғир ёғдириш таклифига нима дейсиз? Экология вазирлиги томонидан ташкил этилган Eco Expo Central Asia 2025 халқаро кўргазмасида шунақа қизиқ нарсалар кўрдикки, ҳаммасини ҳам гапиришга вақт ва саҳифа етмай қолиши мумкин.

Мисол учун, кўргазмада Оролдаги экотизимни яхшилаш учун сунъий ёмғир ёғдириш борасидаги мулоҳазаларни эшитдик. Тадбирда айтилишича, табиатни асраш учун ҳар қандай ташаббусни қўллаш керак. Сунъий ёмғир ёғдириш масаласини эса олимлар ҳал қилгани маъқул, агар улар шуни лозим топишса, балки қачондир қўллаб ҳам кўришар.

Экотуризм
Кўпинча тоққа чиқиш, дам олиш деганда тасаввурларимиз Бўстонлиқ тумани билан чегараланади. Чорвоқ, Билдирсой ва Юсуфхонага бўлган ҳурматимиз улкан, аммо Ўзбекистон ундан ҳам улканроқ. Кенг ва жуда кенг. Тоғлари, кўллари ва даштлари бир олам.

Шу маънода кўргазма жуда манфаатли бўлмоқда. Биргина харитада экотуризмнинг ҳамма салоҳиятини кўришингиз мумкин. Замонавий павильонда чўл манзараси тиклаб қўйилгани эса, алоҳида масала. Буларни кўраркансиз, ҳали борадиган жойларингиз кўп эканини ҳис қиласиз.

Экомобил
Замонавий дунёнинг энг катта муаммоларидан бири - тирбандлик. Сабаби эса ўзимизда. Кўчада юрганингизда бир қизиқиб кўринг, тирбандликда турган аксарият машиналарда якка ҳайдовчи ўтирганини кўрасиз. Оддий Матиз бўладими, ёки ўзи бир уйча чиқадиган каттакон машинами, бир кишига хизмат қилади холос.

Турин университети томонидан намойиш қилинган ихчамгина электромобил эса шу маънода чинакам ҳалоскор бўлиши мумкин. Тасаввур қилинг, тирбандликда энергия исроф қилмайдиган, осонгина йўлини топиб кетадиган, тўхтаб туриш учун катта жой талаб қилмайдиган бундай автомобил қанча муаммоларни ҳал қилган бўларди. Энг яхши томони – бунақа машина йўлакни бир четида тураверади, жой талашиб қўшнилар билан жанжаллашишга ҳам ҳожат йўқ.

Ўзимизнинг одат
Ҳар бир миллатнинг ўзига ҳос жиҳатлари бўлади, бизга яқинроғи эса – ўз вақтида шифокорга бормаслик бўлса керак. Тан олайлик, ҳаммамиз ҳам оғриб қолганимиз ҳамоно шифохонага чопавермаймиз.

Шу томонлама Eco Expo Central Asia 2025да намойиш этилган тиббий мослама жуда манфаатли бўлиши мумкин. Бу мослама бир вақтнинг ўзида кишининг бўйи, вазни, ҳарорати, қон босими, ундаги кислород миқдори ва бошқа кўрсаткичларни аниқлаб бера олади. Қулай томони, уни исталган жойга ўрнатса бўлади – метро, супермаркетлар, концерт заллари ва ҳоказо. Муҳими – қиммат ҳам эмас.

Ҳаво тозалагич
Ваҳималарнинг тури ҳар-хил бўлади, сўнгги йилларда оммалашгани эса – ҳаво ифлосланиши. Бу экологик хавфнинг олдини олиш осон эмас, аммо мумкин. Энг аввало табиатни асрашимиз лозим, қолаверса уй ҳавосини тозалаб туриш ҳам катта аҳамиятга эга.

Сиз суратда кўриб турган мослама хонадонингиз ҳавосини тезда тозалаб беради. Хориждаги муқобилларига нисбатан анча арзон ва самарали, уни ясаш учун ҳам кўп нарса керак эмас. Муҳими – тозалагич филтрларини эса уч ойда алмаштирсангиз кифоя.

MehrGo
Эндиликда йўл четида такси кутиб туриш тарихда қолган, замонавий дунёни онлайн такси хизматисиз тасаввур қилиш қийин. Аммо қанақа такси келади, билмайсиз. Шу томонлама MehrGo стартапи жуда қимматли – у билан айниқса болаларни керакли жойга муаммосиз юборишингиз мумкин. Қулай ва хавфсиз.

Стартаплар дунёси
Eco Expo Central Asia 2025 халқаро кўргазмаси давомида шу қадар кўп стартаплар намойиш этилдики, ҳар бирига соатлаб вақт ажратса арзийди. Дала четидан туриб бошқариладиган уруғ қадагич, тинч мақсадларда қўлланиладиган дронлар, сувни тозалаш мосламалари – уларнинг ҳар бири ҳаётимизни яхшилашга қаратилган. Зотан кўргазманинг мақсади ҳам айнан шу эди, ҳар бир ўтган кун аввалгисидан яхшироқ бўлиши лозим.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг