Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ўзбек автосаноати рақобатга тайёр — экспертлар

Ўзбек автосаноати рақобатга тайёр — экспертлар

Миллий автосаноат тобора кўпроқ хорижлик экспертлар диққат марказига тушмоқда. Бунинг сабаблари кўп – UzAuto Motors фаолиятидаги ислоҳотлар, хориж автомобилларини олиб киришда бож тўловларининг қонунчилик даражасида икки баробар пасайтирилиши, ҳам алоҳида эҳтиёт қисмлар, ҳам тўлақонли моделлар ишлаб чиқаришнинг тез суръатларда маҳаллийлаштирилиши ва бошқа жиҳатлар автосаноатга таъсир кўрсатмай қолмади. Жаҳондаги геосиёсий вазиятни ҳам ҳисобга олмасликнинг иложи йўқ, хусусан, россиялик истеъмолчига ушбу ҳолат нисбатан арзонроқ, аммо сифат борасида ҳеч ҳам ортда қолмайдиган, синалган ишлаб чиқарувчиларнинг борлигини эслатди.

Бизнинг мақоламиз – бу россиялик экспертлар – жаҳондаги йирик автомобил бозорларидан бирининг фаол ўйинчиларига тегишли энг қизиқ фикрларни умумлаштиришга бўлган ўзига хос уринишдир. Демак, сўз россиялик экспертларга:

«Автомобил журналистлари Ўзбекистонга ҳар доим кенг оммага хос бўлмаган тушуниш билан ёндашган. Бизга Daewoo Matiz ва Nexia, Chevrolet Cobalt ва Orlando каби автомобилларни берган ўзбек автосаноати қотиб қолган қарашлар ҳар доим ҳам ўзини оқламаслигини кўрсатди, мамлакат ва унинг одамларига нисбатан ҳурмат уйғотди. Ҳозир биз Ўзбекистонни ўзимиз учун қайтадан кашф қилдик», — деб ёзади ўзининг FB саҳифасида таниқли россиялик автоэксперт ва «Эхо Москвы» радиостанциясида «Гараж» эшиттириши бошловчиси Сергей Асланян.

Ўзбекистонни хотирлар экан, журналист ушбу мамлакат «фақат нони ва меҳмондўстлиги билангина машҳур эмаслигини» ёзади.

«Бу мамлакатни дунёга, жумладан, халқаро автобозорга танитиш мумкин бўлган нарсалар анчагина»,— дейди ишонч билан Асланян.

«UzAuto’нинг яна бир катта ютуғи — бу рақобатга нисбатан ижобий муносабат. Четдан автомобил олиб кириш божларининг пасайтирилиши буни исботлайди», – дейди, узоқ вақт мобайнида АВТОВАЗ тарихини ўрганиш билан шуғулланган тольяттилик таниқли автоэксперт Фёдор Бистров.

«Ҳозир автосаноатда «монополия ўйнаш» жуда қийин, боиси, истеъмолчи ҳар доим танлаш имкониятига эга. Аммо, шу билан бирга, келинг, ўзимизга савол бериб кўрайлик: ўша биз билган 90-йиллар ўрталарида инвесторларга маълум имтиёзлар берилмаганда, ким ҳам Ўзбекистонда энг замонавий рақобатбардош ишлаб чиқаришни яратишга ҳисса қўшарди? Дарвоқе, дастлабки инвесторни бу ҳам хонавайрон бўлишдан сақлаб қолмади. Кейин ўйлаб топилган ечим - GM билан стратегик альянс тузиш ва давлат томонидан акцияларнинг сотиб олинишини келажакда бизнес-мактаблар талабаларига реал сектор корхонасининг давлат томонидан қўллаб-қувватланишига энг ёрқин мисоллардан бири сифатида сўзлаб бериш мумкин».

«Билишимча, Ўзбекистонда аллақачон Hyundai-Kia, Volkswagen, Scoda, ва бизнинг жонажон Lada ҳам тақдим этилган,- хотирлайди Фёдор.- Уларнинг барчаси UzAuto Motors билан бир хил шароитга эга. Бундан ташқари, Hyundai ва Lada ҳаттоки ўз ишлаб чиқаришини очишни режалаштираётгани ҳақида маълумотлар ҳам бор эди. Аммо бу режалар амалга оширилаётгани ҳақида маълумотга эга эмасмиз».

«Стратегик фикрлайдиган давлат ўз ишлаб чиқаришини қўллаб-қувватлашдан манфаатдор, чунки у объектив равишда мамлакат ва унинг фуқаролари фаровонлиги фойдасига ишлайди», - ҳамкасбининг фикрини қўллаб-қувватлайди Павел Блюдёнов — таниқли россиялик журналист, автоэксперт ва яқин вақтгача «Россия 24» телеканалида «АвтоВести» кўрсатуви бошловчиси. Эксперт Ўзбекистон собиқ совет республикалари орасида автомобилсозлар эътиборини жалб қилаётган ягона мамлакат эканлигини алоҳида таъкидлайди.

Бу табиий — Марказий Осиё минтақасида фақат бизда автомобилларни тўлиқ циклда – кузовларни штамповка қилиш, пайвандлаш ва бўяшни ичига олган ишлаб чиқариш йўлга қўйилган. 2019 йилдан бошлаб UzAuto Motors МДҲ ҳудудида энг йирик автосаноат инвестицион лойиҳаларидан бирини амалга ошириб келади: корхонада General Motors концерни томонидан ишлаб чиқилган энг янги GM GEM платформасида 190 000та автомобил ишлаб чиқариш қувватлари яратилмоқда. Сармоя суммаси — 427,7 млн долларни ташкил этади. 2022 йил лойиҳаси бўйича иккита янги модел – ихчам кроссовер Chevrolet Tracker ва унчалик қиммат бўлмаган Chevrolet Onix’ни тўлиқ циклда – кузовлар штамповкаси, пайвандлаш ва бўяшни ичига олган серияли ишлаб чиқариш йўлга қўйилади.

Бундай шароитда UzAuto Motors компанияси хориж автомобиллари билан рақобатдан нега қўрқмаслиги равшанлашади. Жавоб оддий: миллий авто ишлаб чиқарувчи хориж автомобилларига тақиқ қўйиш эмас, ўз рақобатбардошлигини оширишга кўпроқ эътибор қаратади.

«UzAuto гуруҳи корхоналарида фақат тўғридан-тўғри банд бўлганлар сони 27 минг кишидан ошиқ – бу мамлакатнинг энг йирик иш берувчиларидан бири. Давлат миллий авто ишлаб чиқарувчини қўллаб-қувватлаши табиий, ахир одамлар ҳаётининг фаровонлиги у билан боғлиқ», — қўшимча қилади Виталий Архиреев, «Автоброкер Клуб» онлайн-журнали бош муҳаррири.

Маҳаллийлаштириш даражасининг оширилиши корхона иш самарадорлигига ижобий таъсир кўрсатади, ишлаб чиқариладиган автомобиллар сони ортади. Бу ўз навбатида Ўзбекистон иқтисодиётини олға силжитади – иш ўринлари сони кўпаяди, солиқ ҳисоблари ошади, йўл ва хизмат кўрсатиш инфраструктураси яхши томонга ўзгаради, дея хулосалайди Россия автомобил бозори профессионаллари.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг