Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ўзбекистон Покистонга 40 тоннага яқин беғараз ёрдам жўнатди

Ўзбекистон Покистонга 40 тоннага яқин беғараз ёрдам жўнатди

Ўзбекистон томонидан давомли муссон ёмғирлари ва сув тошқинларидан жабр кўрган қардош Покистон халқига ёрдам бериш мақсадида юборилган инсонпарварлик юки бугун Исломобод аэропортига етиб борди. Бу ҳақда «Дунё» АА хабар бермоқда.

Ўзбекистон ҳарбий ҳаво кучлари махсус самолёти озиқ-овқат ва трикотаж маҳсулотлари, бошқа товарлардан ташкил этилган 40 тоннага яқин беғараз ёрдамни етказиб берди. Ушбу маҳсулотлар табиий офатдан энг кўп зарар кўрган ҳудудларга юборилади.

Исломобод халқаро аэропортида юкни Покистон фан ва технологиялар федерал вазири Ага Ҳасан Балоч ушбу мамлакат ҳукумати номидан қабул қилиб олди.

«Бугун биз учун шундай синовли ва мураккаб бўлган кунларда биринчилардан бўлиб ёрдам қўлини чўзган ўзбек қардошларимизнинг самимий ҳамдардлик туйғуларига гувоҳ бўляпмиз. Покистон ҳукумати ва халқи қардош Ўзбекистон раҳбарияти ва халқининг саховатини юксак қадрлайди», – деди вазир.

Покистон ташқи ишлар вазирлигининг Марказий Осиё мамлакатлари билан ҳамкорлик бўйича департаменти бош директори Шоҳ Файсал Какар ҳам ўз миннатдорчилигини билдирди.

Эслатиб ўтамиз, сўнгги бир неча ҳафта давомида Покистонда мисли кўрилмаган муссон ёмғирлари ва сув тошқинлари миллионлаб оилалар кундалик ҳаётига салбий таъсир кўрсатди. Айниқса, Балужистон ва Синд вилоятлари аҳолиси энг кўп зарар кўрди. Юз минглаб одамлар бошпанасиз қолди.

ОАВ хабарларига кўра, кучли ёмғир ва кенг қамровли сув тошқинларининг ҳалокатли оқибатлари натижасида 1000 дан ортиқ киши ҳалок бўлган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг