Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Океан Япониянинг канализацияси эмас: Хитой японларга «Фукусима» сувидан ичиб кўришни таклиф қилди

Океан Япониянинг канализацияси эмас: Хитой японларга «Фукусима» сувидан ичиб кўришни таклиф қилди

Фото: «Naked-science.ru»

Хитой ташқи ишлар вазири Чжао Лицзянь япон расмийларига Япония Тинч океанига тўкмоқчи бўлган ҳалокатли «Фукусима-1» атом электростанциясидан бир қултум сув ичиб кўришни таклиф қилди. Бу ҳақда у «Twitter»да ёзган.

«Океан — Япониянинг чиқиндихонаси эмас. Тинч океани эса Япониянинг канализацияси эмас. Япониялик амалдорлардан бири бу сувни ичиш мумкинлигини айтди, нега аввал ўзи бир қултум ичиб кўрмаяпти?» — деб ёзади «Twitter»да.

Чжао Лицзянь, шунингдек, Япониянинг «Фукусима-1» сувини тўкиш режалари AҚШ томонидан маъқулланганлигига эътибор қаратди.

«Лекин бу халқаро ҳамжамият томонидан маъқулланишини англатмайди. Aжабланарлиси, АҚШ Японияга саъй-ҳаракатлари учун миннатдорчилик билдирди. Aгар АҚШ атроф-муҳит муҳофазасини қадрласа, у жавобгарликни ўз зиммасига олиши ва икки томонлама стандартларни қўлламаслиги керак», — дея қўшимча қилди Хитой ТИВ раҳбари.

13 апрель куни Хитой Ташқи ишлар вазирлиги Японияга «Фукусима-1» атом электр станциясидан аксар хавфли радиоактив моддалардан тозаланган сувни океанга оқизиш тўғрисидаги қарор юзасидан норозилик билдирди. Хитой ҳукумати ушбу масалани халқаро ҳамжамият билан муҳокама қилмоқчи ва катта эҳтимол билан бир қатор қарши чораларни қўлламоқчи.

Аввалроқ Россия ҳалокатли атом электр станциясидан сув оқизиш оқибатларини баҳолади. Россия Фанлар академиясининг Ширшов номидаги Океанология институти сув ости тадқиқотлари ва синовлари лабораториясининг бошлиғи Константин Рогинскийнинг сўзларига кўра, радиоактив суюқликнинг таъсири аҳамиятсиз бўлиб, экологик фалокатга олиб келмайди.

Aпрель ойида Япония расмийлари «Фукусима-1» атом электр станциясидан сувни океанга оқизишга расман рухсат беришди. Океанга сув оқизишга тайёргарлик жараёни тахминан икки йил давом этади.

2011 йил 11 мартда Япония тарихидаги энг кучли зилзила юз берди: 9,1 балли ер қимирлаши тўлқин баландлиги 40 метрдан ошган цунамини келтириб чиқарди. Табиий офат қирғоққа зарба бериб, «Фукусима-1» атом электр станциясида ҳалокатни келтириб чиқарди. У ерда реакторни совитиш тизими ишламай қолди. Бу иншоотларнинг зичлиги бузилишига ва ҳудуднинг радиоактив ифлосланишига олиб келди. Тахминан 300 минг аҳоли станция атрофидаги ҳудудни тарк этди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг