Олий суд қарори ижросиз қолмоқда – Андижон вилоят ҳокимлиги ва Бош прокуратура сукутда
Ўтган йилнинг 3 декабр санасида бир гуруҳ ота-оналар мурожаати ортидан Андижон вилояти Пахтаобод тумани 13-мактабнинг спорт майдони ноқонуний сотиб юборилгани ва бузиш ишлари ортидан мактабда жисмоний тарбия ва спорт тўгараклари фаолияти тўхтаб қолгани ёритилган эди.
Шундай кейин, муаммога бир қатор блогер ва жамоатчилик фаоллари, хусусан Азиза Қурбонова, Шаҳноза Саотова, Исроил Тиллабоев ва Баҳодир Аҳмедовлар ҳам ижтимоий тармоқларида муносабат билдиришган.
Кейинроқ, Андижон вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати ҳам ҳолат ҳокимлик томонидан назоратга олинганини маълум қилганди.
«Ишчи гуруҳ тузилди ва ўрганиш ишлари олиб борилмоқда. Ўрганиш давомида қонун бузилиш ҳолатларига чек қўйилиб суд қарорига асосан қурилиши тугалланмаган бинони бузиш чоралари кўрилмоқда», — дейилган эди муносабатда.
Жорий йилнинг март ойида ҳам мактаб жамоаси ва ўқувчилар ота-оналари таҳририятимизга қайта мурожаат йўллаб 3 ойдан ортиқ вақт ўтганига қарамасдан ҳеч қандай ижобий ўзгариш бўлмагани, шу бўйи иш босди-босди бўлиб кетишидан хавотирда эканликларини маълум қилишганди.
Шундан сўнг, Пахтаобод тумани ҳокимлиги матбуот хизмати бир ой муддатда қурилиши тугалланмаган бино мажбурий ижро органлари томонидан бузилиши таъминланиши таъкидлаб чиққанди.
«Т.М.нинг ғолиблик баённомасини бекор қилиш бўйича Избоскан туманлараро фуқаролик судига туман Халқ таълими бўлими томонидан 2023 йил 9 январда даъво ариза билан мурожаат қилинган. Суд томонидан 2023 йил 15 март куни иш мазмунан кўриб чиқилиб, даъво қаноатлантирилди.
Суд қарори қонуний кучга киргандан сўнг бир ой муддатда тадбиркор томонидан қурилмаларни ўз ҳисобидан бузиб олинмаган тақдирда, мажбурий ижро органлари томонидан бузилиши таъминланади», – деб қайд этилган муносабатда.
Жорий йил 4 апрел санасида Т.М.нинг ишончли вакили Ж.А. Олий судга кассация шикояти билан мурожаат қилган. Натижада, иш Олий суднинг маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъати томонидан 2023 йилнинг 28 апрел 9:30 да Олий суд биносида кўриб чиқилиши белгиланган.
Бироқ, мазкур санада суд мажлиси ўтказилмаган. Олий суд билан боғланилганда иш кейинроққа қолдирилгани маълум қилинган.
Бу борадаги хабар сайтимизда эълон қилингани ортидан, иш Олий судда 12 майда кўриб чиқилиб, ишончли вакил Ж.А.нинг кассация шикояти қаноатлантирилмаган.
Куни кеча, Xabar.uz’га мактаб жамоаси вакиллари ва ота-оналарининг маълум қилишича, Олий суд қарори чиққанига орадан 2 ой вақт ўтганига қарамасдан мактаб спорт майдонида ноқонуний қурилган иншоот бузилмаяпти. Воҳаланки, суд қарори кучга кириши билан ноқонуний иншоот 1 ой муддатда бузилиши керак эди. Ота-оналарнинг таъкидлашича, Пахтаобод тумани ҳокимлиги, прокуратура органлари, мажбурий ижро бюроси ва қатор мутасадди ташкилотларга қилинаётган мурожаатлар самара бермаяпти.
Ота-оналар Олий судда кўрилган ва Андижон вилоят ҳокимлиги томонидан ишчи гуруҳи тузилиб, суд қарорига асосан қурилиши тугалланмаган бинони бузиш чоралари кўрилиши борасидаги ваъда бажарилмаётганидан хавотирда. Улар мактаб спорт майдони ўқувчиларга тезроқ қайтарилишини сўрашмоқда.
Xabar.uz таҳририяти ҳолат юзасидан Бош прокуратура, Андижон вилояти ҳокимлиги ҳамда Мактаб ва мактабгача таълим вазирлигидан изоҳ кутади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter