Ўзбекистон Президентининг Халқаро хотин-қизлар кунига бағишланган тантанали маросимдаги нутқи (тўлиқ)
Тошкент шаҳридаги Халқаро конгресс марказида Президент Шавкат Мирзиёев иштирокида 8 март - Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан тантанали байрам тадбири бўлиб ўтди. Унда давлат раҳбари йиғилганларни байрам билан табриклаб нутқ сўзлади.
Ассалому алайкум, муҳтарама онахонлар!
Мунис опа-сингиллар!
Дилбар қизларим!
Аввало, сиз, азизларни, сизларнинг тимсолингизда бутун Ўзбекистон хотин-қизларини 8 март байрами билан чин қалбимдан муборакбод этаман. Барчангизга ўзимнинг юксак ҳурматим ва эзгу тилакларимни билдираман.
Биз бу қутлуғ байрамни доимо орзиқиб, катта қувонч ва ҳаяжон билан кутамиз. Чунки бу шукуҳли айём юртимизга яшариш ва янгиланиш фаслини – фасли навбаҳорни бошлаб келади. Бу байрам дилимиздаги сиз, азизларга бўлган самимий ҳурмат ва эҳтиромимизни, меҳру муҳаббатимизни яна бир бор ифода этишга имкон беради.
Бугун ҳар биримиз чексиз миннатдорлик ҳисси билан Яратганнинг буюк мўъжизаси бўлган аёл зотига – меҳрибон оналаримиз, қадрли опа-сингилларимиз, лобар қизларимиз шаънига энг гўзал сўзларни айтишимиз табиийдир.
Биз сизларни энг аввало фидойилик тимсоли деб биламиз. Меҳридарё қалбингиз, ақл-заковатингиз, севги ва садоқатингиз учун сизлардан бир умр қарздормиз.
Янги Ўзбекистонни барпо этишда, Учинчи Ренессанс бунёдкори бўлган ёш авлодни тарбиялашда сизларга, сизларнинг буюк мураббийлик фазилатларингизга таянамиз.
Қадрли опа-сингиллар!
Биз эркин ва фаровон, демократик, дунёга очиқ мамлакатни барпо этишда бутун халқимиз қатори хотин-қизларимиз ҳам беқиёс ҳисса қўшаётганини албатта юксак қадрлаймиз.
Шу борада фақат айрим рақамларни келтириб ўтишга рухсат бергайсиз.
Ҳозирги вақтда юртимизда фидокорона меҳнат қилаётган ҳурматли аёлларимизнинг улуши тиббиётда – 77 фоизни, таълим соҳасида – 74 фоизни, иқтисодиёт ва саноат тармоқларида эса 46 фоизни ташкил этмоқда.
Агар 2017 йилда хотин-қизларнинг бошқарув соҳасидаги улуши 27 фоиз бўлган бўлса, бугунги кунда 33 фоизга, сиёсий партиялар сафида 40 фоиздан – 47 фоизга, тадбиркорликда 21 фоиздан – 37 фоизга етди.
Билимли, ташаббускор ва фаол аёлларимиздан 2 минг нафарга яқини давлат ва жамоат ташкилотларида раҳбарлик лавозимларида хизмат қилмоқда. Хусусан, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатларининг 33 фоизи, Сенат аъзолари ҳамда маҳаллий кенгашлар депутатларининг 25 фоизи хотин-қизлар эканини таъкидлаш лозим.
Ватанимиз ва халқимиз олдидаги муносиб хизматлари учун аёлларимиздан 17 нафари энг олий мукофот – «Ўзбекистон Қаҳрамони» унвони билан тақдирланган. Хотин-қизларимиз орасида 5 нафар академик, олий таълим муассасаларининг ўзида 700 нафардан зиёд фан доктори, қарийб 3 минг нафар фан номзоди, шунингдек, «Ўзбекистон халқ шоири», «Халқ артисти», «Халқ ўқитувчиси» ва бошқа фахрий унвонларга сазовор бўлган кўплаб аёлларимиз бор.
Бундай жонкуяр опа-сингилларимизни Янги Ўзбекистоннинг олтин фонди, десак, ҳар томонлама тўғри бўлади.
Ҳурматли анжуман иштирокчилари!
Мамлакатимизда хотин-қизларнинг ҳаёт ва меҳнат шароитларини яхшилаш, уларга дахлдор ижтимоий муаммоларни ҳал этишга устувор аҳамият қаратилмоқда.
Шу мақсадда ўтган йили 872 мингдан зиёд хотин-қизларнинг бандлиги таъминланди. 233 мингдан кўпроқ аёлларга 4 триллион 700 миллиард сўм кредит ажратилди. 252 мингдан ортиқ опа-сингилларимиз меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касб-ҳунарлар ва тадбиркорликка ўқитилди.
Хабарингиз бор, биз халқимиз, айниқса, опа-сингилларимизни кўпдан буён қийнаб келган уй-жой муаммосини ечиш мақсадида катта дастурларни амалга оширмоқдамиз. Агар 2017 йилда мамлакатимиз бўйича қарийб 8 минг квартирали 191 та кўп қаватли уй-жой қурилган бўлса, ўтган йили – шунга эътибор беришингизни сўрайман – 56 минг квартирали 1433 та уй-жой барпо этилди. Жорий йилда эса яна 90 минг хонадон учун турар-жойлар қурилади.
Ўтган йили 14 мингга яқин опа-сингилларимизнинг уй-жой шароити яхшиланди, қарийб 7 минг нафар эҳтиёжманд хотин-қизларга ижара тўловлари қоплаб берилди.
Мана шундай эзгу ишларимиз орқали қанча хонадонларга қувонч ва шодлик киргани, қанча-қанча одамларнинг ҳаёт даражаси ва сифати тубдан ўзгаргани, минглаб аёлларимизнинг руҳи кўтарилиб, уларнинг эртанги кунга ишончи мустаҳкамлангани биз учун энг муҳим натижадир.
Сўнгги йилларда «Аёллар дафтари» доирасида ҳам катта тадбирлар амалга оширилмоқда. Қисқа муддатда салкам 642 минг нафар опа-сингилларимизга амалий ёрдам кўрсатилгани бу борадаги ишларимиз кўламидан далолат беради.
Хотин-қизлар саломатлигини асраш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, миллий генофондни яхшилаш мақсадида ўтган йили 9 миллион нафар аёл тиббий кўрикдан ўтказилди. Уларнинг 3 миллиондан зиёди амбулатор, 347 минг нафари эса стационар шароитда даволанди.
Юртимизда хотин-қизларнинг сифатли таълим ва тарбия олишига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Мутафаккир жадид бобомиз Абдурауф Фитрат таъбири билан айтганда, «Оналар – бутун башариятнинг тарбиячиларидир».
Дарҳақиқат, оилада бир нафар қиз ўқиб, олий маълумотга, замонавий касб-ҳунарга эга бўлса, хонадондаги муҳит бутунлай ўзгаради. Биз шу мақсадда хотин-қизлар таълимини қўллаб-қувватлаш бўйича муҳим дастурни қабул қилдик.
Қиёслаш учун бир мисол келтирмоқчиман.
Агар бундан 6 йил аввал олийгоҳларда 110 минг нафар хотин-қиз таҳсил олган бўлса, ҳозирги кунда бу рақам қарийб 5 баробар кўпайиб, 500 минг нафарни ташкил этмоқда. Бу борада қизларимизнинг улуши 50 фоизга етгани тарихимизда мисли кўрилмаган натижадир.
Янги тартибга мувофиқ, магистратурада ўқиётган 10 мингдан ортиқ талаба қизлар учун 68 миллиард сўмдан зиёд контракт пуллари давлат томонидан тўлаб берилди. 65 мингдан кўпроқ талаба хотин-қизларга 727 миллиард сўмга яқин фоизсиз таълим кредити ажратилди.
Эҳтиёжманд оилаларда яшаётган қарийб 2 минг нафар қизлар, шунингдек, мутахассислиги бўйича беш йиллик меҳнат стажига эга бўлган 500 нафардан ортиқ хотин-қизларимиз олийгоҳларга алоҳида квота асосида ўқишга қабул қилинди.
Дунёда чуқур иқтисодий инқироз давом этаётган ҳозирги кунда, қанчалик қийин бўлмасин, зарур маблағ ва имкониятларни топиб амалга ошираётган бундай саъй-ҳаракатларимиз албатта ўз натижасини беради. Олийгоҳларда таҳсил олаётган хотин-қизларимиз орасидан илм-фан, сиёсат ва жамоат арбоблари, машҳур маданият ва санъат, спорт намояндалари етишиб чиқади, деб ишонаман.
Азиз опа-сингиллар!
Кейинги йилларда Ўзбекистон хотин-қизларининг овози халқаро минбарлардан ҳам дадил янграётгани барчамизни қувонтиради. Улар минтақавий ва халқаро тузилмалар, нуфузли форум ва анжуманларда фаол иштирок этаётганидан хабарингиз бор.
Бу ҳақда сўз юритганда, мамлакатимиз ташаббуси билан 2020 йилда Марказий Осиё мамлакатлари етакчи аёллари мулоқотига асос солинганини таъкидлаш лозим. Ўтган йили эса Тошкентда Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Хотин-қизлар форуми бўлиб ўтди. Буларнинг барчаси хотин-қизлар муаммоларини минтақа ва халқаро миқёсда муҳокама қилиш, уларни ҳал этиш бўйича янги ташаббусларни илгари суриш имконини бермоқда.
Фурсатдан фойдаланиб, бугунги тантанамизда иштирок этаётган, ана шундай саъй-ҳаракатларимизни қўллаб-қувватлаб келаётган хорижий давлатларнинг ҳурматли элчилари ва халқаро ташкилотлар вакилаларини ҳам самимий қутлайман. Барчамиз чин дилдан уларнинг мамлакатлари ва халқларига тинчлик ва фаровонлик тилаймиз.
Қадрли ватандошлар!
Шу ўринда кўнглимдаги бир эзгу фикрни сиз, азизларга айтишни жоиз деб биламан.
Биз Ўзбекистонда қандай қонун ва қарорларни қабул қилмайлик, қандай ислоҳотларни ҳаётга жорий этмайлик, давлат раҳбари сифатида менинг кўз ўнгимда аввало мунис оналаримиз, меҳрибон опа-сингилларимиз сиймоси, уларнинг дарду ташвишлари туради.
Сиз, азизларимнинг оила даврасида тинч-омон, соғ-саломат, фаровон ва бахтли турмуш кечиришингиз, жамият ҳаётида фаол иштирок этишингиз учун хизмат қилишни мен ўзим учун нафақат асосий вазифа, балки шарафли бурч, деб биламан. Чунки оила таянчи, жамият устуни бўлган оналаримиз, аёлларимиз ҳаётдан рози бўлса, бутун халқимиз ҳаётдан рози бўлади. Халқ рози бўлса, Яратганимиз ҳам биздан рози бўлади.
Хабарингиз бор, республика хотин-қизлар ташкилоти ҳозирги вақтда Оила ва хотин-қизлар қўмитаси сифатида янгича мазмунда фаолият кўрсатмоқда. Қўмитанинг ваколат ва фаолият доираси кенгайтирилиб, унинг таркибига билимдон ва юқори малакали янги кадрлар жалб этилди. Жумладан, биринчи марта энг қуйи бўғинда – 9 минг 400 дан зиёд маҳаллада аёллар муаммоларини ҳал этишга кўмаклашадиган хотин-қизлар фаоли лавозимлари жорий этилди.
Буларнинг барчаси Оила ва хотин-қизлар қўмитасини Ўзбекистон аёлларининг чинакам таянчи ва суянчига айлантиришга хизмат қилади.
Муҳтарам ватандошлар!
Маълумки, турли соҳаларда дастлабки муҳим натижаларга эришиб, ёшларимизга намуна бўлаётган истеъдодли қизларимизни шу қутлуғ байрам арафасида Зулфия номидаги давлат мукофоти билан тақдирлаш яхши анъанамизга айланган. Бугун Зулфияхонимга муносиб издош сифатида эътироф этилган яна 28 нафар оқила ва истеъдодли қизларимизга ана шу мукофотларни топширамиз.
Сиз, азиз қизларимни ҳаётингиздаги илк зафар билан чин дилдан табриклаб, барчангизга янги-янги ютуқлар тилайман.
Бугунги хурсандчилик кунда ўз соҳасида ибратли натижаларга эришган, давлат ва жамият ҳаётида фаол иштирок этиб, ёш авлодни ватанпарварлик руҳида тарбиялашга муносиб ҳисса қўшиб келаётган ҳурматли аёлларимиздан катта бир гуруҳи давлатимизнинг юксак орден ва медалларига сазовор бўлдилар.
Фурсатдан фойдаланиб, уларнинг барчасини самимий табриклайман.
Азиз ва қадрли ватандошлар!
Бугунги ўта оғир ва мураккаб замонда биз ўз олдимизга улкан вазифаларни қўймоқдамиз. Уларни бажариш албатта осон бўлмайди. Лекин, бу шарафли йўлда бизга чексиз куч ва мадад берадиган мард ва олижаноб халқимиз, муҳтарама оналаримиз, азиз опа-сингилларимиз бор экан, кўзлаган улуғ мақсадларимизга албатта етамиз.
Янги Ўзбекистонни барчамиз биргаликда бунёд этамиз!
Сизларга, бутун мамлакатимиз аёлларига сиҳат-саломатлик, оилавий бахт, хонадонларингизга файзу барака тилайман.
Қутлуғ байрамингиз муборак бўлсин!
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter