Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Ойлаб «ролтон» еб юрган кунларим бўлган...» 7 тилда сўзлашувчи маркетолог ҳикояси

«Ойлаб «ролтон» еб юрган кунларим бўлган...» 7 тилда сўзлашувчи маркетолог ҳикояси

«Xabar.uz» мамлакатимизнинг турли соҳа вакиллари билан туркум интервюларни давом эттиради. Навбатдаги суҳбатдошимиз ёш тадбиркор ва маркетолог — Жўрабек Бабаев.

Жўрабек Бухоро вилоятида туғилган. Чехиядаги Карлов университетида «Бизнес бошқаруви» йўналишида таълим олган. 2021 йили Бирлашган Араб Амирликларида «Juba Stars&Co» туристик лойиҳасини амалга оширишни бошлаган. Шунингдек, заргарлик йўналишида «Alzar» ва «Al-Zargar» брендларига асос солган.

Навбатчилик асосида иш юритганмиз

Бухоро шаҳрида туғилганман. Отам қурувчи, онам поликлиникада ҳамшира бўлиб ишлаган. 90-йиллар бошларидаги мамлакат бўйлаб иқтисодий қийинчилик даври тижорат билан ҳам шуғулланишган. Уларнинг бўш вақтлари кам бўлса-да, фарзандларининг яхши таълим олиши учун ҳамма шароит яратилган ва доимий назоратда эди. Ота-онам уйимизда мўъжаз кутубхона ҳам қилиб беришганди ва хорижий тилларни ўрганишимизни рағбатлантиришган. Шу боисдан, ҳозир инглиз, чех, словак, форс, рус ва тожик тилларида бемалол мулоқот қила оламан.

1995 йилда шаҳардаги 17-мактабга қабул қилинганман, ўқувчилик йилларим ва таълим берган ўқитувчиларимни яхши хотиралар билан эслайман. Ёдимда, 8-синфни тугатиб ёзги таътил пайти Дейл Карнегининг «Дўст орттириш» китобини катта қизиқиш билан ўқиганман. Ана шу мутолаа сабаб ўқишимни бошқа мактабга кўчириш истаги пайдо бўлган. Қолаверса, ўша вақтлари Ўзбекистоннинг барча вилоятларида махсус йўналишдаги синфлар очила бошланди. Шундай қилиб, молияга ихтисослашган 4-мактабга имтиҳон топшириб, 9-синфни янги мактабда давом эттирдим.

11-синфгача дунёқарашим анча ўзгариб, тижорат ишлари билан шуғуллана бошладим. Дастлаб укам билан кичик бир дўконни юрита бошладик. Ишимиз шаҳардаги заргарларни керакли жиҳоз ва анжомлар билан таъминлаш бўлган. Қизиқ жиҳати, иккимиз ҳам мактаб ўқувчиси бўлганимиз учун навбатчилик асосида иш юритганмиз. Яъни, мактаб ва қўшимча машғулотларим бор пайти укам, унда шундай ҳолат бўлганда мен дўкон ишларини олиб борганман.

Иккита вариат ҳам омадсиз кечди

Болаликдан Жеймс Бонд филмларини кўриб улғайганим учунми мактабни тугатиш арафасида МХХ (ҳозир ДХХ) ходими бўлишни жуда хоҳлаганман. Аммо бу истагимни ота-онам қўллаб-қувватламаганликлари туфайли Тошкент давлат шарқшунослик институти (ҳозир университет) ва АҚШнинг Ню-Йорк университетига ҳужжат топширдим. Иккаласига ҳам қабул қилиндим. Бироқ, биринчисига тўлов-контракт асосида кирганим учун Қўшма Штатлар варианти маъқул кўринди. Афсуски, иккинчи вариант ҳам омадсиз кечди. Аниқроғи, АҚШнинг Тошкентдаги элчихонаси виза беришни рад этди. Очиғи, ўша пайтда жуда тушкунликка тушиб қолган эдим.

Яқинларимнинг тавсияси билан Чехиядаги Карлов университетига ҳужжат топширдим, суҳбатдан муваффақиятли ўтиб Европага кетдим. Олийгоҳда бизнес бошқаруви йўналиши бўйича ўқидим.

2006 йил Чехияга бориб ўқишни бошлаганимда ҳали ўн саккизга ҳам кирмаган эдим. Бегона юртга мослашиб олишнинг ўзига яраша қийинчиликлари, аниқроғи уйсиз қолиб кетган, ойлаб «ролтон» еб юрган кунларим бўлган.

Устозларимдан яхши замонлар ёмон инсонларни, ёмон кунлар кучли инсонларни тарбиялаши, умуман комфорт зонада юрган йигит кишида ҳеч қачон ривожланиш бўлмаслигини кўп эшитганман. Шу сабаб ҳам қийинчиликларни енгишга астойдил ҳаракат қилардим.

Фикримча, инсон комфорт зонадан чиқсагина, ҳар бир нарсанинг қадрига етади. Олдинга интилади, чиниқади.

PhD олишга яқин турибман

2011 йил Ўзбекистонга қайтиб келдим. Бир муддат текстил ва заргарлик соҳаларида фаолият юритдим. 2015–2017 йиллар Тошкент давлат иқтисодиёт университетида «Туризм» мутахассислиги бўйича магистратурада таҳсил олдим.

Ҳозирда PhD олишга яқин турибман. Диссертациям мавзуси маркетинг, хусусан хизмат кўрсатиш соҳаларини ривожлантиришда ижтимоий тармоқларнинг ўрнини таҳлил қилишга қаратилган.

Маркетинг одами эканлигимни тушунганман

2019 йили «Juba Stars&Co» лойиҳасини амалга оширишни ният қилдим, пандемия бунга халақит берди, аммо икки йиллик лойиҳалаштиришдан кейин 2021 йил июл ойида унга старт бердим.

Ҳозирда Дубайга келадиган инвесторлар ва бизнесменларга, шунингдек люкс дам олишни хоҳлаган туристларга хизмат кўрсатиш соҳасини йўлга қўйганмиз, жамоамиз билан айнан мана шу лойиҳалар устида ишламоқдамиз.

Қолаверса, маркетинг соҳасида ўз жамоам билан қийинчилиги турли даражадаги лойиҳаларни юритамиз. Масалан, «Чортоқ», «Asaxiy», «Greyder», «Ocean view», «La beauty paste», «Humo Arena», «Parranda sanoat» ва «Ўзбекистон ҳаво йўллари» компанияларининг маркетинг лойиҳалари шулар жумласидан.

Маркетинг соҳасига қизиқишимга Прагада яшаб юрган пайтдаги қийинчиликлар сабаб бўлган. Ўша кезлари талабалар қилиши мумкин бўлган деярли барча ишларни қилганман. Булар, қурилиш, официантлик, барменлик, сотувчилик ва ҳоказо.

Бир куни кўчада иш излаб юргандим ва кўзим флаер тарқатаётган болаларга тушди, улар русийзабон эди ва кафе-ресторанларга флаерларни тарқатиш орқали туристларни жалб қилишарди. Улардан ўзим учун иш сўрадим. Менежер олдига олиб боришди, соатбай, яъни 21:00 дан тунги 2:00 гача ишлашга келишдик. Очиғи, ўшанда топган ишимнинг вақти менга жуда қулай эди. Чунки кечки пайт ишлаб, кундузи ўқишимни давом эттириш имконим бўлган. Устига устак ишлаган соатимдан ташқари мен тарқатган флаер орқали кирган мижоз учун алоҳида ҳақ тўланиши ҳам айтилганди.

Пулнинг кўпи бўлмайди деганларидек, каттароқ иш қилиш илинжида ижтимоий тармоқлар орқали русийзабон талабаларни жалб қилишни бошладим ва буни уддаладим. Бир муддатдан кейин менежер чақириб, нима килаётганимни сўраганда хато иш қилдиммикан деб хавотирлангандим. Аслида у ҳайратланганидан гапирган экан, чунки кафега қарийб 90 фоиз мижоз мен тарқатаётган флаер орқали келишни бошлаганди. Шундан кейин нимани яхши қила олишим, умуман, хизмат кўрсатиш соҳаси ва маркетинг одами эканлигимни тушунганман.

Комилликка эришиш йўлини ҳаётий миссиям сифатида кўраман

Дубайдаги фаолиятим давомида виллалар ижараси, риэлторлик компанияларининг маркетинглари билан шуғулландим, халқаро юлдузлар билан ишладик, ундан ташқари туристик фирмам орқали келган мижозларга қўшимча хизматларни ташкил этдим.

Ўйлашимча, Бирлашган Араб Амирликларининг эркин иқтисодий зоналарни ташкил қилиш ва уларга инвесторларни жалб қилиш тажрибасини ўргансак арзийди. Инфратузилмаларни режалаштириш бўйича ҳам улардан ўрганишимиз мумкин бўлган тажрибалар етарлича.

Саволингизнинг иккинчи қисмига тўхталадиган бўлсам, қуйидаги китобларни, мени ҳақиқатан ўзгаришимга таъсир қилгани учун, тавсия қила оламан: Дейл Карнеги — «Дўстлар орттириш», Холид Ҳусайний — «Шамоллар ортидан югуриб», Жон Бойн — «Йўл-йўл пижама кийган болакай» ва Максим Иляхов — «Пищи сокращай» (рус тилида).

Одатда келажакдаги режаларимни очиқлашни кўп ҳам хоҳламайман. Аммо, умумий тарзда тўхталишим мумкин.

5-синф ё 6-синфдами «Одобнома» деган дарсимиз бўларди. Унда «Комил инсон» ҳақида биринча марта тушунча берилган эди. Ўқитувчимизнинг мавзу бўйича тушунтиришлари менга жуда қаттиқ таъсир қилган. Ўзимга устоз тасвирлаб берган комилликка эришиш йўлини ҳаётий миссиям сифатида кўраман.

Буларга қуйидагиларни киритишим мумкин:

  • Ўзим севган иш билан шуғулланиш, қизиқишларимни қўллаб-қувватлаш ва бу борада тажрибалар қилиш;
  • Қадриятларимга содиқ қолиш;
  • Борлиқни қуриш ва унга бўлган қарашларимни ошириш;
  • Инсонни дунёга келтириш, тарбиялаш ва шаклланиши учун ёрдам бериш (фарзанд, шогирд).

Аминманки, буларнинг барчаси жамият ва борлиқ учун фойда беришга қаратилган.

Нурилло Тўхтасинов суҳбатлашди

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг