Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Озарбайжон Эрон борасида Исроилга сўров йўллади

Озарбайжон Эрон борасида Исроилга сўров йўллади

Исроилнинг Эронга қарши ҳаво ҳужумлари давом этаётган шу кунларда Озарбайжон яҳудий давлати раҳбариятига мурожаат йўллади.

Trend агентлиги хабарига кўра, Боку ўз сўровида Исроилдан Эроннинг озарбайжон миллатига мансуб аҳолиси истиқомат қилаётган ҳудудларига зарба бермаслик, тинч аҳоли ва фуқаровий инфратузилмаларга зиён етказмасликни сўраган.

Туркия нашрлари ёзишича, Озарбайжон ҳукумати ўз сўровини Исроил маъмуриятига расмий дипломатик каналлар ҳамда дўст давлатлар орқали етказган.

Таъкидланишича, Исроилнинг фуқаровий объектлар, жумладан, мактаб, шифохона, масжидлар ва озарбайжонлар яшайдиган тураржойларга ҳужуми кўплаб инсоний талафотларга олиб келиши мумкин.

Боку Эроннинг Шарқий ва Ғарбий Озарбайжон, Ардабил, Занджон вилоятларида миллионлаб этник озарбайжонлар яшашини эслатган. 

“Биз зиддият томонларини вазминлик кўрсатишга, халқаро ҳуқуқ меъёрларига риоя этишга ҳамда миллий ва диний мансублигидан қатъи назар, тинч аҳоли вакилларини ҳимоя қилишга чақирамиз”, – дейилади Озарбайжон ташқи сиёсат маҳкамаси баёнотида. 

Экспертларга кўра, ҳам Исроил, ҳам Эрон билан илиқ муносабатларга эга Озарбайжон уруш шароитида бетарафликни сақлаш ва ўз миллатдошлари хавфсизлигини ҳимоя қилишга уринмоқда.

Турли маълумотларга қараганда, Эронда 25 миллиондан 35 миллионга қадар этник озарбайжонлар истиқомат қилади. Бу Эрон аҳолисининг қарийб 40 фоизи демакдир. Яъни Эронда Озарбайжондагидан ҳам бир неча баравар кўпроқ озарбайжон миллатига мансуб аҳоли яшайди. 

Хабарингиз бор, 13 июнь тонгида Исроил “Эрон ядро қуролига эга бўлишга яқин келиб қолди” деган иддао билан пойтахт Теҳрон ва вилоятлар бўйлаб ҳарбий учоқлар орқали зарбалар берди. Жуғрофий жойлашувга кўра Эрондаги этник озарбайжонлар яшаётган ҳудудлар ҳам Исроил зарбаларига нишон бўлиши мумкин.

Эрон ҳам ҳужум ортидан Исроилга қарши жавоб зарбалари йўллаган.

БМТ, Халқаро Қизил яримой жамияти каби халқаро ташкилотлар тинч аҳоли вакиллари орасида қурбонлар кўпайиши юзасидан хавотир изҳор қилган ва томонларни жанговар ҳаракатларни тўхтатишга ундаган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг