Оскар мукофотига тавсия этилган ўзбек фильми номи маълум бўлди
Шу йилнинг 21 ноябрь куни Ўзбекистон Оскар қўмитасининг йиғилиши бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Оскар қўмитаси томонидан сайёрамизнинг нуфузли мукофотининг «Энг яхши халқаро бадиий фильм» номинациясига Ўзбекистон номидан «Ўзбеккино» Миллий агентлиги буюртмасига биноан «Fox music cinema» студияси томонидан суратга олинган Ёлқин Тўйчиевнинг «Фариданинг икки минг қўшиғи» фильми танланди.
25 ноябргача картина фильм муаллифлари томонидан тегишли тартибда Ўзбекистон Миллий кинокомиссиясига тақдим этилиши зарур.
«Фариданинг икки минг қўшиғи» фильмида ўтган асрнинг бошларида Туркистонда юз берган сиёсий воқеаларнинг шу юрт аҳолисига кўрсатган таъсири бир оила мисолида очиб берилади. Юз бераётган воқеа-ҳодисаларга эътибор бермай, одамлардан нарида уч нафар хотини билан умргузаронлик қилаётган Комил тўртинчи бор уйланади. Янги аёлнинг оилага кириб келиши билан боғлиқ баъзи можаролар ва ҳудуддаги сиёсий аҳвол хонадоннинг пароканда бўлишига сабаб бўлади.
Сценарий муаллифи ва режиссёр Ёлқин Тўйчиев, постановкачи оператор Баҳодир Йўлдошев, постановкачи рассом Бектош Ражабов, фильм директори Шавкат Ризаев.
Ролларда Баҳром Матчонов, Юлдуз Ражабова, Элмира Раҳимжонова, Маржона Ўлжаева, Санобар Ҳақназарова, Нодира Хожиқулиева ва бошқалар.
93-Оскар тақдирлаш маросими 2021 йилнинг 25 апрель куни Лос-Анжелес шаҳрининг машҳур «Dolby» театрида бўлиб ўтади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter