Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ота-онасиз қолган икки қизга уй берилди (фото)

Ота-онасиз қолган икки қизга уй берилди (фото)

Фото: «Xabar.uz»

Бухоро вилояти, Ромитан туманида ота-онасидан бевақт жудо бўлган опа-сингилга икки хонали уй берилди. Бу ҳақда «Xabar.uz»га туман ҳокими матбуот хизмати раҳбари маълум қилди.

Таъкидланишича, Ромитан туманидаги «Зарафшон» маҳалласида яшаб келаётган опа сингил Яйра ва Жасмина Азимовалар 2021 йилнинг 15 августида ота-онаси вафот этгач, улар қарамоғидан маҳрум бўлишган.

Жорий йилнинг 11 августида қабул қилинган «Етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг янги тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорга кўра, Ромитан тумани ҳокими Умиджон Барноев ота-онасидан бевақт жудо бўлган бу опа-сингилларга янги қурилган кўп қаватли уй-жойлардан икки хонали уй калитини топширди.

«Бухоро давлат университетида таҳсил оламан. Синглим мактаб ўқувчиси. Ота-онамизнинг бир кунда вафоти бизни жудаям оғир қайғуга солди. Ота-онамиз уй-жой қиламан, қизларимни ўқитаман, деб кўп меҳнат қилишарди. Аммо, ҳаётликларида иқтисодий қийинчилик туфайли бу орзу-ниятларига ета олишмади. Туман мутасаддиларининг эътибори билан бизга уй берилди. Тўғриси, кутмагандик, ҳатто «сюрприз» қилишди», — дейди Яйра кўзига ёш олиб.

Билдирилишича, қизлар ота-онаси вафотидан сўнг яқин қариндошларининг хонадонида яшаб юришган. Бирор ташкилот ёки идорага кўмак сўраб, мурожаат қилишмаган. Туман ҳокимлиги мутасаддиларининг чин эътибори ва кўмаги билан етим қизлар уйли бўлишди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг