Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ўзбек-қирғиз чегарасида лаҳм ковлаганларга суд ҳукми ўқилди (видео)

Ўзбек-қирғиз чегарасида лаҳм ковлаганларга суд ҳукми ўқилди (видео)

2022 йилнинг 23 июнь куни Давлат хавфсизлик хизмати ва ички ишлар органлари ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида «ўзбек-қирғиз» давлат чегарасидан ўтувчи яширин ер ости йўли фош этилгани ҳақида хабар берилган эди.

Суд терговида аниқланишича, Фарғона вилояти Данғара туманида яшовчи, 1991 йилда туғилган айбланувчи «ўзбек-қирғиз» давлат чегараолди ҳудудида жойлашган ҳовли уйлардан сотиб олиб, уларнинг кўча томон қисмларини баланд деворлар билан тўсган ва жиноий ҳаракатларини маскировка қилиш мақсадида ҳар иккала уйда, яъни Қирғиз Республикаси ҳудудидан сотиб олган хонадонда пенаблок ишлаб чиқаришни йўлга қўйган, Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан сотиб олган уйда эса чорвачилик ташкил этган.

Сўнгра Данғара туманида истиқомат қилувчи, 1984-1993 йиллар оралиғида туғилган 5 нафар фуқарони ер ости йўли қазишга ёллаган.

Ер ости йўли қуриб битказилганидан кейин, у орқали Қирғиз Республикасидан ноқонуний тадбиркорларнинг товар-моддий бойликларини, хусусан, мобиль телефон аппаратлар, матолар, тиббиёт буюмлари ва дори воситаларини мамлакатимизга, Ўзбекистондан эса кўп миқдордаги хорижий валюта қимматликларини қўшни давлатга ўтказиш билан шуғулланган.

Қўлга олинган куни ҳам автомашинасидан тегишли ҳужжатлари бўлмаган, умумий баҳоси 7,6 млрд сўм (дастлабки маълумотда 15 млрд сўм)ни ташкил қилувчи, 38 турдаги 2 707 дона мобил телефон аппаратлари топилган.

Аниқланган ушбу ҳолат юзасидан Давлат хавфсизлик хизматининг Фарғона вилояти бўйича бошқармаси томонидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилди.

Фарғона вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатининг ҳукми билан мазкур шахслар Жиноят Кодексининг 182 ва 223-моддалари билан айбдор деб топилиб, уларнинг 3 нафарига 6 йилдан 7 йилгача бўлган муддатларга озодликдан маҳрум этиш жазоси, қолган 3 нафарига эса ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди.

Шунингдек, жиноят иши доирасида ашёвий далил сифатида олинган 7 млрд 603 млн 650 минг сўмга баҳоланган 2707 дона мобил телефон аппаратлари давлат эгалигига ўтказилиши белгиланди.

Бундан ташқари, Риштон тумани Қози Аҳрор маҳалласи, А.Темур 3-тор кўчасида жойлашган умумий ер майдони 1 524 метр квадрат бўлган уй давлат эгалигига ўтказилиши ва ушбу уйдаги ер ости йўли тегишли тартибда кўмиб ташланиши белгиланди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг