Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Санжар Машриқий

Худодан сўраб, бекор ётма! (арман халқ мақоли)

Қиш яқин: оддий қишлоқ ҳаётидан бир шингил лавҳа

Қиш яқин: оддий қишлоқ ҳаётидан бир шингил лавҳа

Фото:«Arbor.park.ru»

Қиш яқинлашиши билан кекса ўқитувчининг оёқларига қалтироқ киради... Ғалати қалтироқ бу. Бўм-бўш ўтинхона ва унинг четида озроқ йиғилган тезакларни кўриб, қалтироқ яна кучаяди.

Қалтираганча телевизорни ёқади.

«Фалон ҳудуд пахта режасини фалон фоизда бажарди. Шубҳасиз, ҳудуднинг бахтиёр аҳолиси бу ютуқдан мамнун», – дейди кўзлари чақнаган, хушбичим бошловчи.

Инсон кўрганига ишонади. У ичида бошловчини сўкади. Худди у тезак ва кўмир ҳақида гапирса, шу муаммони олиб чиқса, ичига иссиқлик кирадигандек...

«Қайси мутасадди ҳануз чекка-чекка қишлоқларда газ етиб бормайдиган, электр энергияси билан таъминланмаган хонадонлар борлигини инкор қила олади? Ёки қайсидир раҳбарнинг қиш кунларида аҳолининг ҳолидан хабар олганини эшитганмисиз?

Балки… аммо мен ҳеч эшитмаганман ҳам, кўрмаганман ҳам» деб ғудранади ўзига ўзи.

Ёз кунларида ёш-ёш қизалоқларнинг, катта-катта аёл-у кампирларнинг челак кўтариб мол тезакларини йиғиб юрганини кўриб ичи эзилиб қўярди.

Мана қишлоқларга куз кириб келди. Яна озгина муддатдан сўнг қиш ҳам қадам ранжида қилади.

Эрталаб юзни эркалайдиган куз ели раҳмсиз, юзни чимчилайдиган совуқ шамолга айланади.

Йиллар бўйи бу муаммо гапирилди. Ўзбекнинг катта муаммоси шу бўлиб қолди. Тоғларда дўланалар, бодомлар қирилиб кетди.

Мана энди бойроқлар кўмирга, қўли калталар тезакка, бутага кўз тикиб ўтирибди.

Маҳалла маркази биносига яқинлашганда, қайсидир каттанинг тўнғиллагани қулоққа киради:

«Жуда эркаланиб кетди-да бу одамлар. Газ эмиш... Электр узилмаётганига шукур қилсангчи... Аввал шу ҳам йўқ эди. Индамасанг, идоранинг тагига келиб, тиланчилик қилади. Текинхўр кўпайди... »

Агар шу бинога кирса оёғидаги қалтироқ яна кучайишини сезиб, ортга қайтди.

Боши қотди. Оиласини, ёш болаларини, ҳамқишлоқларини ўйлади. Ўйлаган кўйи пинакка кетди.

Туш: ажабо, лайлакқор ёғаётган эмиш. Катта-катта, жуда мафтункор, ёғаётганмиш... Ўтинхонаси тўла эмиш, оғил, товуқхонаям ўтинга тўлган эмиш. Танчанинг тафтидан тана яйраган, иссиқ ноннинг бўйи ҳовлига таралган...

Балки, бахт дегани оддийгина шу манзара бўлса керак.

Кекса ўқитувчи совуқ еганини ва уйғониши лозимлигини ўйларди, аммо бахтдан ажраб қолишдан қўрқарди...

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг