Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Олтиариқда марҳум шикоят «имзолади». Ажаб?!

Олтиариқда марҳум шикоят «имзолади». Ажаб?!

Коллаж: «Xabar.uz»

Шунақаси ҳам бўлар экан, — деб ёзади «Адолат» газетаси журналисти Хуршид Султонов. Яна қаерда денг? Ўзимизнинг Олтиариқда! Айтишингиз мумкин: у қандай аризаки, ҳатто марҳумнинг «имзо»сига эҳтиёж сезилган бўлса?!

...2019 йил 16 январда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олтиариқ туманидаги Халқ қабулхонасига ариза тушади. Унинг қисқача мазмуники, туманнинг Хўжақўрғон ва Отинча кўчалари кесишмасида жойлашган, тумандаги «Ўрта Осиё тайёрловсавдо» жамоа бирлашмасига қарашли 9 хонадан иборат бино маҳаллий тадбиркор – бирлашма раҳбари Абдуҳалил Маматов томонидан гўёки ноқонуний эгаллаб олингани қайд этилиб, ушбу жойни маҳалла гузари сифатида қайтариб олинишида амалий ёрдам сўралган.

Мазкур аризада жами 39 нафар фуқаронинг исм-шарифлари, ёши ва имзоси қайд этилган.

Аввало ўша бино ҳақида тўхталсак. Собиқ иттифоқ даврида бунёд этилган айни бино илгари Алишер Навоий жамоа хўжалигига қарашли бўлган. Аммо 1996 йилда хўжаликнинг «Ўрта Осиё тайёрловсавдо» жамоа бирлашмасидан юзага келган қарзи эвазига бирлашмага ўтказиб берилган. Бирлашма раиси маълум муддат унинг маҳалла фуқаролар йиғини биноси сифатида фойдаланилишига қаршилик қилмаган. Бироқ собиқ МФЙ раиси Мамажўра Холмирзаев ва бошқалар бинони МФЙ идораси тариқасида расмийлаштириш ҳаракатига тушиб қолади. Бунинг натижада келиб чиққан низо Фарғона вилоят хўжалик судигача етиб боради. Суднинг 2011 йил 11 июлдаги ҳал қилув қарорига биноан бинога нисбатан «Ўрта Осиё тайёрловсавдо» жамоа бирлашмасининг мулк ҳуқуқи эътироф этилган. Вассалом — ортиқча гапга ўрин қолмади: бинонинг эгаси тайин!

Шунга қарамай, эски масалани қўзғаш кимгаларгадир керак бўлиб қолган ўхшайди. Йўқса, мана, орадан саккиз йил ўтди...

...Юқоридаги ариза ўша кун (2019 йил 16 январь)нинг ўзидаёқ туман Халқ қабулхонасидан Олтиариқ туман ҳокимлигига юборилган. Туман ҳокимлигининг ишчи гуруҳи томонидан ўрганилганда эса бино билан боғлиқ юқоридаги ҳолатлар аниқланган. Шу боис 2019 йил 14 февралда ариза муаллифларига янги очилган ҳолат бўлса, қайтадан судга мурожаат қилиш ҳуқуқи тушунтирилган ҳолда жавоб хати юборилган. Аммо....

Аммо мурожаатни ўрганиш жараёнида унда исм-шарифлари қайд этилган аксарият фуқароларнинг имзоси қалбакилаштирилгани аён бўлди. Энг ачинарлиси, аризага бир нафар марҳум ҳам «имзо чеккани» ҳамда мурожаат воқеадан мутлақо бехабар бўлган маҳалла фаоли... Абдукарим Мадалиев номидан юборилган.

— Январь ойининг ўн тўртинчи ёки ўн бешинчи кунлари эди, чамамда. Менга маҳалладошимиз Обиджон ҳожи Қосимов қўнғироқ қилиб, фамилиямни сўради. Мен эса фамилиям нима учун кераклигини сўрадим. О.Қосимов бўлса, аниқ жавоб бермади, — дея эслади Абдукарим Мадалиев. — Шундан кейин мен шахсий ишларим билан Россияга кетиб, 2019 йил 27 январь куни уйга қайтдим. Уйга келсам, ўғлим: «Дада, ёзувчи бўлиб қолганмисиз?» деса бўладими?! Ишонасизми, ўз боламдан бундай гапни эшитиб, тепа сочим тикка бўлди. Суриштирсам, гап бу ёқда экан: ўзим бехабар — менинг номимда ариза жўнатилибди! Эътибор беринг-а, мен 1956 йил 23 августда туғилганман, 63 ёшдаман. Лекин аризада менинг ёшимни 60 ёш, туғилган вақтимни эса 1958 йил 15 май қилиб кўрсатишган. Сохтакорликни шундан ҳам билиш мумкин. Шунинг учун аввал Абдуҳалил акадан кечирим сўрадим. Кейин Обиджон аканикига бордим. Аммо у айбини тан олмади.

Энди «Хўжақўрғон» МФЙ котиби Наргиза Раҳматованинг гапларига қулоқ тутайлик:

— Ўша аризага имзо қўйганим рост. Бироқ мен ва маҳалламиз маслаҳатчиси Назира Акбаралиева имзолаган ариза нусхаси фақатгина маҳаллада тиббий пункт ташкил этиш ҳақида эди, холос. Тилга олинган бинонинг ноқонуний эгаллаб олингани тўғрисидаги фикрлар умуман йўқ эди!

Олтиариқда бўлганимизда маҳалланинг Бўстон кўчаси 113-уйда яшовчи, аризада 6-рақамда исм-шарифи қайд этилган Ёқубжон Юнусов билан ҳам суҳбатлашдик. Ё.Юнусов аризадаги имзо ўзиники эмаслигини, воқеадан бутунлай бехабар эканлигини маълум қилиб, қалбаки имзо ёнига ўзининг ҳақиқий имзосини чекиб берди.

Кўриниб турибдики, «ташкилотчи»лар кимнидир алдаб имзо қўйдиришган бўлса, кўпгина фуқароларнинг имзосини эса сохталаштиришган. Ҳаттоки улар 2018 йил 7 декабрь куни омонатини топширган Бойдада Тожибоевнинг имзосини ҳам қалбакилаштиришган. Марҳум Б.Тожибоевнинг қариндош-уруғ, таниш-билиш ва маҳалла-куй орасида «Қорабой» деган иккинчи исми ҳам бўлгани сабабли аризага «Тожибоев Қорабой 86 ёшда» дея қайд этилган. Ваҳоланки, 1936 йилда туғилган Б.Тожибоев 82 ёшда бўлган. Мўйсафиднинг ўлими туман ФҲДЁ бўлимида 2018 йил 19 декабрда 863-сонли далолатнома ёзуви билан қайд этилиб, бу ҳақда I-FR № 0247281-рақамли гувоҳнома берилган. Ариза эса 2019 йил 16 январда юборилган.

Энди айттинг: куясизми, куласизми? Ёки Олтиариқда «дорул бақо»дан ҳам мурожаат қабул қилинаверадими?!

Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 40-моддасига кўра, туҳмат, яъни била туриб ёлғон, бошқа бир шахсни шарманда қилувчи уйдирмаларни тарқатиш энг кам иш ҳақининг йигирма бараваридан олтмиш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади. Ўзбекистон Республикасининг «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги Қонунининг 38-моддасига биноан эса мурожаатлар тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик, худди шунингдек туҳмат ва ҳақоратдан иборат мурожаат берганлик белгиланган тартибда жавобгарликка сабаб бўлади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг