Олий Мажлис депутати Каттақўрғон шаҳар ИИБ бошлиғи ва прокурорига истеъфога чиқишни таклиф қилди
Кеча оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда тарқалган, каттақўрғонлик аёлнинг таҳқирлангани акс этган видео кўплаб мунозара ва муҳокамаларга сабаб бўляпти. Ушбу воқеа юзасидан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Қодир Жўраев ҳам ўз муносабатини билдириб, шаҳар ички ишлар бўлими бошлиғи ва шаҳар прокурори истеъфога чиқиши кераклигини баён этди.
«Шаҳар раҳбарлари учун истеъфо бериш — энг оқилона йўл!
Каттақўрғон шаҳридаги мудҳиш ҳодиса фақат бир кишининг айби билан содир бўлмаган. Бунга шаҳардаги бутун бошли тизим айбдор! Шундай вазиятда шаҳар ИИБ бошлиғи ва шаҳар прокурори ҳамма айбни ўз зиммаларига олиб, истеъфо берсалар мақсадга мувофиқ бўларди.
Нима учун дейсизми?! Шаҳар аҳлининг ишончини оқламаганликлари учун; давлатимизнинг ҳозирги сиёсати мазмун-моҳиятини ходимларга тушунтириб беролмаганликлари ва улар устидан назоратни қўлдан бой берганликлари учун; Президентимизнинг топшириқлари сўзсиз бажарилишини таъминлаб бермаганликлари учун; энг ёмони — миллатимиз келажаги бўлмиш аёл зотининг таҳқирланишига йўл қўйиб берганликлари учун!» — дея ёзиб қолдирди депутат ўзининг «Фейсбук»даги саҳифасида.
Қодировнинг қўшимча қилишича, «айбдор ходим С.Умаров ўз жазосини олиши муқаррар. (Чунки делони Бош прокуроримиз ўз назоратига олган). Бироқ ана шундай жирканч ҳодиса юз бериши учун муҳитнинг ҳам албатта таъсири бор! Юз берган ҳодиса учун Каттақўргон шаҳрининг каттаконлари ҳам жавоб беришлари керак. Бунинг учун улар олдин истеъфо беришлари керак. Шундан сўнг уларнинг жавобгарлиги доирасини кўриб чиқиш мумкин. Ҳамонки улар шаҳар ИИБ бошлиғи ва шаҳар прокурори лавозимида қолар экан уларнинг жавобгарлиги масаласини кўриб чиқиш қийин бўлади».
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter