«Ўзбекистон» меҳмонхонасига харидор чиқмаяпти
Шу йилнинг февраль ойида «Ўзбекистон» меҳмонхонаси сотувга қўйилгани хабар қилинганди. Ҳатто уни сотиб олишга талабгор ҳам топилгани айтилганди. Лекин улкан меҳмонхона ҳали ҳам ўз эгасини топмаган кўринади.
ЎзА маълум қилишича, бир вақтлар Тошкентнинг рамзларидан бири саналган меҳмонхона яна сотувга қўйилган. Нарх ҳам ўзгармаган – ўша 33 миллион АҚШ доллари.
Дарвоқе, кўпчилик сотувга фақат меҳмонхона қўйилган, деб ўйлаётган бўлса адашади. «Ўзбекистон» меҳмонхонаси комплексига шу ҳудуддаги барча иншоотлар (иккита ресторан, умумий овқатланиш шохобчаси, анжуманлар зали ва ҳ.к) киради.
«Ўзбекистон» меҳмонхонаси Тошкентнинг қоқ марказида жойлашган бўлиб, аэропорт ва темир йўл вокзалига яқинлиги ҳамда қулай жойлашуви билан мижозларнинг эътиборини ўзига тортади. Ушбу меҳмонхонанинг давлат улушини сотиб олиш бўйича тендерда иштирок этиш учун мурожаат этувчи ёки унинг ваколатли вакили Давлат активларини бошқариш агентлигига ариза бериши лозим.
Танлов ўтказилмаган, деб ҳисобланган тақдирда такрорий танлов дастлабки танлов ўтказилган кун (2019 йил 11 июнь)дан бошлаб ҳар ўн иш кунида бир марта ўтказилиши мумкин.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter