Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Остона форумида қатнашадиган юқори мартабали меҳмонлар номи маълум қилинди

Остона форумида қатнашадиган юқори мартабали меҳмонлар номи маълум қилинди

Жорий йил 8-9 июнь кунлари Қозоғистон пойтахти Остона шаҳрида ўтадиган халқаро форумда бир қатор давлат раҳбарлари ва халқаро ташкилотлар етакчилари қатнашади. Қозоғистон президенти шафелигида ўтиши режалаштирилган машваратдан кўзланган мақсад янги мулоқот кўприклари барпо этиш, робиталарни мустаҳкамлаш ва коллектив муаммоларга дипломатик, иқтисодий ва сиёсий ечимлар топиш экани хабар қилинган.

Қатар амири шайх Тамим бин Ҳамад Ал-Таний, Қирғизистон президенти Садир Жапаров, Жаҳон савдо ташкилоти бош директори Нгози Оконжо-Ивеала, ЮНЕСКО бош директори Одрэ Азуле, БМТ бош котиби ўринбосари Армида Алисжахбана, Халқаро валюта жамғармаси директори Кристалина Георгиева, ЕХҲТ бош котиби Ҳельга Шмид, ЕХҲТ Парламент ассамблеяси раиси Маргарета Седерфельт, ШҲТ бош котиби Чжан Мин, ЕТТБ президенти Одиль Рено-Бассо ҳамда ОТБ президенти Масацугу Асакава тадбирда фахрий меҳмон сифатида қатнашади.

Остона форумида давлат арбоблари, сиёсатшунослар, иқтисодчилар, олимлар, йирик компаниялар раҳбарлари – жами 1000 га яқин меҳмон иштирок этиши кутилмоқда.

Аввал хабар берганимиздек, дунёда қутблашув ва геосиёсий ихтилофлар кучайган бир даврда Қозоғистон глобал муаммоларни ҳал этиш учун янги мулоқот майдони сифатида Остона халқаро форумини ўтказишни таклиф қилмоқда.

«Муаммоларни мулоқот воситасида ҳал этиш: ҳамкорлик, фаровонлик ва тараққиёт йўлида» шиори остида ўтказиладиган анжуманда иқлим ўзгариши, энергетика хавфсизлиги ва озиқ-овқат етишмаслиги каби долзарб муаммоларга ечим изланади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг