Ўрта Чирчиқда 124 нафар шахс қўлга олинди
Тошкент вилояти Ўрта Чирчиқ тумани «Ўртасарой» МФЙ ҳудудида карантин қоидаларини бузиб, хўроз ўйини ташкил қилганлар ушланди. Бу ҳақда вилоят ИИББ хабар бермоқда.
Қайд этилишича, 2020 йилнинг 9 октябрь куни соат тахминан 00:30 ларда Тошкент вилояти Ўрта Чирчиқ тумани «Ўртасарой» МФЙ ҳудудида жойлашган от фермасида карантин қоидалари қўпол равишда бузилиши ва кўпчилик йиғилиб, таваккалчиликка асосланган ноқонуний хўроз ўйини ташкил этилаётгани аниқланган.
Вилоят ички ишлар органларининг тунги хизматга жалб этилган ходимлари, бош бошқарма тезкор хизматлари, ППХ ҳамда тезкор вазифаларни бажарувчи сафарбарлик отряди ходимларидан иборат махсус гуруҳ тузилган ва воқеа жойига борилган.
Маълум қилинишича, у ерда ҳақиқатдан ҳам 100 нафардан ортиқ фуқаро иштирокида таваккалчиликка асосланган хўроз ўйини ташкил этилганлиги, воқеа жойида карантин қоидалари қўпол равишда бузилганлиги, шунингдек, ферма ҳовлисида хизмат кўрсатаётган ноқонуний савдо шохобчасида истеъмол учун олиб келинган маҳсулотлар санитария қоидаларига жавоб бермаслиги аниқланган.
Шундан сўнг тадбир ходимлари томонидан ўйинларда иштирок этаётган жами 124 нафар шахс қўлга олинган ва тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилган. Ўйин учун олиб келинган хўрозлар далилий ашё сифатида олинган.
Бундан ташқари, ушбу шахслар Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 54-моддасини (эпидемияларга қарши кураш қоидаларини бузиш) қўпол равишда бузганликлари учун маъмурий баённомалар расмийлаштирилган.
Ҳозирда ҳолат юзасидан қўшимча суриштирув олиб борилмоқда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter