Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Олти миллион — кўп, аммо...

Олти миллион — кўп, аммо...

Ўтган 2018 йили Давлат хизматлари марказлари орқали 6 миллиондан ортиқ хизмат кўрсатилди. Бу жуда катта рақам, айниқса, 2017 йилга солиштирганда. Аммо ана шу олти миллионнинг ичида давлат хизматини Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали электрон шаклда олганлар салмоғи 21 фоиздан сал ошди, холос. Агар айни пайтда мамлакатимизда интернетдан фойдаланувчилар сони аҳолининг 60 фоизидан кўплиги инобатга олинса (20 миллион нафарга яқин фойдаланувчи) бу қониқарли кўрсаткич эмас.

Шу ўринда эслатма, бугунги кунда барча фаолият турларини ўз ичига қамраб олган 70 га яқин давлат хизматларидан онлайн тарзда фойдаланишингиз мумкин. Ижтимоий соҳадан тортиб, то тадбиркорлик фаолиятигача.

Қимматли вақтингизни йўл ва навбатларга сарфлаб нима қиласиз?! Электрон хизматлар — осон ва қулай. Давлат божларини эса эндиликда «Payme» ва «Upay» каби тўлов тизимлари орқали амалга ошириш мумкин. Тез орада бу сафга «Click» тизими ҳам қўшилади.

Зарур бўлган давлат хизматларидан масофадан туриб фойдаланиш учун Сиз энг яқин жойлашган Давлат хизматлари марказидан электрон рақамли имзо (ЭРИ) олишингиз керак бўлади. Ушбу имзо хизматдан фойдалангангизда шахсингизни тасдиқлаш учун лозим.

Бундан ташқари, бугунги кунда бир қатор хизматларни олиш учун ЭРИ ҳам талаб этилмайди. Масалан, СТИР рақамини аниқлаш хизмати. Аммо кўплар бу қулайликдан бехабар. Масалан, 2018 йил мобайнида Давлат хизматлари марказларига СТИР олиш учун 521 950 маротаба мурожаат бўлган, 21 540 ҳолатдагина юртдошларимиз ўз СТИР рақамларини онлайн орқали билиб олишган...

ЯИДХП орқали солиқ тўловчи ўз идентификация рақамини аниқлашга 1-2 дақиқа сарфлайди, холос. Бунинг учун порталда рўйхатдан ўтиб, паспорт серияси ва рақами киритилса кифоя.

Дўстлар! Биз давлат хизматларини олиш жараёнларини Сизлар учун осон бўлишини таъминлашга интиламиз. Биз Сизлар учун ҳар доим очиқмиз ва барча саволларингизга жавоб беришга тайёрмиз.

Бошланган 2019 йил олдимизда янада юксак марралар ва масалаларни қўймоқда.  Улар жорий йилда соҳада амалга ошириладиган ислоҳотларда ҳам ўз аксини топган.

Шундай қилиб, 2019 йил Агентлик учун «Қулай, очиқ, халққа яқин хизматлар» даври бўлиб қолишига ишончимиз комил.

Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимизни кузатиб боринг, давлат хизматларини онлайн шаклда олишни ўргатувчи видеороликларни тақдим этиб борамиз.

Давлат хизматлари агентлиги

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг