Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ўзбек текстил саноати нима учун мавсумий? Президент ушбу масала ечими билан танишди

Ўзбек текстил саноати нима учун мавсумий? Президент ушбу масала ечими билан танишди

Фото: Президент матбуот хизмати

Ўзбек текстил саноати ривожланиб бормоқда. Бунга гап-сўз бўлиши мумкин эмас. Қаранг, деярли ҳар ой қаердадир янги корхона очиляпти.

Аммо бир муаммо бор — деярли ҳамма корхоналаримиз иши мавсумий аҳамият касб этади. Кеч баҳор, бутун ёз ва кузнинг бошланишида Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган текстил маҳсулотларига талаб ошади. Чунки бизнинг пахтадан тайёрланган ёзги кийим-кечаклар харидоргир. Аммо совуқ тушиши ҳамоно талаб ҳам камаяди.

Нима учун?

Чунки қишнинг совуқ кунларида кийиладиган иссиқ кийимлар (куртка, жемфер ва ҳоказо) тайёрлаш учун пахтанинг ўзи камлик қилади. Бунинг учун вискоза ва полиэстр каби сунъий тола керак. Шу вақтга қадар Ўзбекистонда бу толадан газлама ишлаб чиқарилмас эди.



Вискоза — табиий целлюлозани кимёвий усулда қайта ишлаб олинадиган сунъий тола бўлиб, деярли ҳар бир ўсимлик таркибида, ҳатто оддий кашничда ҳам бўлади. Аммо асосан дарахт қипиғидан олинади (шуниси маъқулроқ). Шу сабабга кўра хом-ашё Ўзбекистонга асосан Австрия ва Индонезиядан келтирилмоқда.

Маълумот учун: Вискоза толасини олиш Англияда, 1905 йилда бошланган, кейинчалик бошқа давлатларга тарқалган. Ҳозирда вискоза толаси бошқа сунъий толалар ҳажмининг тахм. 40—45% ини ташкил қилади. Толадан олинган мато экологик жиҳатдан тоза бўлиб, айнан шу сабабга кўра оммалашган.

Вискозадан тўқилган газламани бўяш осон, у гигиена талабларига жавоб беради, хом ашёси арзон. Унга пахта ва полиэстер қўшиб турли-туман газламалар тайёрлаш мумкин. Қашқадарё вилояти, Шаҳрисабз туманидаги «Oqsaroy Vortex» корхонасида айнан шу ишга қўл уришди. Мана бир ойдирки янгича усулда беш хил турдаги газлама тайёрланмоқда.

Бу эса корхона фаолиятида бир қатор устунликлар беради.

Биринчидан, авваллари вискозадан тайёрланган мато Хитойдан келтириларди ва бир килограмми учун 5 доллар атрофида нарх белгиланганди. Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган матонинг нархи 4 долларга тушмоқда.

Иккинчидан, Хитойдан келтирилган мато тайёр бўялган ҳолатда бўларди. Хориждаги ҳамкорларда эса кийим-кечак ранги бўйича ўзига ҳос талаблар бўлади. Газлама етказиб берувчи ва тайёр маҳсулотни сотиб олувчи ўртасидаги «олтин оралиқ»ни топиш эса ҳар доим ҳам осон иш эмас.

Учинчидан, энди ўзбек корхоналари аввалгидек мавсумий эмас, йил давомида барқарор ишлаш имкониятига эга бўлади. Энди уларнинг фаолияти импортга қарам бўлмайди.

Айнан мана шу жиҳат Президент Шавкат Мирзиёев томонидан алоҳида эътироф этиб ўтилди. Давлат раҳбари Қашқадарёга қилган ташрифи давомида «Oqsaroy Vortex» фаолияти билан алоҳида танишди ва сунъий мато тайёрлаш бўйича яна бир қатор таклифлар берди. Хусусан, энди вискоза ва полиэстердан мато олиш бўйича қуйидаги ишлар амалга оширилади.

1. Қашқадарё вилоятидаги 8 та кластер бирлашиб, сунъий мато ишлаб чиқарадиган кооператив ташкил этади.

2. Ўзбекистон шароитида вискоза толасини олиш имкониятлари илмий жиҳатдан ўрганиб чиқилади. Ушбу стратегик маҳсулотни ғўзапоядан олиш технологияси тажрибадан ўтказилади.

3. Бунинг учун тегишли вазирлик ва идоралар биргаликда иш олиб боради.


Эслатиб ўтамиз, Президент Шавкат Мирзиёев ташриф давомида пахта толасини қайта ишлаш даражасини ошириш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш бўйича лойиҳалар тақдимоти билан ҳам танишиб ўтди. Давлат раҳбари айниқса қўшимча иш ўринлари яратилишига урғу қаратган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг