Ўзбекистонга «ақлли тартибга солиш» модели қанчалик муҳим?
«Американинг Калифорния, Невада, Аризона штатларида тадқиқотчилар йўл қоидасини бузишга телефон сабаб бўлаётгани боис, қонун ишлаб чиқишни таклиф қилишди. Аммо ҳайдовчилар уяли телефондан фойдаланмаётганига қарамасдан бахтсиз ҳодисалар сонини камаймади. Ҳозирда биз ушбу номувофиқлик сабабларини аниқлаш учун маълумотларни йиғаяпмиз», — дея изоҳ беради Автомобил йўллари хавфсизлиги суғурта институти президенти америкалик Адриан Лунд.
Хўш, нима учун тақиқ самарасиз бўлди? Муаммонинг тўғри тавсифи нима?
Мақола автомобил ҳалокатлари ҳақида эмас, балки қабул қилинган қонунлар ёки қонунларни «ақлли тартибга солиш» ҳақида.
Қонунлар қабул қилинади, кейин тўлдирилади ва ўзгартирилади, муаммолар эса кўп ҳолларда ҳал этилмай қолади.
«Ақлли тартибга солиш» модели ўзи нима?
Қонунчиликка кўра, тартибга солиш таҳлили (ТСТ) маълум бир давлат органига адекват сиёсат ишлаб чиқиш ва уни амалга ошириш имконини берадиган муайян воситалар, усуллар, тартиблар мажмуи. ТСТ натижаларига кўра, тартибга солувчи воситани қўллаш самарадорлигига қараб, ҳужжат бекор қилиниши ёки қайта кўриб чиқилиши мумкин.
Бу тушунча илк бор Қўшма Штатларда 1974 йил 27 ноябрда АҚШ Президенти Жералд Форднинг 11821-сонли буйруғи билан инфляция таъсирини баҳолаш дастури расман ишга туширилди. Дастурни амалга ошириш иш ҳақи ва нархлар барқарорлиги бўйича кенгаш зиммасига юклатилди. Бундай тартиб-таомил халқаро амалиётда эса XX асрнинг 60 йилларидан қўлланила бошланган. Бугунги кунда Буюк Британия, Дания, Франция, Германия, АҚШ, Россия, Қозоғистон каби 60 дан ортиқ давлатларда самарали йўлга қўйилган.
Мазкур модел давлатнинг сифатли ва мувозанатлашган норматив-ҳуқуқий базасини яратишни, яъни, ортиқча харажат ва муддат, қоғозбозлик, бюрократик тўсиқлардан ҳоли бўлган қонун ҳужжатларини қабул қилиниши таъминлайди.
Маълумот ўрнида шуни айтиш мумкинки, «ақлли тартибга солиш» усулларини қўллаш ҳисобига Германияда 2000—2005 йилларда 10,5 миллиард евро, Австралияда 2013—2015 йилларда 4,5 миллиард австралия доллари, Россияда 2020 йилда 2,5 триллион рубль миқдоридаги ортиқча харажатларнинг олди олинган.
Ўзбекистонда тартибга солишни таҳлил қилиш тизими яқинда қўлланила бошланди. Яъни бу давлат раҳбарининг 2021 йил 15 мартдаги «Ўзбекистонда тартибга солувчи таъсирни баҳолаш тизимини жорий этиш тўғрисида»ги қарорда таъкидланганидек, катта иқтисодий ва ижтимоий-сиёсий аҳамиятга эга бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари жамоатчилик муҳокамаси орқали ташкил этилади.
2023 йил 1 январдан бошлаб тадбиркорлик фаолиятига, фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига дахлдор бўлган барча норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари ва қабул қилинаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга, шунингдек атроф-муҳит муҳити сифатида ТСТни амалга оширади.
Ҳозирча баҳолаш фақат тўртта тоифадаги ҳужжатлар бўйича амалга оширилмоқда: лицензиялаш тартиб-таомилларининг янги чекловлари ва турларини, тадбиркорлик субъектларига лицензия беришни, юридик шахсларнинг устав капиталининг энг кам миқдорига қўйиладиган талабларни оширишни, ҳар қандай турдаги ҳужжатларни белгилашни назарда тутувчи ҳужжатлар.
«Ақлли тартибга солиш» ҳисоботи лойиҳа таъсирининг аниқ тавсифини (ижобий, салбий ёки нейтрал) акс эттиради. Мазкур ҳужжат, шунингдек, норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси бир вақтнинг ўзида бир нечта давлат органлари томонидан ўрганилмоқда. Хусусан, Иқтисодий ривожланиш ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги – тадбиркорлик фаолиятига таъсири учун, Монополияга қарши қўмита – рақобатга таъсири учун, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси – атроф-муҳитга таъсири учун. Биринчи йил якунларига кўра, вазирлик мутахассислари томонидан давлат органлари томонидан ишлаб чиқилган ва ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш учун қабул қилинган 118 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳалари —қонунлар, Президент фармон ва қарорлари, ҳукумат қарорлари ўрганилди.
Аниқланишича, барча лойиҳаларнинг атиги 29 таси (25%) тартибга солиш таҳлилидан ўтган. Қолган 89 тасида (ёки 75 фоизида) Иқтисодий ривожланиш ва қашшоқликни қисқартириш вазирлиги ҳамда Монополияга қарши қўмита томонидан процедура натижалари бўйича ТСТ ҳисоботлари ва хулосалари бўлмаган.
Шунингдек, келиб тушган ҳужжатларнинг тартибга солиш таҳлили натижаларига кўра, тадбиркорлик субъектларининг асоссиз қўшимча харажатларига олиб келиши мумкин бўлган 400 дан ортиқ нормалар аниқланган ва улар зудлик билан чиқариб ташланди. Тасаввур қилаяпсизми, 400 дан ортиқ ушбу нормаларни деб қанчадан қанча тадбиркорлар ҳам вақтини, ҳам нақдини ютқазганини...
Эндиликда тизим самарали ишлаши учун Адлия вазирлиги томонидан мазкур йўналиш бўйича мутахассислар тайёрлаш ишлари фаол бошланди.
Бундан 4 йил аввал — 2018 йилинг 17-18 август кунлари Адлия вазирлиги, Бирлашган миллатлар ташкилоти ривожланиш дастурининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси, Европа хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Ўзбекистондаги лойиҳалар мувофиқлаштирувчиси, Германия Халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ) ва «Минтақавий мулоқот» ХННТнинг Ўзбекистондаги филиали (Словения) томонидан норма ижодкорлиги жараёнини такомиллаштиришга бағишланган «Ақлли тартибга солиш» моделини норма ижодкорлиги жараёнига татбиқ этишнинг муҳим вазифалари» мавзусида халқаро экспертлар давра суҳбати ўтказилганди.
Давра суҳбатида норма ижодкорлигида «Ақлли тартибга солиш» модели элементларини қўллаш эҳтиёжи мавжудлиги алоҳида тилга олинганди. Аммо бу узоқ давом этадиган жараён. Масалан, Қўшма Штатлар ушбу тизимни тўлиқ жорий этиш учун 30 йил вақт сарфлади.
Қўшни давлатлар тажрибасига эътибор қаратадиган бўлсак, тартибга солиш таҳлили Қирғизистонда 2007 йилдан бери биринчи бўлиб жорий этилган. Шу пайтдан бошлаб тадбиркорлик фаолиятини тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари тартибга солиш таҳлилидан ўтказилган.
Тартибга солишни таҳлил қилиш яъни «Ақлли тартибга солиш» мезонлари Қирғизистонда қуйидагилардан иборат: методология ва Қирғизистон Республикасининг бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари талабларини бажариш, ҳужжат формати талабларига мувофиқлиги, хулосалар ва тавсияларнинг асослилиги, хулосалар (ҳисоб-китоблар) амалга ошириладиган маълумотларнинг ишончлилиги.
Қозоғистонда эса 2014 йилдан бери «Ақлли тартибга солиш» модели бизнес соҳасига таъсир қилувчи меъёрий ҳужжатларни ишлаб чиқишнинг мажбурий тартиби ҳисобланади. Қонун ҳужжатларига мувофиқ, ТСТ жорий этилган тартибга солиш воситаси ва тегишли талаблардан тадбиркорлик субъектлари учун фойда ва харажатларни таққослашнинг таҳлилий тартиби бўлиб, келажакда давлат томонидан тартибга солиш мақсадларига эришишни баҳолаш имконини беради.
Хўш, «Ақлли тартибга солиш» моделини осон тилда қандай тушунтириш мумкин?
Даниел Циганков, Олий Иқтисодиёт мактаби (Россия) қошидаги тартибга солиш таъсирини баҳолаш маркази директори «Ақлли тартибга солиш» моделининг босқичларини қуйидагича белгилайди: Муаммонинг баёни ва тавсифи, баҳолаш мақсадини белгилаш, мақсадга эришишнинг мумкин бўлган вариантлари тавсифи, тақдим этилган муқобилларни таҳлил қилиш, маслаҳатлашувлар, хулоса ва натижалар, тавсия этилган вариантни тақдим этиш,танланган муқобилни амалга ошириш, кейинги мониторинг.
Бир қатор мамлакатларда тартибга солишни таҳлил қилиш тизими (ТСТ) қабул қилингандан кейин қўлланилса, тўлиқ ҳисобланади.
Масалан тартибга солишни таҳлил қилишга мисол келтирамиз. Яъни дори воситаларидан болаларнинг заҳарланиш ҳолатининг кўпайиши билан боғлиқ ҳужжатнинг қабул қилиниш механизмини кўриб чиқамиз.
Муаммонинг таърифи: таблеткаларни қабул қилган болаларда заҳарланиш келтириб чиқаради.
Қонуннинг мақсади: 5 ёшгача бўлган болалар ўртасида таблеткаларни қўллаш натижасида заҳарланиш ҳолатларини камайтиришдир.
Муаммо тартибга солиш билан ҳал қилинди: дори идишларини жуда осон очиш.
Ечим: қийин очиладиган флакон қопқоқларини ишлаб чиқиш — болалардан ҳимояланган қопқоқлар, яъни очилиши қийин бўлган қопқоқлар.
Энди, нима учун хорижда автоулов бошқарилаётганда телефондан фойдаланиш таъқиқлансада, ҳалокатлар камаймади, деган саволга жавоб изласак. Бунда муаммо тўлиқ ўрганилмаган, балки жамоатчилик назорати бўлмаган — муҳокамага қўйилмагандир.
Балки йўлларнинг аҳволи эътибордан четда қолгандир.
Тезлик ошиши сабаб бўлгандир. Бунга жарималарнинг пастлиги сабабдир. Буни мутахассислар ўрганишмоқда. Ҳар ҳолда телефондан фойдаланиш автоҳалокатларнинг кўпайишига сабаб бўлмагани ўз исботини топган. Яъни бунда тўлиқ тартибга солиш таҳлили амалга оширилмаган. Бизда ҳам бу борада ечимини кутаётган муаммолар кўп. Шунчалик кўпки, баъзи қонунлар, қонун ости ҳужжатлари, қарор ва фармонлар иқтисодиётга, бизнесга, тадбиркорликка ва ҳатто инсон ҳаётига зарар келтирсада қабул қилинган. Шу боисдан чалкашликлар, тушунмовчиликлар, адолат қарор топмаслиги баъзи норозиликларни келтириб чиқармоқда. Демак бизга ҳам «Ақлли тартибга солиш», яъни тартибга солиш таҳлили ўта муҳим ва шарт.
Б.Султонова
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter