Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ислом цивилизацияси марказидаги "Вақт девори"га 20 тага яқин миниатюра чизилади

Ислом цивилизацияси марказидаги

CC0 / State Museum of Oriental Art

Деворий суратни чизишда 100 га яқин рассом иштирок этади.

Ислом цивилизацияси марказидаги "Вақт девори"га 20 тага яқин миниатюра чизилади, дея хабар берди марказ матбуот хизмати.

Қайд этилишича, миниатюралар Иккинчи Ренессанс даври экспозицияларининг “Цивилизациялар ва кашфиётлар девори”дан ўрин олади.

“Миниатюралар жойлаштириладиган деворнинг узунлиги 57 метр, бўйи бир метрли ганчкор безак билан ҳисоблаганда 5 метрни ташкил қилади. Девор бўйлаб жами 16-18 та миниатюра ўрин олиб, қўш саҳифаларни ҳисоблаганда 21 та миниатюрани ўз ичига олади”, — дейди санъатшунослик фанлари бўйича фалсафа доктори Беҳзод Хожиметов.

Унинг қайд этишича, деярли икки ой давомида миниатюралардан иборат девор эскизи яратилди. Унда Ҳирот Бухоро, Самарқанд ва ҳинд миниатюра мактаблари асосида ишланган миниатюралар саралаб олинган.

“50 тага яқин миниатюралар орасида Шероз, Исфаҳон, Табриз миниатюра мактаблари услубида ишланганлари ҳам бор эди, аммо ўзимизнинг алломалар, тарихий воқеликлар акс этган расмлар танлаб олинди. Бундан ташқари ов, жанг каби манзаралардан воз кечилди. Сабаби деворий суратлар концепцияси биринчи ўринда цивилизациялар, шахслар ҳамда кашфиётлар мавзуларини ўз ичига олади”, — дея аниқлик киритди Хожиметов.

Айтилишича, деворий суратни чизишда 100 нафарга яқин рассом иштирок этади.

Маълумот учун, мумтоз миниатюра мактаблари ичида Бухоро ва Самарқанд мактаблари алоҳида ўрин эгаллайди. Асарларда композицион қурилиш, архитектура, одамлар, жониворлар талқини ўзига хос услубда ишланган. “Миниатюра санъати” "UNESCO"нинг номоддий маданий мероси рўйхатига киритилган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг