Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Ўзбекистон билан чегараларимиз аниқ, фақат расмийлаштириш қолган» – Жапаров

«Ўзбекистон билан чегараларимиз аниқ, фақат расмийлаштириш қолган» – Жапаров

Қирғиз Республикаси президенти Садир Жапаров икки кундан буён давом этаётган қирғиз-тожик чегарасидаги қуролли можаро юзасидан муносабат билдириб, ҳалок бўлганларнинг яқинларига ҳамдардлик билдирди.

«Афсуски, Боткен диёримизда нотинч воқеа – қурол ишлатиш, қон тўкиш билан якунланган можаро такрорланди.

Қирғиз-тожик чегараси ҳудудларида содир бўлган ушбу қуролли тўқнашувда ҳамюртларимиз ҳалок бўлди.

Ватанимиз чегарасида ҳалок бўлган юртдошларимизнинг оила аъзолари, ота-оналари ва ака-укаларига чуқур ҳамдардлик билдираман.

Марҳум акаларимиз Ватан сарҳадларининг ҳар бир квадрат метрини ҳам қўриқлашдек муқаддас бурчни адо этиш чоғида ҳалок бўлди.

Яратган жойларини жаннатдан қилсин! Уларнинг оилаларига ҳар томонлама ғамхўрлик қилишга ваъда бераман.

Азиз биродарлар, ҳалок бўлган ҳар бир юртдошимиз бутун қирғиз фуқароларининг фахрли ўғил-қизларидир.

Шундай экан, халқимизни янада жасоратли бўлишга чақираман. Афсуски, қуролли тўқнашувларда кўплаб инсонлар ҳалок бўлмоқда. Кеча бўлиб ўтган тўқнашувларда ўқ ёмғиридан қочмаган мард чегарачиларимизнинг жасорати, душман ҳужумини қайтаришда кўрсатган қаҳрамонликлари учун миннатдорчилик билдираман», – деб ёзади Садир Жапаров ўзининг Фейсбук саҳифасида.

У, шунингдек, чегарадаги вазият ортидан Тожикистон томонидан ҳам одамлар жабрланганини қайд этиб ўтади.

«Ушбу қуролли тўқнашувда фақат бизнинг фуқароларимиз ҳалок бўлмади. Сўнгги маълумотларга кўра, Тожикистон томони катта йўқотишларга учраган.

Ҳурматли биродарлар, ўтмиш тарихга назар ташлайдиган бўлсак, чегара низолари билан боғлиқ барча ҳолатлар ўз ечимини топмай келаётганига, чегара низолари яна бошқа низоларни бошлаб келганига гувоҳ бўлиб келяпмиз.

Ваҳоланки, ҳар қандай ҳолатда ота-боболаримиздан мерос қолган ернинг бирор квадрат метрини ҳам бошқаларга бермаймиз», – дейди Жапаров.

Қирғизистон президенти айни пайтда чегара муаммоси тожик томони билан содир бўлаётгани, ушбу масалани ҳал қилиш кун тартибидаги масала эканини таъкидлайди. Шунингдек, у Ўзбекистон билан чегаралар аллақачон ҳал қилинганини ҳам қистириб ўтган.

«Ўзбекистон Республикаси билан барча чегара линияларимиз аниқланган, уларни қоғозга тушириш ва расмийлаштириш қолган.

Қирғиз-тожик чегарасини аниқлаштириш масалалари эса кун тартибида.

Тарих тасдиқлаганидек, чегара масаласи жуда эҳтиёткорлик ва сабр-тоқат талаб қиладиган мураккаб масала.

Бироқ қирғиз-тожик чегарасини тезда ҳал қилиш борасидаги саъй-ҳаракатларимизда бир дақиқа ҳам тўхтаб қолмаймиз», – деб ёзади президент Жапаров.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг