«Ўзбекистон. Ғалабага йўл» — янги фильм премьераси

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ва Россиянинг «Диви» кинокомпанияси ҳамкорлигида тасвирга олинган «Ўзбекистон. Ғалабага йўл» номли тарихий-бадиий ҳужжатли фильм премьераси бўлиб ўтади.
Барчамиз учун фахр, ифтихор туйғусини ифодаловчи, даҳшатли тарихда Ўзбекистоннинг ҳақиқий жасоратини яна бир бор намойиш этадиган мазкур фильм премьераси тез кунда – 2025 йил 8 май санасида «Россия Культура» 18.15 да, шунингдек, 9 май куни «Севимли» телеканалида ўзбек тилида соат 16.20 да томоша қилиш мумкин.
Фильм бирдамлик, меҳр-оқибат ва миллатлараро биродарлик мавзусини очиб берган ҳолда бадиий тушунча ва тарихий аниқлик орқали ўтмишни ёдга олишга қаратилган. Мазкур тарихий ҳужжатли фильмнинг асосий саҳналарини суратга олиш ишлари пойтахтимиздаги Хотира ва қадрлаш майдони, шунингдек уруш йилларида чинакам инсонпарварликни улуғловчи оила сифатида катта жасорат кўрсатиб, турли миллатга мансуб бўлган 15 нафар болаларни асраб олган темирчи Шоаҳмад Шомаҳмудовлар оиласи хотирасига қўйилган ёдгорлик мажмуаси ҳамда Ғалаба боғи ҳудудида олиб борилди.
Тарихнинг гувоҳлик беришича, ушбу уруш ўз даҳшатлари билан ер юзи аҳолисининг 80 фоизини қамраб олган ва бу кўрсаткич унгача бўлган барча урушлар жамланмасидан-да ошиб тушишини кўрсатади. Унда ўша даврда мустақил бўлган 73 давлатдан 1,7 миллиард аҳолиси бўлган 61 та давлат иштирок этган. Ҳарбий ҳаракатлар 40 та давлат, уч қитъа ва тўртта океан ҳудудида олиб борилган.
Маълумки, 1941 йилда республикамиз аҳолиси 6 миллион 800 мингдан зиёд кишини ташкил этарди. Уруш бошланиши билан қарийб 2 миллион юртдошимиз фронтга отланди. Ҳар бири том маънода қаҳрамон бўлган бу азиз инсонларнинг 500 мингдан зиёди шафқатсиз жангларда ҳалок бўлди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, «Биз бу рақамларни ҳар йили қайта-қайта эслаймиз. Бу шунчаки рақамлар эмас. Уларнинг замирида камтарона оналаримиз, бувиларимиз, мард ва жасур оталаримиз, бобо ва боболаримиз, бутун халқимиз қалбидаги чексиз қайғу мужассам. Бу дард ва изтиробни на сон, на сўз билан ифодалаб бўлмайди».
Иккинчи Жаҳон уруши йилларида Ўзбекистон аҳолиси тахминан 6.5 млн. кишини ташкил қиларди. Жанглар кечаётган ҳудудлардан мамлакатимизга 1.5 миллион нафардан ортиқ киши кўчириб келинган ва ўзлари ҳам урушни бошидан кечираётганларига қарамай, Ўзбекистон ҳудудига келган уруш жабрдийдаларининг ҳаммасига бағрикенг юртдошларимиз бор меҳрларини беришган.
Уруш йилларида чинакам инсонпарварликни улуғловчи ўзбек оиласи сифатида катта жасорат кўрсатиб, турли миллатга мансуб бўлган 15 нафар болаларни асраб олган темирчи Шоаҳмад Шомаҳмудовлар оиласини ҳар қанча ёдга олсак кам. Мана, 80 йилдирки, Шоаҳмад Шомаҳмудовлар оиласи кўрсатган инсонпарварлик нафақат Ўзбекистон халқи учун, балки жанглар кечган ҳудудлардан мамлакатимизга кўчириб келиб, меҳр кўрсатилган 1.5 миллион нафардан ортиқ кишининг асл ватани бўлган дунёнинг энг илғор давлатлари томонидан ҳам эътироф этиб келинмоқда.
Россиянинг «Диви» кинокомпанияси томонидан Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази билан ҳамкорликда тасвирга олинган ва «Ўзбекистон. Ғалабага йўл» халқаро тарихий-ҳужжатли, бадиий сериал ҳам ана шу эътирофнинг бир намунаси дейиш мумкин. Мазкур ҳужжатли фильм Ўзбекистоннинг уруш йилларида минглаб эвакуация қилинганлар тақдирига қўшган ҳиссасига бағишланган. Ҳужжатли фильмда Россия, Европа ва Ўзбекистоннинг етакчи актёрлари, тарихчилар ва ижодий жамоалар иштирок этмоқда. Жумладан, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Рустам Сагдуллаевни ҳам кўриш мумкин. Ҳужжатли-бадиий сериал ҳар бири беш дақиқадан иборат 5 қисмдан иборат бўлиб, Ўзбекистонга эвакуация қилишнинг асосий гуманитар ва маданий жиҳатларини ёритади.
Хусусан:
- Иккинчи жаҳон уруши йилларда эвакуация қилинганларнинг Тошкентга келиши;
- турли республикалардан етим болаларни ўз фарзандидек қабул қилган ўзбек оилалари;
- Ўзбек аскарлари ва фронтчиларнинг жасорати;
- Иккинчи жаҳон уруши йилларидаги ўзаро ёрдам анъаналарининг давоми сифатида 1966 йилги зилзиладан кейин Тошкент шаҳрини қайта қуришдаги ҳамжиҳатлик каби жиҳатлар қамраб олинган.
Энг оғир дамларда Ўзбекистоннинг бағрикенглигини ифода этадиган мазкур фильм ҳар биримиз учун қандай юрт фарзанди эканлигимизни англаш ва ҳис қилиш учун яна бир имконият.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter