Ўзбекистон ва АҚШ одам савдоси ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш масалалари бўйича музокара ўтказди
Жорий йилнинг 25 ноябрь куни Тошкент шаҳрида Одам савдоси ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш миллий комиссиясининг АҚШ давлат департаменти аъзолари билан видеоконференция шаклидаги биринчи мулоқоти бўлиб ўтди. Бу ҳақда Олий Мажлис Сенати ахборот хизмати хабар берди.
Тадбирда Сенат раиси Танзила Нарбаева ҳам нутқ сўзлади.
Таъкидланишича, одам савдосига қарши курашиш ва мажбурий меҳнатга йўл қўймаслик масалалари мамлакатимизда давлат сиёсати даражасига кўтарилган ва бунга мисол тариқасида сўнгги уч йилда мазкур йўналишда 13 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинганини кўриш мумкин.
Бундан ташқари, 2019 йилнинг июль ойида президентимизнинг тегишли фармони асосида одам савдосига қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссияси фаолияти тугатилиб, унинг ўрнига Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раиси раҳбарлигидаги Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш миллий комиссияси ташкил этилди ва ушбу масала бўйича «Миллий маърузачи» институти жорий этилди.
Яна бир жиҳат, Халқаро меҳнат ташкилоти, АҚШ давлат департаменти, «Cotton Campaign» «Human Rights Watch» халқаро ташкилотлари тавсияларини инобатга олган ҳолда одам савдоси ва мажбурий меҳнат соҳасида Ўзбекистоннинг позициясини яхшилашга қаратилган «Йўл харитаси» ишлаб чиқилди. Шунингдек, хорижда бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳимоя қилинишини таъминлаш бўйича амалий чора-тадбирлар дастури қабул қилинганлигини ҳам алоҳида қайд этиш жоиз.
Болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатга йўл қўйилганлик учун жавобгарлик нормасини кучайтириш мақсадида «Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди ва ҳозирда Олий Мажлис Қонунчилик палатасида кўриб чиқилмоқда.
Конференцияда қишлоқ хўжалигида олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотларга ҳам тўхталиб ўтилди. Жумладан, жорий йил октябрь ойида Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг 2020-2030 йилларга мўлжалланган стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида»ги Фармони қабул қилиниши бу соҳада амалга оширилаётган ишларни янги даражага олиб чиқишига ишонч билдирилмоқда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter