Ўтган йили нафақа олган оилаларнинг 18,1 фоизи ижтимоий ёрдамга муҳтож бўлмаган
Ўзбекистонда 2022 йилда ижтимоий ҳимоя дастурлари доирасида нафақа олганларнинг 5,6 фоизи ўзига тўқ ва 12,5 фоизи ўрта аҳволдаги оилалар бўлган. Бу эса жами нафақа олувчи оилаларнинг 18,1 фоизи кам таъминланган, бироқ ҳақиқатда ижтимоий ёрдамга муҳтож бўлмаган оилалар деганидир.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Умида Зокированинг маълум қилишича, бу борада ўтказилган ўрганишларда нафақа олувчи 117 мингдан ортиқ оиланинг иқтисодий аҳволи яхшиланган. Хусусан 78 минг нафардан ортиқ оила аъзолари юқори иш ҳақи асосида ишлаётгани, 34 минг нафардан ортиқ оила аъзолари автотранспорт воситаси, 11 минг нафардан ортиғи кўчмас мулк харид қилган аниқланган.
Депутатга кўра, ҳозирда аҳоли ўртасида бирор оиланинг шу турдаги нафақага лойиқ ёки йўқлиги борасида турли ёндашувларни учратиш мумкин.
«Бунга асосий сабаб, нафақа тайинлангандан кейин оиланинг иқтисодий аҳволи мониторинг қилинмасдан, муддат якунига қадар тўловни амалга оширилганидир.
Мисол учун, бир оилага 2023 йил январь ойида болалар нафақаси тайинланганда оилада автомашина бўлмаган. Аммо бир ойдан кейин, яъни февраль ойида оила янги улов сотиб олган. Ушбу оилага нафақа 12 ойлик муддат якунигача, яъни шу йилнинг декабрига қадар тўланади. Худди шундай ҳолатлар нафақа тайинлангандан сўнг юқори иш ҳақи берувчи ишга жойлашиши ёки кейинчалик кўчмас мулк харид қилган оилаларда ҳам кузатилади», – дейди у.
Қайд этилишича, Ҳукуматнинг «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри ахборот тизими орқали кам таъминланган оилаларни аниқлаш ва уларга ижтимоий нафақалар тайинлаш бўйича электрон кўринишда ариза беришни жорий этиш тўғрисида»ги қарори лойиҳасида юқоридаги камчиликларнинг ечими ўз ифодасини топган.
Яъни, унга кўра оиланинг иқтисодий аҳволи автоматик равишда вазирлик ва идоралардан олинадиган электрон маълумотларга мувофиқ ҳар ойда мониторинг қилиб борилади ҳамда иқтисодий ҳолати яхшиланган оилаларга нафақаларни тўхтатиш амалиёти жорий этилмоқда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter