Ўзбекистон АҚШнинг хотин-қизлар иқтисодий ҳуқуқлари ва имкониятларини кенгайтириш бўйича ҳаракатларга даъвати иштирокчисига айланди
Вашингтондаги Ўзбекистон элчихонаси хабар беришича, 2020 йил 23 октябрь куни Сенат Раиси Танзила Нарбаева раҳбарлигидаги Ўзбекистон делегацияси «Хотин-қизлар иқтисодий ҳуқуқлари ва имкониятларини кенгайтириш бўйича ҳаракатларга даъват» (Call to Action on Women’s Economic Empowerment) мавзусида АҚШ Давлат департаменти томонидан виртуал форматда ташкил этилган халқаро форумда иштирок этди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Ахборот хизмати хабар берди.
Форум давомида иштирокчилар хотин-қизларнинг иқтисодий ҳуқуқларини кенгайтириш, уларнинг глобал иқтисодиётдаги ролини кучайтириш, шунингдек, бутун дунёда аёл тадбиркорларга ўз имкониятларини рўёбга чиқариш учун тенг шароит ва имкониятларни тўлиқ яратиш масалаларини муҳокама қилдилар.
Тадбирда Ўзбекистон, АҚШ, Албания, Буюк Британия, Венгрия, Вьетнам, Ҳиндистон, Колумбия, Кот-Д’Ивуара, Марокаш, Маршалл ороллари республикаси, Руанда, Сан-Марино ва Эстония (жами — 14 та мамлакат) ҳукуматлари ва парламентларининг юқори мартабали вакиллари иштирок этди. Ушбу мамлакатларнинг Вашингтонда аккредитациядан ўтган дипломатик ваколатхоналари раҳбарлари бевосита форумда иштирок этиш учун АҚШ Давлат департаментига таклиф этилди. Бизнинг Элчихонамиз томонидан элчи Жавлон Вахабов иштирок этди.
АҚШ томонидан давлат котиби Майк Помпео, президент маслаҳатчиси Иванка Трамп, миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчи Роберт О'Брайен ва АҚШнинг БМТдаги доимий вакили Келли Крафт иштирок этди. Маросимни Давлат департаментининг Хотин-қизларнинг глобал масалалари бўйича идораси раҳбари, алоҳида топшириқлар бўйича элчи Келли Кюрри олиб борди.
М.Помпео Оқ уй раҳбарияти номидан барча делегатларга «форумда иштирок этаётганлиги ва ўз мамлакатлари ҳукуматларининг хотин-қизларга жаҳон иқтисодиётини ривожлантиришда эркин иштирок этиш имкониятларини тўлиқ яратиш бўйича саъй-ҳаракатлари учун» ўз миннатдорчилигини билдирди. У «Қўшма Штатлар ҳамкор мамлакатларнинг Вашингтон ташаббусини қўллаб-қувватлаётганидан фахрланади ҳамда тинчлик ва тараққиётнинг умумий қадриятларини тарғиб қилиш ишида мамлакатлар бош бўлганлигини унутмайди» деб таъкидлади.
Президент маслаҳатчиси И.Трамп қайд этишича, «БМТга аъзо давлатлар орасида тарғиб қилинаётган ва АҚШнинг глобал миқёсда хотин-қизлар камолотига эришиш ташаббуси тамойилларига асосланган хотин-қизларнинг иқтисодий ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш бўйича ҳаракатларга даъват АҚШ ва 31 та мамлакатнинг бутун дунёда хотин-қизларга иқтисодий имкониятлар тақдим этишга содиқлиги эътирофидир».
Америка Қўшма Штатлари Президентининг Миллий хавфсизлик масалалари бўйича маслаҳатчиси Р.О'Брайен таъкидлаганидек, «форум хотин-қизларнинг иқтисодий жараёнларда тўлақонли ва монеликсиз иштирок этишини таъминлаш орқали жаҳонни барқарор ривожлантириш мақсадларига иштирокчи давлатларнинг қатъий содиқлигини намоён этади».
«Хотин-қизларнинг иқтисодий ҳуқуқлари ва имкониятларини кенгайтириш АҚШ ташқи сиёсатининг ва миллий хавфсизлик стратегиясининг асосий йўналиши ҳисобланади», — деди маслаҳатчи.
АҚШнинг БМТдаги элчиси К.Крафтнинг сўзларига кўра «бутун жаҳонда хотин-қизларнинг ҳуқуқлари ва имкониятларини кенгайтириш Президент Д. Трамп маъмуриятининг энг устувор вазифаларидан биридир».
«Ушбу тадбирда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг 75 йиллиги ва Хотин-қизлар ҳолати, тинчлик ва хавфсизлик бўйича Тўртинчи Бутунжаҳон конференциясининг 25 йиллиги нишонламоқда. Хотин-қизлар инсон ҳуқуқларини таъминлаш ва тинчликни сақлашда ҳал қилувчи роль ўйнайди», — деди америкалик дипломат.
Сенат Раиси Т.Нарбаева ўз нутқида «хотин-қизларнинг Ўзбекистон сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий ҳаётидаги иштирокини фаол қўллаб-қувватлаш республика ҳукуматининг асосий вазифаси ҳисобланишини» таъкидлади. Тадбир иштирокчиларининг алоҳида эътибори мамлакат Раҳбарияти томонидан кейинги вақтда мамлакатни янада ривожлантириш учун ҳаётий муҳим қарорлар қабул қилиш жараёнида хотин-қизларнинг ролини сезиларли даражада оширишга қаратилган бир қатор қарорларга қаратилди.
Вашингтондаги дипломатик миссиямиз хабар берганидек, форум якунлари бўйича «Хотин-қизларнинг иқтисодий ҳуқуқлари ва имкониятларини кенгайтириш бўйича ҳаракатга даъват» номли ҳужжатни расмий имзолаш маросими бўлиб ўтди.
Ҳужжатда инсон ҳуқуқлари ва асосий эркинликларини ҳимоя қилишни рағбатлантириш, глобал иқтисодиётнинг гуллаб-яшнаши ва барқарорлигида хотин-қизларнинг тўлақонли иштирок этиши ва етакчилик қилишининг асосий ролини тасдиқлаш ҳамда фуқаролик жамиятининг иштирокини ва у билан ҳамкорликни кенгайтириш, айниқса, COVID-19 пандемияси шароитида кенгайтириш назарда тутилади.
Унда хотин-қизлар ҳолати, тинчлик ва хавфсизлик бўйича Тўртинчи Бутунжаҳон конференциясининг 25 йиллиги арафасида БМТ Низомига содиқлик ва гендер тенгликни тарғиб қилиш, шунингдек хотин-қизларнинг таълим олиши ҳамда касбий тайёргарлиги, хотин-қизларга нисбатан ҳар қандай кўринишидаги зўравонлик билан боғлиқ мавжуд ва юзага келаётган муаммоларни ҳал этиш қайд этилган.
Даъват БМТ тизимида уч ўлчов бўйича хотин-қизларнинг иқтисодий ҳуқуқлари ва имкониятларини кенгайтиришга қаратилади: 1) кадр ресурсларини ривожлантириш ва уларнинг кўникмаларини шакллантириш, 2) тадбиркорлик ва капиталдан фойдалана олиш, 3) хотин-қизларнинг иқтисодий ҳаётда иштирок этиши учун қулай муҳит яратиш.
Бундан ташқари, шартномани имзолаган мамлакатлар хотин-қизларнинг иқтисодиётда тўла ва эркин иштироки йўлидаги ҳуқуқий, меъёрий ва бошқа тўсиқларни олиб ташлаш, шу жумладан, аёлларнинг муассасалар имкониятларидан фойдаланиш ва капитал олиш, мулкка эгалик қилиш ҳамда уни бошқариш, эркин саёҳат қилиш ва эркаклар билан бир хил соҳаларда ишлаш имкониятларини яратиш зарурлигини таъкидламоқда.
Гендер тенгликни амалга ошириш, барча хотин-қизларнинг таълим олиш ҳуқуқини таъминлаш, бу борадаги тўсиқларни бартараф этиш, кенг қамровли ва адолатли сифатли таълимни таъминлаш, мазкур йўналишдаги халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш ҳам ҳужжатнинг асосий бандларига айланди.
Давлат департаменти билан эришилган келишувга мувофиқ Ўзбекистон Қўшма Штатлар ташаббусини қўллаб-қувватлаган давлатларнинг асосий гуруҳига (31 мамлакат) аъзо бўлди. Мурожаатномани виртуал режимда мамлакатимиз номидан Т.К.Нарбаева имзолади.
Мамлакатларнинг асосий гуруҳига, шунингдек, Афғонистон, Албания, Бутан, Бразилия, Буюк Британия, Вьетнам, Кабо-Верде, Колумбия, Коста-Рика, Кот-д'Ивуар, Миср, Эстония, Венгрия, Ҳиндистон, Ямайка, Япония, Қозоғистон, Малайзия, Малдив ороллари, Марокаш, Папуа-Янги Гвинея, Перу, Қатар, Корея, Маршалл ороллари республикаси, Руанда, Сан-Марино, Саудия Арабистони, Тунис ва Бирлашган Араб Амирликлари каби мамлакатлар киритилди.
Ушбу ҳужжат АҚШ ташқи сиёсий идорасининг расмий веб-сайтида жойлаштирилди ва БМТга аъзо бошқа давлатлар қўшилиши учун очиқдир.
Вашингтондаги дипломатик ваколатхонамиз раҳбарининг махсус топшириқлар бўйича элчи К.Кюрри билан учрашуви чоғида дипломат республикада амалга оширилаётган ислоҳотларни юқори баҳолади ва АҚШнинг хотин-қизларнинг иқтисодий ҳуқуқларини рағбатлантириш соҳасидаги ташаббусини фаол қўллаб-қувватлаганлиги учун Ўзбекистон томонига миннатдорлик билдирди. К.Кюрри «Сенат раҳбариятининг нутқи ва мамлакатнинг жамиятдаги аёлларнинг ўрни ва ҳуқуқларини мустаҳкамлаш борасидаги ютуқлари тўғрисида тайёрланган видеоролик маросимнинг жуда муҳим ва ёрқин қисмига айланди», дея таъкидлади.
Америкалик дипломат таъкидлаганидек, «Ўзбекистоннинг гендер тенглик соҳасидаги сўнгги йилларда эришган ютуқлари жуда таъсирли ва республика ҳаётининг барча соҳаларида хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш масалаларида бошқалар учун ўрнакдир».
«Сенат Раиси Т.К. Нарбаеванинг парламент юқори палатасига биринчи аёл раҳбар бўлиб тайинланиши ҳозирги Ўзбекистонда юз бераётган ўзгаришларнинг ёрқин аксидир», — дея хулоса қилди Давлат департаменти вакили.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter