Ўзбекистон-АҚШ: Афғонистондаги воқеалар ривожи юзасидан фикр алмашилди
Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов 3 октябрь куни Америка Қўшма Штатлари Давлат котибининг биринчи ўринбосари Уенди Шерман билан учрашув ўтказди.
Суҳбат чоғида Ўзбекистон-АҚШ кун тартибининг долзарб масалалари муҳокама қилинди.
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида жамиятнинг барча соҳаларида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ҳақида батафсил маълумот берди.
Давлат департаменти вакили АҚШ томони Ўзбекистонда олиб борилаётган кенг ўзгаришларни қўллаб-қувватлашини таъкидлади.
Минтақадаги вазият ва Афғонистондаги воқеалар ривожи юзасидан фикр алмашилди. Томонлар Афғонистонда кенг миллий ярашув ва инклюзив ҳукуматни шакллантириш жараёнига кўмаклашиш, мамлакатда инсоннинг асосий ҳуқуқ ва эркинликларига риоя этилишини таъминлаш, гуманитар инқирознинг олдини олиш зарурлигини таъкидладилар.
Савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкорликни ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Бўлажак қўшма тадбирлар жадвали ва ташкилий жиҳатлари, хусусан, стратегик ҳамкорлик мулоқотининг биринчи йиғилишини ўтказиш масалалари кўриб чиқилди.
Музокараларда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши котиби Виктор Маҳмудов ва Ўзбекистон Республикаси Адлия вазири Руслан Давлетов иштирок этди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter