Озарбайжон Қорабоғда «аксилтеррор ҳаракатлари»ни бошлади
Озарбайжон армияси Қорабоғдаги Хонкенди чегараларини артиллериядан ўққа тутмоқда. Шаҳарда ҳаво ҳужуми ҳақида огоҳлантириш сигналлари янграган.
Озарбайжон томонининг таъкидлашича, Россия тинчликпарвар контингенти вақтинча жойлашган Озарбайжон ҳудудидаги Арманистон қуролли кучларининг бўлинмалари Озарбайжон армиясининг Агдам вилояти йўналишида жойлашган позицияларини турли хил қуроллардан шиддатли ўққа тутган.
Озарбайжон мудофаа вазирлигининг маълумот беришича, Арманистон қуролли кучларининг Қорабоғ минтақасидаги қўшинлари томонидан Озарбайжон армиясининг позицияларини тизимли равишда ўққа тутиши, ҳудудларни миналаши, хандақлар қазиб, жанговар позицияларни шакллантириши кескинликнинг кучайишига сабаб бўлган.
Махсус операциядан мақсад – уч томонлама декларация қоидаларини таъминлаш, Қорабоғ иқтисодий районида кенг кўламли провокацияларни бостириш, ҳудуддаги Арманистон қуролли кучларини қуролсизлантириш ва олиб чиқиб кетиш, уларнинг ҳарбий инфратузилмасини зарарсизлантириш, ҳудудларга қайтган тинч аҳоли хавфсизлигини таъминлаш.
Озарбайжон мудофаа вазирлигининг таъкидлашича, биринчи галда юқори аниқликдаги қуроллардан фойдаланиб, Арманистон қуролли кучлари қўшинларининг позициялари, уларнинг ўқ отиш пунктлари, шунингдек, жанговар воситалар ва ҳарбий объектлари яроқсиз ҳолга келтирилган.
«Биз тинч аҳоли ва фуқаролик инфратузилмалари нишон эмаслигини, фақат қонуний ҳарбий нишонлар йўқ қилинганини яна бир бор таъкидлаймиз», – дейилган Озарбайжон мудофаа вазирлиги берган хабарда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter